Коррупцияга қарши муросасиз кураш йўлида

24.03.2021 15:03:22

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган Миллий стратегияси лойиҳасига Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан таклифлар берилмоқда.

Қуйида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов томонидан илгари сурилган ғояларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Президентимиз Мурожаатномада “Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур. Коррупция ўта оғир жиноят экани ва унга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандларимизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатишимиз лозим” деб таъкидладилар.

Шу нуқтаи назардан партиямиз томонидан коррупцияга қарши курашиш ва унинг жамият ривожига салбий таъсирини юртимиз аҳолисига, айниқса ёшларга етказиш мақсадида юзга яқин муносабат ва чиқишлар, тадбирлар ташкил этилди. Бундан ташқари “Коррупция – ёшлар тасаввурида” иншолар танлови қарийб 10 мингга яқин мактабларда ўтказилди. Улар партиянинг расмий веб-сайтида ташкил этилган алоҳида рукн остида ҳамда ижтимоий тармоқларда, шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиоканалларида ёритилганлигини, бу ишлар давом этаётганлигини маълум қилмоқчиман.

Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган Миллий стратегияси лойиҳасини сиёсий партия вакили, ҳам жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида мамлакатимиз тараққиёти учун ниҳоятда муҳим ҳужжат эканлигини, бу лойиҳа устидан ишлаганлар жуда долзарб масалаларни қамраб олганлигини эътироф этаман ва қуйидаги таклифларимни айтиб ўтмоқчиман:

