Янгиликлар 510
«Мен «Адолат»ни танладим!»: ҳудудларда имзо йиғиш тадбирлари бошланди
«САЙЛОВДАГИ МУНОСИБ ИШТИРОКДА ПАРТИЯДОШЛАРИМИЗ БИЛАН ЕЛКАМА-ЕЛКА ТУРИШНИ МАҚСАД ҚИЛДИМ...»
Хабарингиз бор, 31 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари рўйхатга олиниб, уларга партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчилар имзосини тўплаш учун белгиланган намунадаги имзо варақалари топширилганди. Сайлов қонунчилигига кўра, сиёсий партиялар октябрда ўтказилиши белгиланган сайловда иштирок этиши учун камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаши зарур. Ҳар қандай мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим жараёнлардан бири бу – сайлов. Демократиянинг бу талабини жадаллаштириш ҳам ушбу сиёсий тадбирда фаол иштирок этишга боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан ҳудудларда ўтказилаётган имзо йиғиш жараёнлари айни дам қизғин паллага кирди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Жумладан, Нукус шаҳридаги «Дўстлик уйи»да партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган имзо тўплаш жараёнида 100 дан ортиқ қорақалпоғистонлик юртдошимиз партия мақсад ва вазифаларини маъқуллаб, фуқаролик позициясини имзо варақаларида намоён этди. Қувонарлиси, қувватловчилар орасида турли миллат вакиллари, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар салмоғи юқори.
–Партиянинг Қорақалпоғистон кенгаши билан ҳамкорлик алоқаларимиз давом этаётганига кўп вақт бўлди, -дейди Рус миллий-маданий маркази ходими Светлана Лихицкая.-Айнан унинг миллатлараро дўстликни тарғиб этишга қаратилган самарали лойиҳаларини юксак баҳолаб, марказимизда тадбирлар, дўстлик кечаларини улар билан ўтказишга катта эътибор беряпмиз. Албатта, бу ҳамкорлигимиз давомий бўлиши учун ўз имзомиз билан Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг сайловдаги иштирокини қўллаб-қувватладик.
Жараён партия ташкилотлари раислари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиянинг «Аёллар қаноти» ва «Ёшлар қаноти» аъзолари иштирокида иш, хизмат, ўқиш ва яшаш жойи, шунингдек, имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда очиқ-ойдин амалга оширилмоқда.
Хоразм вилояти
Ўтган беш йил давомида партия Сайловолди дастурининг ҳаётга самарали татбиқ этилгани, сайловчилар қалбидан муносиб жой эгаллангани сайловни ташкил этишнинг муҳим босқичи бўлган имзо йиғиш жараёнида ўз ифодасини топади, десак муболаға бўлмас. Бу ўз навбатида, партиянинг сайловда муносиб қатнашишидаги бирламчи омилдир.
–Шаҳримиздаги боғда имзо йиғиш тадбири бўлаётганини эшитиб, партиянинг шиорлари акс этган ва дид билан безатилган имзо йиғиш бурчагига биринчилардан бўлиб келдим, -дейди Урганч шаҳридаги Кўҳна қалъа маҳалласи раиси Гавҳар Ҳасанова. – Айтишим мумкинки, бу партияга меҳрим бўлакча, фаолларини доим одамлар орасида оғирини енгил қилаётган пайтида учратиб қоламан. Партия томонидан аёллар орасида онкологик касалликларнинг олдини олишга қаратилган тиббий кўрикларда ҳам бир неча бор иштирок этганман. Ҳеч иккиланмай «Адолат» учун имзо қўйиб, сайловда ғолиб бўлиши учун фаоллар билан елкама-елка туришни мақсад қилдим.
270 нафар хоразмлик буни теран англаган ҳолда партия таклифлари, бераётган ваъдаларидан келиб чиқиб, танлов имкониятини амалга оширишди. Урганч шаҳридаги Амир темур номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилган тадбирда уларга партиянинг амалга оширган ишлари, илгари сурадиган ғоялари ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Бухоро вилояти
Сайловнинг муҳим қисми бўлган имзо йиғиш жараёнлари Ўзбекистон «Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан уюшқоқлик билан бошлаб юборилди. Санитария ва эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Бухоро шаҳар бўлимида партия вакиллари томонидан имзо берувчи кўнгиллиларга барча шароитлар яратилиб, ажратилган жойлар сайлов шукуҳида безатилди.
– «Адолат» партиясига ишонч билдириб, уни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўнгилли равишда имзо йиғиш жойига келдим, -бўлим ҳамшираси Хуршида Абдурасулова. - Сабаби партия фаолияти мени доимо қизиқтирган. Масалан, ўтган июнь ойида вилоят кенгаши томонидан ўтказилган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз хайрия донорлик акциясини кузатиб, партиянинг бундай савобли лойиҳалари кўп эканини билдим. Шу жиҳатдан ушбу партияни сайловда иштирок этишини истаб имзо чекдим.
Имзо йиғиш жараёнида партия Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосари Иномжон Қудратов ҳам иштирок этиб, яратилган шарт-шароитлар, тарғибот воситалари ҳолати билан танишди. Шунингдек, ҳудудий кенгашнинг масъул ходимларига жараённи юқори савияда ўтказиш учун ўз тавсияларини берди.
Фарғона вилояти
Фарғона шаҳридаги Аҳмад ал-Фарғоний номли истироҳат боғида ташкил этилган имзо йиғиш жойига фуқароларнинг сиёсий билимини ошириш, сайлов қонунчилигидан хабардорлигини оширишга қаратилган маълумотлар, кўргазмали воситалар, партия шиорлари жойлаштирилди.
– «Адолат» партияси ёшлар учун жуда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда, - дейди талаба Сабринабону Неъматова. -Шахсан ўзим Сиёсий Кенгаш томонидан ўтказилган «Конституция билимдони» республика кўрик танловида иштирок этиб, биринчи ўринни эгалладим. Бу орқали бутун маҳалламиз эътирофига сазовор бўлдим. Бу мени ғурурлантиради. «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳасини нафақат ўрта ва олий таълим даргоҳларида ўқиётган, балки уюшмаган ёшларни бирлаштирувчи катта лойиҳалардан, деб биламиз. Шу боис ҳам биринчилардан бўлиб, партиямизнинг муносиб номзодлари сайловларда иштирок этиши ва юқори натижаларни қўлга киритиши тарафдориман. «Адолат» партияси, халқимиз ва Ватанимиз келажаги учун кўпроқ эзгу ишларни амалга оширишнинг энг муҳим босқичда турибди.
Маълумот ўрнида, «Адолат» партиясининг бугунги кунда Фарғона вилоятида 500 дан зиёд бошланғич партия ташкилоти ва уларда 71 минг 350 нафардан зиёд аъзо мавжуд. Айни пайтда ҳам партия сафи фидойи инсонлар ва шижоатли ёшлар билан янада кенгайиб бормоқда. Имзо тўплаш жараёнида партиянинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва сиёсий соҳадаги, шунингдек, қонун устуворлиги ҳамда адолатли жамият қуриш йўлидаги саъй-ҳаракатлари кўплаб юртдошларимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, ижобий фикрлар билдирилди.
Андижон вилояти
Айни кунларда республикамизда сайлов кампаниясининг муҳим тадбирларидан бири – имзо йиғиш жараёни қизғин бормоқда. Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон вилоят Кенгаши томонидан ҳам жойларда аниқ режа асосида ташкил этилаётган тадбирлар партияга хайрихоҳ бўлган кўнгилли фуқароларимизнинг фаоллиги билан ўтмоқда. Жумладан, Хонобод шаҳрида ўтказилган имзо йиғиш тадбирига маҳалла фаоллари биринчилардан бўлиб чиқдилар.
– Мен «Адолат» партияси фаолиятини узоқ йиллардан буён қизиқиш билан кузатиб бораман, -дейди фуқаро Ўткирбек Зокиров. -Партиянинг тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, айниқса, сифатсиз дори воситалари савдосига қарши эканлиги менга маъқул. Ишонаманки, сайловларнинг Ватанимиз тараққиётидаги аҳамиятини яхши англаган юртдошларимиз ушбу муҳим сиёсий жараёнда муносиб иштирок этадилар.
Партиямизнинг сайловда иштирокини қўллаб-қувватлаётганлар «Адолат» СДПнинг фаолияти, мақсад ва ғоялари тўғрисида ўз фикрларини билдирдилар. Партиямизнинг жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, таълим тизимига ўзгартиришлар киритишга қаратилган ташаббуслари аҳоли вакиллари томонидан эътироф этилди.
Наманган вилояти
«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши томонидан Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида имзо йиғиш жараёни бўлиб ўтди.
–Партиямизнинг сайлов компаниясидаги энг муҳим жараёни — имзо тўплашга қаратилган тадбирларни мунтазам ўтказиш режамизда бор, -дейди партия фаоли Шаҳзод Нўмонов. -Ушбу тадбир юқори савияда олдингиларидан мутлақ фарқли равишда уюшқоқликда, шаффоф тарзда ташкиллаштирилди. Имзо йиғиш пунктларига келаётган фуқароларга партия ҳақида унинг ходимлари томонидан батафсил маълумотлар берилди. Бу эса фуқароларда партия фаолиятидан хабардорлигини оширишга хизмат қилади.
Унда Сиёсий Кенгаш раисининг биринчи ўринбосари Абдукамол Раҳмонов ҳам иштирок этиб, сайловчилар имзосини йиғиш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ўз тавсия ва таклифларини билдирди.
Жиззах вилояти
Жиззах вилоят Кенгаши томонидан ҳам жойларда партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчилар имзосини йиғиш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирларидан бири жорий йилнинг 6 август куни Ўзбекистон миллий университети Жиззах филиалида бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари, депутатлар, университет ўқитувчилари ва талабалари, бошланғич партия ташкилоти аъзолари иштирок этишди.
-Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватлаш бу сайловчининг ихтиёрий хоҳиши ҳисобланади, - дейди Ўзбекистон миллий университети Жиззах филиали ўқитувчиси Сарвиноз Отамуродова. -Бунинг учун сайловчи сиёсий партиянинг дастури ва амалий фаолияти билан яқиндан таниш бўлиши керак. Шу ўринда жойлардаги бошланғич партия ташкилотлари раислари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиянинг «Аёллар қаноти» ва «Ёшлар қаноти» аъзоларининг ёрдами билан бу жараён қамрови кун сайин ортиб бораётганини таъкидлаш ўринли, менимча. Юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро ушбу жараёнга бефарқ эмаслигини имзо тўплаш жараёнидаги фаоллиги орқали ҳам кузатишимиз мумкин.
Жиззах вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Пўлат Ҳамзаев томонидан фуқароларга сиёсий жараёнларда партия томонидан амалга оширилаётган ишлар, бу жараённинг мазмун-моҳияти, сайловда фаол иштирок этиш ҳамда партиянинг иштирокини қўллаб-қувватлашга доир имзо варақасини тўлдириш талаблари ва мақсади тўғрисида атрофлича маълумотлар бериб ўтилди.
Тошкент шаҳри
Ўзбекистон «Адолат» СДП жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этиш учун имзо йиғишга киришди. Партия вакиллари томонидан Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида бу жараён юқори уюшқоқлик билан ўтказиляпти.
Унда Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Муҳаррам Дадахўжаева бошчилигидаги партия вакиллари оммавий ахборот воситалари ходимлари ва фуқароларга партия фаолияти хусусида керакли тушунчалар беришди.
– Бизнинг партиямизни қўллаб-қувватлаш истагида бўлган, хайрихоҳларимизга, ғояларимизга бефарқ бўлмаган юртдошларимизга қулай бўлиши учун мавжуд барча шароитларни яратдик, -дейди Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Алишер Тоштемиров. -Бундан ташқари, имзо йиғиш пунктимиз зарур ахборот технологиялари билан ҳам таъминланган. Имзо қўйиш ва партиямизни сайловда қўллаб-қувватлаш учун йиғилган ватандошларимиз ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан жавоблар олишди. «Буюк ипак йўли» метроси олдида ташкил этилган имзо йиғиш жойи фуқароларга қулай бўлиши учун барча замонавий ахборот технологиялари билан таъминланди ва уларга тажрибали мутахассисилар жалб этилди.
Самарқанд вилояти
6-август куни партиянинг Самарқанд вилоят Кенгаши раис ўринбосарлари А.Холиқов, Л.Сайидова ҳамда Ургут туман Кенгаши раиси З.Абдураҳмоновалар бошчилигида Ургут туман Тиббиёт бирлашмасида имзо йиғиш тадбири ўтказилди. Унда 300 га яқин юртдошимиз партиянинг амалга ошираётган ишлари, турли соҳалар ривожига қаратилган таклиф ва ташаббуслари билан танишиш баробарида ўз имзоси билан жорий сайловдаги иштирокини қўллаб-қувватлашди.
