Янгиликлар 595
Меҳр бор дилларда эзгулик яшар!
Ўзбекистон «Адолат» СДП Марказий аппарати ташаббуси билан ўтказиб келинаётган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик акциясининг Қашқадарё вилоятида ўтказилган бу йилги мавсумида 458 нафар олижаноб, мурувватли инсон қатнашишди. 197 нафар донор жами 88 литр 650 грамм миқдорида қон топшириб, бемор болажонларнинг хасталикни енгишига ўз ҳиссасини қўшишди.
Шунингдек, азим Қашқадарёга етиб келган «Меҳр карвони» лойиҳаси саховатпеша кишилар, мурувват соҳибларини бир мақсад йўлида бирлаштирди.
Лойиҳа доирасида вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган навбатдаги хайр-саховат тадбирининг асосий манзили — Қашқадарё вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасининг гематология, онкология бўлими бўлди. Тадбир иштирокчилари айни пайтда 55 нафар бемор болажон даволанаётган бу ердаги болалар ҳолидан хабар олиб, улар билан келгусидаги режалар тўғрисида дилдан суҳбатлашишди.
Унда вилоят Ҳалқ қабулхонаси ходимлари шифохонадаги эҳтиёжманд, кам таъминланган оила фарзандларига 3 миллион сўмлик моддий ёрдам пулини топширишди. Шунингдек, «Адолат» СДП вилоят Кенгаши аъзолари ва «Юрт таровати» газетаси таҳририяти жамоаси 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан болажонларни табриклаб, уларга байрам совғаларини улашди.
Дарвоқе, вилоятда кенг қулоч ёзган «Бор меҳримиз сенга, болажон» акцияси, «Меҳр карвони» лойиҳасида Миришкор ва Нишон туманида фаолият олиб бораётган партиядошларимиз ҳам ўз инсоний бурчини сидқидилдан адо этиб, кўпчиликка намуна бўлдилар.
Хайр-саховат, меҳр-мурувват йўналишидаги бу каби эзгу тадбирларда истиқболимиз эгаларига қайта ҳаёт улашишга, уларнинг кўнглини кўтаришга ҳисса қўшган барча воҳадошларимиз «Адолат» СДП вилоят Кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
«Адолат» СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг