Янгиликлар 416
Муаммолар ечим топмоқда
"Адолат" СДП Хоразм вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳининг олти нафар депутати ҳозирги кунда сайловчилари олдидаги бурч ва масъулиятини сидқидилдан бажаришга эришмоқдалар.
Хусусан, депутатлик гуруҳи раҳбари Тоҳир Палвановнинг саъй ҳаракатлари ҳамда унинг етакчилигида бир гуруҳ партиядош шифокорлар воҳанинг чекка қишлоқларида яшаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож “Аёллар дафтари” рўйхатида турган аёлларнинг 14 нафарида ҳеч қандай оворагарчиликларсиз турли касалликлар бўйича бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ҳозирда беморларнинг тиббий аҳволи қониқарли экани кузатилмоқда. Шунингдек, 500дан зиёд тиббий кўриклар ташкил этилиб, аёллар орасида турли касалликларнинг олди олинди. Депутатнинг ташаббуси билан Хива шаҳар “Гулистон” маҳалласида жойлашган Дурдона кўчасининг 2,5 кмгача бўлган масофасига шағал тўшалиб, асфалтлаштириш учун тайёрланди. Маҳалла аҳолисининг мурожаатига асосан, жиноятчиликни олдини олиш мақсадида мазкур маҳаллага тасвирга олиш мосламасини ўрнатиш ҳамда маҳаллага болалар майдончасини қуриш масаласи ҳам эътиборга олинди ва тегишли ташкилот раҳбарлари номига депутатлик сўрови чиқарилиб, ижроси назоратга олинди.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Қудрат Жуманиёзовни ҳам сайловчилари орасида, хайрли ишлар бошида тез-тез учратиш мумкин. Депутат сайловчиларни ўйлантириб келаётган муаммоларни бартараф этиб, оилаларда фаровон турмуш тарзини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. У Урганч шаҳридаги "Юқори-боғ", "Гулшан", "Ҳамжиҳатлик", "Саховат", "Жамбул", "Оби-ҳаёт", "Бинокор" ва "Олма боғ" маҳаллаларида яшовчи 8 нафар ишсиз хотин-қизларни пишириқлар пишириш учун печка билан таъминлади. Шунингдек, у мамлакатимизда нишонланадиган барча миллий байрамлар арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор 40 нафардан зиёд оилага ўз ҳомийлигида мунтазам моддий ва маънавий ёрдам бериб келмоқда.
Партия Сиёсий Кенгашнинг топшириғига асосан, депутатлик гуруҳи аъзолари ёзги оромгоҳларда болаларни дам олиши учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиш мақсадида партия томонидан ишлаб чиқилган махсус саволнома асосида ўрганиш ишларини изчиллик билан олиб боришди. Хусусан, депутатлик гуруҳи аъзоси Улуғбек Қурязов раҳбарлигида тегишли ташкилотлар вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳ Хонқа туман «Наврўз» маҳалласида жойлашган «Жайхун қуёши» болалар оромгоҳи ва бошқа бир қатор оромгоҳлар фаолияти билан яқиндан танишишди. Оромгоҳнинг ётоқхона, ошхона, омборхона биноларининг таъмирланганлик даражаси талаб доирасида экани, оромгоҳ ошхонасининг омборида таомномада кўрсатилган барча турдаги маҳсулотлар мавжудлиги, маҳсулотларнинг сифати, яроқлилик муддати белгиланган тартибда экани, маҳсулотларнинг сақланиш ҳолати санитария нормаларига жавоб бериши, тоза ичимлик суви, тиббиёт хонаси зарур дори воситалари билан таъминланганлик даражаси, оромгоҳга олиб борувчи йўлларнинг ҳолати талаб доирасида экани кузатилди ҳамда ўрганиш жараёнида аниқланган баъзи камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўмаклашилди.