-Ўзбекистон «Адолат» социал- демократик партияси ёшларга каттадан-катта имкониятлар эшигини очилишида етакчи вазифасини бажаряпти, дея оламан, -дейди муҳандис Хуршид Насимов. -Хабарингиз бўлса керак, яқинда давлат раҳбари томонидан олий таълим тизимида муҳандислик касб ихтисослиги ўқитишни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди ҳамда бир қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда муҳандисликни ривожлантириш, соҳада кадрлар тайёрлаш сифати оқсаётганди. Видеоселектордан сўнг партия етакчисининг мавзуга доир ижтимоий тармоқларда эълон қилган муносабати эътиборимни тортди. Муносабатда партия илмий ва инженер-техник ходимлар манфаатларининг самарали ҳимоясини таъминлашга ҳам жиддий эътибор беришни мақсад қилгани маълум қилинган экан. Ўйлайманки, партия келгусида ҳам бу йўналишдаги ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этиб, ўз таклиф ва ташаббуслари билан жараённи қўллаб-қувватлайди.
Самарқанд вилояти бўйлаб партиянинг барча ҳудудий Кенгашларидаги партия вакиллари, аъзолари, депутатлар ва фаоллар иштирокида сайловчиларнинг имзосини тўплаш корхона ва ташкилотларда давом этмоқда.
Қашқадарё вилояти
Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга тайёргарлик кўришга старт берилган кундан буён Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши тизимидаги партия тузилмаларида сиёсий ўқувлар, турли хил тадбир ва лойиҳалар ташкил этиляпти. Воҳадаги «адолатчилар» ўз фаолиятида қонунийлик, ошкоралик ва адолатлилик принципларига қатъий амал қилган ҳолда сайловни миллий қонунларимиз, бой тажрибамиз ва умумэътироф этилган халқаро стандартлар талаблари асосида юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга катта тайёргарлик кўрмоқдалар. Бунда партиянинг шаҳар, туман Кенгашлари раислари, депутатлар, партия фаоллари иштирок этяпти. Шу билан биргаликда 40 минг нафардан ортиқ партия хайрихоҳларни ҳам сиёсий жараёнга яқиндан ёрдам бермоқда.
7-август куни вилоят Кенгаши томонидан Қарши давлат университетида ўтказилган имзо тўплаш жараёни ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Ёшлар, нуронийлар, ўқитувчилар, шифокорлардан иборат шаҳар жамоатчилиги партиянинг сайловдаги иштирокини қизғин қўллаб-қувватлашди.
– «Адолат»нинг қонун устуворлигини таъминлаш, барча жабҳада очиқлик, ошкоралик ва шаффофликка эришиш борасида “Адолат –ҳар бир инсон учун!” шиорини бош мақсад қилгани эътиборлидир, -дейди Қарши давлат университети талабаси Дилноз Ўралова.- Шу сабабли ҳам сиёсий кучни сайловларда иштирок этиши учун имзо қўйдим. Имзо тўплаётган партия вакиллари томонидан фуқароларни мажбурлаш ва ўзига оғдириб олиш ҳолатларига йўл қўйилмаяпти. Тушунтириш ишлари яхши йўлга қўйилган. Партиянинг «Бир ойда бир иш ўрни» лойиҳаси доирасида вақтинча ишсиз, ёрдамга муҳтож оилалардаги фуқаролар, айниқса хотин-қизлар ва ёшлар доимий иш ўрни билан таъминлаш чора-тадбирлари партиянинг асосий йўналишлардан бирига айланган экан. Лойиҳа доирасида ўтган йилда 705 нафар ёш иш билан таъминлангани ҳамда 1475 нафар хотин-қизнинг ишга жойлаштиришишга кўмаклашилганини яхши натижа дейиш мумкин. Умуман олганда, «Адолат» партияси. бугун ёшларнинг муҳим сиёсий минбарига айланиб улгурди.
Сайловда имзо тўплаш жараёнлари партиянинг барча маҳаллий ва ҳудудий кенгашларида 15-августга қадар давом этиши режалаштирилган.
«Адолат» СДП
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг