Янгиликлар 719
Кичкинтойларга қиролдек муомала
Халқимиз болажон халқ. Фарзандлар таълим-тарбияси учун кеча-кундуз қайғуришади, камолоти йўлида жон койитишади. Юртимизда болалар ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимояланган. Бу уларнинг келажаги порлоқ бўлишига мустаҳкам замин яратади, албатта.
Кичкинтойларимизнинг хориждаги тенгқурларининг ҳуқуқлари, улар учун таълим ва тарбия олиш борасида яратилган шароитлар кўпчиликни қизиқтириши табиий.
Японияликлардан бу борада ибрат олса арзийдиган жиҳатлар талайгина. Кунчиқар мамлакат аҳолиси фарзандлар тарбиясига ўта жиддий қарайди.
Бу ерда 5 ёшгача бўлган кичкинтойга қиролдек муомала қилишади. Улар истаганларича ўйнашлари, миясига келган ишни қилишлари мумкин. Ҳаттоки, боғчаларда жажжилар фломастер билан деворга чизиб ўйнашлари учун махсус хоналар мавжуд.
Ота-оналар ўз фарзандларини ортиқча ўйинчоқлар ва кийим-кечак билан сийлашмайди. Улар кўпинча акалари ва опаларидан қолган кийимларни кийишади. Сайрга чиққанда эса болаларда атроф-муҳитга нисбатан меҳр уйғотиш мақсадида турли ўйинлар ўйналади. 6 ёшдан 15 ёшга қадар болаларни тартиб-интизомга ва катталар гапини икки қилмасликка ўргатишади.
АҚШдаги эркинлик бола тарбиясида ҳам ўз аксини топган. Оналар фарзандларининг ҳар бир қизиқиш ва инжиқликларини қондиришга тайёр. Аксарият болалар 4-5 ёшларида ўйинчоқларнинг деярли барча тури билан танишишади. Америкалик болакайлар гўдаклигиданоқ «Сен энг чиройлисан, энг ақллисан, энг қобилиятлисан», деган сўзларни ҳар куни эшитади. Болага бундай муносабатдан мақсад – мустақил инсонни тарбиялаш. Агар бола хато қилса, уни уришмасдан, аксинча, «Яна бир маротаба ҳаракат қилиб кўр. Сен, албатта, буни уддалайсан. Чунки сен зўрсан!», дея қўллаб-қувватланади.
Швецияда болаларга шаклланган шахс сифатида қаралади. Ўтган асрнинг 70 йилларида Швеция биринчилардан бўлиб фарзандига қўл кўтарган ота-оналарни жазолай бошлаган. Боғчаданоқ болалар ўз ҳуқуқларини биладилар. Болани фаол, ўз фикрини билдирадиган, мустақил, олдига қўйган мақсадига эришадиган инсон сифатида тарбиялашга ҳаракат қилишади. Ота-онанинг фарзандига қўл кўтариши, бир нарса сўраса унга тушунтирмаслиги, «йўқ, дедимми, йўқ», дейиши тарбиясизлик ҳисобланиб, қонун олдида жавоб беришига тўғри келади. Ижтимоий хизмат ходимлари ҳудуддаги ота-оналарнинг фарзандларига нисбатан хатти-ҳаракатидан доимий хабардор бўлиб туришади. Агарда сал ножўя ҳаракат сезилса, суд орқали бола ота-онадан тортиб олинади. Судлар фақатгина бола манфаатидан келиб чиққан ҳолда иш кўради.
Финляндия – дунёдаги энг болажон мамлакат. Жисмоний имконияти чегараланган болалар ҳам оддий боғча ва мактабларга боришади. У ерда ногирон ва соғлом болага ажратиш йўқ. Барча таълим муассасалари ҳамда жамоат жойларида болаларга мўлжалланган майдончалар, махсус хоналар мавжуд. Кафеларда болалар учун таомномалар, жамоат транспортида эса алоҳида ўриндиқлар бор.
Германияда болаларга 3 ёшдан бошлаб катта эътибор берилади. Ёшлигидан тежамкорлик, интизомли бўлиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, одоб-ахлоқли бўлиш ўргатилади. Болаларга кичик ёшида телевизор кўришга рухсат берилмайди ва эрта туриш учун соат 20.00 да ухлашга ётқизилади.
Мактабларда бошланғич синфлардаги барча фанлар ўйин тарзида ўтилади. Мактаб 9 йиллик бўлиб, ўқувчи шаънига путур етмаслиги учун ҳаттоки назорат ишлар баҳолари синфда эълон қилинмайди, ота-оналарга алоҳида айтилади. Бола бир кун дарс қолдирса, таълим полицияси дарҳол бунинг сабабларини аниқлашга киришади. Сабабсиз ҳолат бўлса, ота-онага жарима солиши мумкин. 9 ёшга кирмаган болани уйда ёлғиз қолдириш мумкин эмас. Шу сабабли, оналар ярим ставкада ишлашга ёки энага ёллашга ҳаракат қилишади.
Абдували Кабиров,
"Адолат" СДП
Андижон шаҳар кенгаши фаоли.
Фикрингизни қолдиринг