Янгиликлар 1376
Мактаб ва ўқувчилар тақдири: нега иситиш тизими йўлга қўйилмаган?
Ҳароратнинг совиб бориши, умумтаълим мактабларида иситиш тизими борасида муаммоларни юзага келтиради. Агар мактаблар куз-қиш мавсумига етарлича тайёргарлик кўрсалар, ўқувчилар иссиққина хоналарда таълим олишлари мумкин, агар бунга лоқайдлик билан қаралган бўлса, унда ҳолатни тасаввур этиш қийин эмас.
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати М.Раҳимов, партиянинг туман Кенгаши қошидаги «Аёллар қаноти» раиси М.Султонова билан биргаликда мазкур масала юзасидан тумандаги 50-, 67- ва 30-сонли умумтаълим мактабларида бўлиб, ўрганиш олиб борилди.
Хусусан, 30-сонли умумтаълим мактабидаги куз-киш мавсумига тайёргарлик ҳолати умуман талабга жавоб бермайди. Омбор мавжуд лекин қозонхоналар ўрнатилмаган. Болалар совуқ хоналарда қалин устки кийимларда ўтиришибди. Яқинда мазкур мактабда таъмирлаш ишлари олиб борилганига қарамай, аҳвол қониқарли эмас. Биринчи ўқув биноси томининг шиферлари синиқ, яхши ёпилмаган. Биз мактаб директори билан суҳбатимиз чоғида мазкур камчиликларни нега шу кунга қадар халқ таълими билан келишилган ҳолда бартараф этилмаганлигига қизиқдик. Мактаб директори бу масалада ташкилотлар томонидан ўрганишлар олиб борилгани, лекин шундан кейин ҳам ўзгаришлар кузатилмаганлигини билдирди. Таълим даргоҳида ҳолат чиндан ҳам ташвишланарли. Энг ачинарлиси, негадир мутасаддиларнинг хатти-ҳаракатлари, ҳаттоки мактаб директорининг ҳам бир маромдаги гапларидан лоқайдликнинг саси келади. Биз бу масалани туман халқ таълими бўлими билан муҳокама қилишга келишиб олдик.
Ўрганишларимизни давом эттириб, 50-сонли умумтаълим мактабидаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати билан танишдик. Кўмир ва ўтин захираси мавжуд. Иситиш қозонхоналари сифатли ишлаганлиги учун синф хоналари иссиқ. Ўқувчилар яхши билим олишлари учун барча шароитлар яратилган. 67-сонли умумтаълим мактаби ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Мавсумга тайёргарлик яхши ташкил этилган. Бешта иситиш қозонлари ўрнатилган бўлиб, бир маромда ишлаб турибди. Бундан жуда хурсанд бўлдик. Ахир эртамиз эгаларининг яхши билим олишлари, уларнинг саломатлиги учун бу жуда муҳим.
Шунингдек, ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни тегишли тартибда бартараф этилиши юзасидан тавсиялар берилди.
Шоҳиста Мамажонова,
«Адолат» СДП Қува туман Кенгаши раиси.
Фикрингизни қолдиринг