  1. Миллий стратегия структурасига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Миллий стратегия муқаддимадан бошланган ва у 1-бўлим сифатида кўрсатилган. Ваҳоланки, муқаддима кириш қисми бўлиб, бу ҳужжатнинг мазмунини ташкил этмайди. Шу сабабли уни бўлимлар рўйхатидан чиқариш ва 7-бўлимни “хотима” деб ўзгартириш, Миллий стратегиянинг мазмун-моҳиятини белгиловчи 5 та бўлим қолдириш таклиф қилинади. Бунда, II ва IV бўлимларнинг кетма-кетлигига эътибор қаратиш, жумладан, Миллий стратегиянинг мақсад ва вазифалари бўлими коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларидан олдин туриши мақсадга мувофиқ. Лойиҳада 2-бўлим ҳисобот берувчи манбага ўхшаб қолган.
  2. Миллий стратегия лойиҳаси 2021-2025 йилларга мўлжалланган ҳамда вазифалар белгиланган бўлсада, уларнинг амалга оширилиши муддатлари аниқ белгиланмаган. Маълумки, вазифалар муддати мавҳум бўлса, амалга ошмай қолиши эҳтимоли кўпаяди.
  3. Коррупцияга қарши курашиш борасида жавобгарликни кучайтириш муҳим вазифлардан бири саналади. Биз коррупцияга қарши курашишнинг тарихан ўз исботини топган йўли кучайтирилган жавобгарлик деб ҳисоблаймиз. Шу боис, коррупциоген ҳаракатларни содир мансабдор шахсларга нисбатан жазо чораларини янада кучайтириш, жумладан, етказилган зарарни ўн баробари миқдорида ундириш масаласини Стратегия лойиҳасига киритишни таклиф қиламиз. Афсуски, баъзи раҳбарлар фаолиятида бундай салбий иллатлар мавжуд. Энг ёмони, уларнинг ўз тизимларида коррупция ва бюрократияга йўл қўйиб беришларида қонунни менсимаслиги намоён бўлмоқда. Маълумки, Хитой Халқ Республикасида коррупция жиноятини содир этганларга отиб ўлдириш жазоси қўлланилади. Эътиборли жиҳати, ҳаттоки шу ўқ нархи ҳам давлат харажатидан қопланмайди, балки ҳукм қилинган шахс харажатни қоплагунча меҳнатга жалб этилади. Тўғри, бизда ўлим жазоси йўқ. Аммо, кучайтирилган жазо турлари мавжудку... Агар биз қонун ҳужжатларида белгилаб қўйсак, қўшимча жазо сифатида давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан умрбод ёки узоқ муддатга маҳрум этиш; уларга нисбатан амнистия, афв этиш, шартли озод қилиш каби енгиллик берадиган чораларни қўлламаслик ҳам мумкинку.
  4. Лойиҳа III бўлимининг амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг Саккизинчи таклифидаги “... еказилган зарарни ўрнини қоплашнинг” жумласини “... еказилган зарарни ўрнини ўн баробар миқдорида қоплашнинг” деб ўзгартиришни таклиф қиламиз. Бу ҳам бошқа давлатлар амалиётида бор. Масалан, Россия Федерациясининг амалдаги қонунчилигида пора олган мансабдор шахсга нисбатан озодликдан маҳкум қилиш жазосидан ташқари, олган пора суммасининг 10 баробаридан 100 баробаригача миқдорда молиявий жазо чораси қўллаш ҳам кўзда тутилган.
  5. Тегишли норматив ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ваколатларини кенгайтириш лозим. Биз мамлакатда ягона тергов органи бўлиш тарафдори сифатида чиққанмиз ва бу позициямизда қатъий қоламиз. Лекин, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тезкор-қидирув, суриштирув, тергов босқичларида ҳар қандай ишни назорат қила олсин ва унинг натижасидан хабардор бўлсин. Масалан, мана ҳаммамиз тез-тез гувоҳ бўлиб турадиган қурулишлардаги коррупциоген ҳолатлар. Ўндан ортиқ мансабдор шахслар имзо қўймаса, иншоот қурилиши бошланмайди. Лекин жавобгарликка келганда рухсат берганлар четда қолиб яна ҳаракатини давом эттириб кетаверади.
  6. Лойиҳанинг 14-бети, 7-хатбошисидаги “муқаддам коррупцион хатти-ҳаракатлари туфайли зарар етказган компанияларнинг қора рўйхатини шакллантириш. Уларни маълум бир вақт давомида тендер (танлов) савдоларидан четлаштириш” жумласини “муқаддам коррупцион хатти-ҳаракатлари туфайли зарар етказган юридик ва жисмоний шахсларнинг қора рўйхатини шакллантириш. Уларни умрбод муддатга тендер (танлов) савдоларидан четлаштириш” деб ўзгартириш.
  7. Лойиҳанинг 17-бети, охирги хатбошидаги жумлани тегишли равишда “Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган мансабдор шахсларнинг реестирини юритиш ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг расмий веб-сайтида жамоатчиликка эълон қилиб бориш” деб ўзгартириш.
  8. Лойиҳанинг IV бўлимидаги Миллий стратегиянинг асосий вазифалари сифатида нафақат судларда ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш, шунингдек, бевосита аҳолининг кундалик фаолияти билан бевосита боғлиқ соҳалар: таълим, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари тизимидаги коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ҳам фаолиятни кучайтириш таклиф этилади.
  9. Лойиҳанинг V бўлими, 22-бетдаги 4-хатбошисини “давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларнинг самарали ижтимоий ҳимоя қилинишида, моддий таъминот олишида ва рағбатлантирилишида шаффофликни таъминлаш” деб ўзгартириш.
  10. Лойиҳанинг V бўлими, 22-бетдаги 11-хатбошисини “... тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини масофавий текшириш тизимини такомиллаштириш ...” деб ўзгартириш.
  11. Лойиҳанинг VI бўлими, 25-бетдаги 2-хатбошисини “ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияга дегандан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига деган сўзларни киритиш таклиф қилинади.

Партия томонидан илгари сурилган яна бир муҳим масала, давлат ундирувларининг (жарима, бож ва бошқа) бюджетдан ташқари ҳаракатланишидир. Бу айрим даромад қилувчи органларнинг одамлар устидан зулм ўтказишига сабаб бўлади. Барча ундирувлар фақат давлат бюджетига ундирилиб, сўнгра вазирлик ва идораларга тақсимланиши турли ички коррупцияларнинг олдини олади, деб ҳисоблаймиз. Бу маблағлар тўғридан тўғри ва тўласинча давлат бюджетига ундирилса, Олий Мажлис палаталари ва Ҳисоб палатаси назоратида бўлади ва ўзбошимчалик билан сарфланишига йўл қўйилмайди. Миллий стратегияда ана шу масалага ҳам эътибор қаратилишини сўраймиз.

 

Абдукамол РАХМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+