“Фуқаробай” ишлаш тизими: Аёлга фарзанди учун моддий кўмак берилди

16.06.2021 13:06:08

Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши депутати – Озодахон Дадажонова, Файзулло Мирзаев, туман Кенгаши котибияти бош мутахассиси Шуҳратжон Раҳимовлар "маҳаллабай" ва "фуқаробай" ишлаш тизими орқали аҳолини қийнаб келаётган кўплаб муаммоларни ўрганмоқдалар.

Тумандаги “Янги аср” МФЙ Мустақиллик шукронаси кўчаси 8-уй 14-хонадонида истиқомат қилувчи фуқаро Муҳаббат Раҳимова "Темир дафтар"га киритилган. 1990 йилда туғилган 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзанди Ж.Комиловни 6 йилдан буён даволатиб келади. Бу вақт давомида М.Рахимованинг ўзи ҳам миокард инфаркт касаллиги билан оғриши сабабли ўғлини даволатиш учун зарур маблағни топа олмай қолган. Ваҳоланки,  фуқаро  аввал мазкур масалада туман ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалаларидаги ўринбосарига ҳам мурожаат қилган. 

Депутатлар томонидан мазкур мурожаат туман Кенгашининг навбатдаги сессиясига киритилиб, "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағи ҳисобидан  5 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди.

Ўғлим йиқилиб тушиб, юролмай қолганди, – дейди М.Раҳимова. – Тенгдошлари ўйнаб-кулиб юрганини кўриб, ўксинишини биламан. Улар билан яна бирга ўйнашни, чопқиллаб юришни истайди. Шукрки, ҳаётга  бўлган иштиёқи кучли,  саломатлигида ўзгариш бор.  Шунинг учун муолажаларни мунтазам олиб бориш тақозо этилади.   Маблағ етишмовчилиги эса муолажаларнинг вақтинча тўхтатиб туришга олиб келади.  Ўзга имкон топа олмай моддий кўмак сўрадим. Мурожаатимга бефарқ қарамаганликларидан хурсандман.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+