Янгиариқ туман “Қўнғирот” маҳалласида жойлашган 14-сон умумтаълим ўрта мактабининг 9-синф ўқувчиси - Барчиной Каримова билимга чанқоқ, мақсадлари муштарак ёшлар сирасига киради. Бир неча йил олдин Барчиной оғир касалликка чалинган онасидан эрта ажраб, отаси билан ёлғиз қолган. Барчинойнинг яшаш шароити анча қийинлашди, моддий томондан қийинчиликлар бу оилани ҳам четлаб ўтмади. Маҳалла фаолларининг ёрдами билан “Темир дафтар” рўйхатига киритилди. Барчинойнинг олдига қўйган мақсадлари, унинг тиришқоқлиги, маънавияти партиямиз фаолларининг эътиборидан четда қолмади. Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши депутати, партиямиз ва таълим соҳасининг жонкуяр фахрийси - Шержон Қўчқаровнинг саъй-ҳаракатлари билан Барчиной Каримова туманда фаолият юритаётган “Дона Зиё” ўқув марказида бепул ўқишни давом эттирмоқда.
Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг 2023 йил 16 октябрдаги 49-сонли мажлиси 1-сонли қарори 1-иловасига мувофиқ, жорий йилнинг февраль ойида Олий таълимда илмий-тадқиқот ишларининг натижадорлигини ошириш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш юзасидан ҳудудларда Олий таълим муассасаларида жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ишларини ўтказиш белгиланганлиги, ушбу ўрганишлар давомида жамоатчилик эшитувларини ўтказиш лозимлиги тўғрисидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раисининг 2024 йил 21 февралда № 01-02/79-сонли топшириқ хатига асосан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалида Ўзбекистон «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши ҳамда Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги «Адолат» СДПнинг депутатлик гуруҳи томонидан “Мансабдор шахс эшитуви” ташкил этилди. Йиғилишга партия фаоллари, депутатлари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари, партиянинг шаҳар ва туман Кенгаши раислари ҳамда ҳамкор ташкилотлардан вакиллар иштирок этишди. Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали, Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали, Урганч Давлат Университети томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан олий таълим раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.
Хоразмлик журналист Наргиза Бўронованинг ютуб каналидаги “Экранга сиғмаган гаплар” муаллифлик лойиҳасида Хоразм вилоят Урганч тумани “Оқ олтин” маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалигига қарашли далада 25 йилдан бери уйсиз, паспортсиз, оиласиз яшаб келган, 1958 йилда туғилган Самандар ота Худайберганов тўғрисида эълон қилинган видеолавҳа кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортди. Албатта, ушбу лавҳа Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари, жумладан вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзоларини ҳам бефарқ қолдирмади. Партиянинг Хоразм вилоят кенгаши фаоллари, вилоят кенгаши депутатларидан таркиб топган ишчи гуруҳ Самандар Худайберганов яшаб келаётган далага бориб, унинг яшаш шароити билан танишди. Ҳақиқатан ҳам Самандар Худайберганов яшаш учун ҳеч қандай шароит мавжуд бўлмаган, санитария-гигиена талабларига умуман мос келмайдиган ҳолатда, яъни дала четида ўзига қўлбола кулба ясаб олиб, узоқ йиллардан буён ана шу кулбада яшаб келаётган экан. У шу ҳудудга яқин маҳаллаларга бориб, шиша идиш, баклажка, қоғоз ва бошқа чиқиндиларни тўплаб, сотиб топган маблағи эвазига кун кечириб келган.
Депутатлик гуруҳининг саъй ҳаракатлари билан Самандар Худойберганов шахсни тасдиқловчи ҳужжатга, кексалик нафақасига эга бўлди ва вилоят минтақалараро “ХОСПИС” шифохонасига жойлаштирилиб, айни пайда ҳурмат-эътибор ва меҳрдан баҳраманд бўлиб, умргузаронликда яшамоқда.
Бир сўз билан айтганда, вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳининг бу каби саъй-ҳаракатлари, юртимизда инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш орқали Янги Ўзбекистонимизни соғлом ва фаровон халқимиз билан бирга барпо этишда ўрни муносибдир.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
“Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши
Матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг