Янгиликлар 550
Ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгаяди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида назорат остидаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Депутатлар қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида партия сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, таҳлилий ёндашишди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизнинг ички ишлар органлари тизимида маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, маънавий ва жисмоний жиҳатдан ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирги вақтда республикамизда маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахслар ўртасида профилактика чора-тадбирлари амалга оширилаётганлигига қарамай, пробация назоратидаги шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бораётганлиги кузатилмоқда, бу мазкур йўналишдаги ҳуқуқий таъсир чораларининг қайта кўриб чиқилишини талаб этмоқда.
Шунингдек, суд томонидан белгиланган чекловлар ва мажбуриятларга риоя этмаётган пробация назоратидаги шахслар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар юзасидан тезкор ҳамда таъсирчан чоралар кўрилишини таъминлаш учун ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ходимларига қўшимча ваколатларни бериш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахсларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилишини таъминлаш ҳамда ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатларини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Яъни, ички ишлар органлари номидан 1852- ва 187-моддалари бўйича пробация назоратидаги шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомани тузиш ваколати пробация хизматининг катта инспекторига бериляпти.
Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида фракция аъзолари томонидан берилган таклифлар эътиборга олингани ва лойиҳа матнида акс этганлигини алоҳида қайд этдилар.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши пробация назоратидаги шахслар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга ва уларга нисбатан қўлланиладиган таъсир чоралари натижадорлигининг ошишига хизмат қилишини ҳисобга олиб, уни қўллаб-қувватладилар.
Йиғилишда шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузаси ҳам муҳокама қилинди.
Маърузада қайд этилишича, 2023 йилда республика бўйича судлар томонидан жами 6 535 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, ўтган йилга нисбатан жавобгарликка тортилганлар шахслар сони 879 нафарга камайган.
Фракция аъзолари коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига етказилган зарар 2022 йилга нисбатан 608 млрд. сўмга ёки 29 фоизга камайгани, агентликнинг коррупсион ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш борасида олиб бораётган амалий чора-тадбирларининг натижаси эканлигини қайд этишди.
Савол-жавоб ва муҳокамалардан сўнг миллий маъруза маълумот учун қўллаб-қувватланди ва фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Фикрингизни қолдиринг