Янгиликлар 365
Депутатлар иш вақтининг ярмини ўз сайловчилари олдида ўтказишлари парламентаризм ривожига муҳим ҳисса бўлиб қўшилади
Сайлов қонунчилигига партияларнинг парламентдаги ролини янада оширишга қаратилган бир қатор янги қоидалар киритилди. Хусусан, партия рўйхати асосида сайланган депутатлар муайян сайлов округига қарашли бўлмайди. Бунда депутатлар ва сайловчилар ўртасидаги муносабатларни шакллантириш учун асосий масъулият сиёсий партиялар фракциясининг зиммасида бўлади. Шунга мувофиқ, қонунда партия рўйхати асосида сайланган депутатларнинг сайловчилар билан алоқаси тегишлича сиёсий партия фракцияси томонидан белгиланиши мустаҳкамланди.
Бу муҳим жараён бўлиб, пропорционал тизим асосида сайланган депутатлар ҳам партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан белгиланган тартибда сайловчилар муаммоларини ўрганишга фаол жалб этилади ва жойлардаги тегишли масалаларни ҳал этишга кўмакдош бўлади.
Мазкур янги тартибни ҳаётга фаол татбиқ этиш мақсадида “Адолат” СДП депутатлар иш вақтининг ярмини албатта ўз сайловчилари олдида ўтказишини белгиловчи тартибни жорий этиш ташаббусини илгари сурмоқда.
Мазкур ташаббус қуйидаги жиҳатлари билан аҳамиятли ҳисобланади:
биринчидан, депутатлар сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлиш орқали уларнинг муаммоларини, эҳтиёж ва таклифларини тўғридан-тўғри тинглаш имкониятига эга бўлишади. Бу эса халқнинг овози парламентда кўпроқ тингланишига ва қонун ижодкорлиги жараёнида халқ манфаатлари кенгроқ ифода этилишига олиб келади.
иккинчидан, депутатлар ўз сайловчилари олдида бўлган вақтларида уларга ўзларининг иш фаолияти тўғрисида тўғридан-тўғри ҳисобот бера оладилар. Бу эса уларда ўз ишига нисбатан жавобгарлик ва масъулият ҳиссининг ошишига хизмат қилади.
учинчидан, халқ вакилларининг ўз сайловчилари билан яқиндан ишлашлари ижтимоий барқарорликни таъминлашга ёрдам беради, чунки халқ ўз вакиллари билан учрашиб, улар орқали парламент фаолиятида ўз фикр ва муаммоларини ифода эта олишади.
Шу вақтга қадар ҳам бошқа сиёсий партиялар каби партиямиз томонидан “Депутатнинг бир куни”, “Депутат ва ёшлар”, “Муаммо билан юзма юз” лойиҳалари доирасида ҳудудий партия кенгашларидаги ходимлар ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари мунтазам равишда маҳаллаларга чиқилиб, халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиб борилган. Лекин бундай учрашувларнинг Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида ҳам доимий ва тизимли ўтказилишини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Шундай қилиб, депутатлар сайловчилар олдида вақтини кўпроқ ўтказиш орқали наинки уларнинг ишончи ва муҳаббатини қозонишади, балки ўзлари ҳам халқнинг қалбига яқинроқ кириб боришади, депутатлик масъулиятини ҳар қачонгидан кўра теранроқ англай бошлашади. Ҳар бир учрашув ва мулоқот уларнинг келажакдаги қарорларига таъсир кўрсатгани ҳолда янги қонунлар халқнинг ҳақиқий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилишига эришилади.
Фикрингизни қолдиринг