Янгиликлар 728
"Менинг танловим-обод ватаним". Сайлов ҳуқуқи — инсон қадрига юксак эътибор
Сайловлар инсониятнинг бир неча асрлик тарихий ривожланиш маҳсулидир. У ўз вақтида давлат ва жамиятнинг такомиллашган моделларини шакллантириш мақсадида пайдо бўлган институтдир. Ўзбекистонда бевосита сайловлар йўли орқали Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва давлат бошлиғи – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайланадилар. Шунингдек, сайланиш йўли билан маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ҳам шакллантирилади.
Бугун Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши ва Қарши шаҳар ички ишлар бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган «Сайловлар – тарихий ривожланиш маҳсули « мавзусида ташкил этилган тарғибот тадбирида ҳам муҳим сиёсий жараён ҳақида сўз юритилди. Унда маъруза қилган партия вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориева марказий сайлов комиссияси томонидан сайловларга старт берилган кундан эътиборан Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Айниқса, шу кеча кундузда сайловларга имзо тўплаш жараёни барча шаҳар ва туманларда қизғин кечаётганлигини қайд этди.
Қарши шаҳар ички ишлар бўлимида бўлиб ўтган тадбирда ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Урал Маҳмудов, ёшлар вакиллари номидан Достон Нусуровлар ҳам сўзга чиқиб, сайловларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида тушунча бердилар. Бу йилги Ўзбекистоннинг сайлов тизимидаги энг эътиборли ютуқлардан бири сайлов комиссияси фаолиятининг тўлиқ рақамлаштирилишидир. Албатта, «E-Saylov« ахборот тизимининг жорий этилиши эса олдинга катта силжиш бўлиб, сайлов жараёнини замонавийлаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Шуни ҳам алоҳида эътироф этиш керакки, бу рақамли платформа нафақат жараённи соддалаштиради, балки бюрократия ва қоғозбозликни ҳам камайтиради, сайлов жараёнини янада яқин, самарали ва шаффоф ўтишини таъминлайди.
«Менинг танловим – обод Ватаним» шиори остида ўтадиган бу йилги сайловлар мамлакатимизда ҳар томонлама қонунийликка амал қилган ҳолда ўтказилади. Тадбирда сайлов қонунчилигига оид иштирокчилардан тушган саволларга партия масъуллари томонидан тегишлича жавоб қайтарилди.
Акмал Ҳайитов,
«Адолат» СДП Қарши шаҳар
Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг