Янгиликлар 548
Долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг бир қатор кодексларига рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ҳамда рақамли далилларни баҳолаш, сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, “Нотариат тўғрисида”ги, “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги ва “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида рақамли далилларни гувоҳлантириш ва уларни текшириш назарда тутиляпти.
Қизғин муҳокамалар ва савол-жавобларга бой ўтган йиғилишда қонун лойиҳаси юзасидан депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиқадиган фракция таклифлари ва муносабати билдирилди.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Йиғилишда кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — “Ер қаъри тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Қонун лойиҳаси билан ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномаларни бериш, ҳисоботларни қабул қилиш ва бошқа соҳадаги давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларида “ягона дарча” принципи жорий этилмоқда. Шунингдек, ер қаъридан барқарор фойдаланиш тамойили киритилиб, оқилона ишлатиш талаблари ер қаъридан фойдаланувчиларнинг мажбурияти сифатида белгиланмоқда.
Шу билан бирга, халқаро амалиётга мос равишда “кадастр майдони” тушунчаси киритилмоқда. Қолаверса, экология ва атроф-муҳитни келгусида асраш мақсадида ер қаъридан фойдаланишда экологик хавфсизликни таъминлашнинг қоидалари назарда тутилмоқда.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор саволларни ўртага ташлашди. Қонун ташаббускорлари ушбу масала юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб ўтди.
Депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ер ости бойликларини масъулият билан геологик жиҳатдан ўрганиш ва улардан фойдаланиш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ишга солиш, барқарор янги иш ўринларини яратиш ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардошликни оширишга хизмат қилишини эътиборга олиб, уни маъқулладилар.
Йиғилишда фракция фаолиятига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Фикрингизни қолдиринг