Кучли парламент ва халқ вакиллик органлари – Янги Ўзбекистон таянчи

23.08.2024 10:08:01

 

Парламент назоратини ташкил этиш, амалга ошириш ва такомиллаштириб бориш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуни парламентнинг назорат функциясини амалга оширишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Қонунчилик палатаси «Парламент эшитувлари», «Парламент сўровлари» ва «Ҳукумат соати» ўтказиляпти. 2023 йил биринчи ярим йиллигида 13 маротаба «парламент эшитуви» ўтказилган бўлса, ҳозирда бундай эшитувлар сони 17 та етди.  Бунда давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ахбороти эшитилди.

Парламент назоратининг муҳим шаклларидан бири «Парламент эшитуви» бўлиб, жамият ҳаётидаги долзарб муаммо ва камчиликларни ўз вақтида аниқлаб, ижро ҳокимияти эътиборини қаратиш орқали уларни самарали ҳал этиш имконини беради. Сайловчиларни қийнаб келаётган тизимли масалаларни ечиш ҳамда уларнинг олдини олиш борасида таъсирчан парламент ва депутатлар назоратини амалга оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, давлат органларининг мансабдор шахсларига муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан 8 та парламент сўрови юборилди.

Жумладан, Қонунчилик палатасининг 2024 йил 2 июль куни бўлиб ўтган мажлисида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.Ҳидоятовга «Қурилиш соҳасининг шаффофлигини таъминлаш ва қурилиш ишларини кузатиб бориш учун жамоатчиликка имконият яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилди. Қонунчилик палатаси мажлисида мазкур парламент сўровига юборилган жавобни кўриб чиқдилар. Ялпи мажлисда Парламент сўровига жавобда кўтарилган масалалар бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилгани эътиборга олиниб, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.

Қонунчилик палатасида «Ҳукумат соати» институти имкониятларидан самарали фойдаланилди. Сўнги йилда 4 маротаба «Ҳукумат соати» ўтказилиб, уларда 4 нафар вазир депутатларнинг саволларига жавоб берди. Хусусан, ўтган ҳафта Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган «Ҳукумат соати»да депутатларнинг шаҳарсозлик бўйича миллий стандартлар, замонавий қурилиш технологиялари, рақамлаштириш жараёнлари, шунингдек соҳадаги давлат назоратини янада кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги саволларига Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. Ҳидоятов жавоб берди.

Муҳокамалар давомида депутатлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини такомиллаштириш, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва экспертиза қилишда уларга риоя этиш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида  эътибор қаратдилар. Шунингдек, жойларда ўтказган ўрганишлари, сайлов округларидаги учрашувлари ҳамда фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммолардан келиб чиқиб, вазирга бир қатор саволлар билан юзланди.

Хусусан, Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзолари пойтахт ва ҳудудларда янги барпо этилаётган кўп қаватли уй-жойнинг том қисмида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид равишда хонадонлар қурилаётганини айтиб, бу ҳолатлар тизимли муаммога айланмаслиги учун уларнинг олдини олиш бўйича вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишлар билан қизиқди.

Вазирнинг фикрича, электрон платформада барча қурилиш материаллари, қилинаётган ишлар ресурслари киритиб борилади. Маълумотлар киритилган вақтда назорат инспекцияни платформаси билан интеграция қилинади. Шунда вазирлик онлайн равишда олиб борилаётган ишларни назорат қилиб боради. Бу орқали ноқонуний қурилишларнинг олди олинади.

Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзолари яна бир масала, ҳозирда фуқаролар томонидан коммунал хизматлар учун тўловлар «Менинг уйим» электрон тизими орқали амалга оширилаётгани, лекин ушбу тизим автоматлаштирилган ҳисоб-китоб тизимига уланмагани сабабли коммунал тўловларни ҳисоб-китоб қилиш билан боғлиқ қатор муаммолар юзага келаётганлигини қайд этдилар.

Бундан ташқари, депутатлар томонидан сайловчилар билан учрашувлар жараёнида аҳоли томонидан автотураргоҳлар етишмовчилиги бўйича муаммолар кўтарилаётгани, жойларда қурилган кўплаб турар жой ва бошқа объектларга турли қурилмалар ўрнатилгани транспорт воситаларини эркин кириб-чиқишини чеклашга, оддий аҳолининг автотураргоҳлардан фойдаланишига тўсқинлик қилаётганлигини таъкидлаб, бу борада вазирлик томонидан қандай ишлар амалга оширилаётганлигини сўрадилар.

Вазирлик мутасаддилари томонидан норматив ҳужжатларга кўра, энди қурилаётган барча кўп қаватли уйларда ҳар бир хонадонга 1 тадан автотураргоҳ учун жой ажратилмаган бўлса, мана шу архитектура қурилиш режалари учун рухсат берилмаслигини қайд этди. Ҳозир Автомобиль назорати инспекцияси билан ҳамкорликда шаҳарсозлик кодексига қўшимча ўзгартириш киритиш бўйича лойиҳа тайёрланаётгани ва тез орада парламентга киритилишини билдирилди.

Шундан келиб чиқиб, депутатлар шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назорати таъсирчанлигини янада ошириш бўйича ўз нуқтаи назарлари, фикрлари, таклиф ва тавсияларини бердилар. Ушбу институт давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан назоратни янада кучайтириш, давлат дастурлари ҳамда қонунлар орқали белгилаб берилган нормаларнинг масъул идоралар томонидан сўзсиз бажарилишига эришишда муҳим воситага айланмоқда.

Бугун Ўзбекистонда барча соҳадаги ислоҳотлар чуқурлашиб, демократик янгиланишлар ўзининг сифат жиҳатидан янги поғонасига кўтарилиб бораётганини, энг муҳими, фуқароларнинг онгу-тафаккурида кечаётган ўзгаришлар юрт қиёфасида ўз инъикосини топаётганлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси келгусида ҳам давлатимиз раҳбарининг халқимиз фаровонлиги, беқиёс Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига қаратилган Янги сиёсий йўлининг фаол иштирокчиси ва давомчиси бўлиб қолиши ҳам айни ҳақиқатдир.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, «Кучли парламент ва халқ вакиллик органлари-Янги Ўзбекистоннинг таянчи»дир.

 

 

Дилшод ҲАМЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+