Муносабат: Болаларимиз ҳаётига дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

09.09.2024 15:09:29

 

 Зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши энг юмшоқ хулқ-атворга эга бўлган инсонда ҳам исёнкорликка, қалбида ёмонлик иллатларини илдиз отишига сабаб бўлади. Айниқса, ожиза аёлларга, норасида гўдакларга қилинган жабр кечириб бўлмас ҳолатдир.

Олий суд ахборот хизматининг 2023 йилнинг ўтган 6 ойи давомидаги суд ҳукмлари асосида йиғилган статистик  маълумотига кўра, 15 нафар шахс 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига теккан, 44 нафар шахс 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондирган, 163 нафар шахс эса  16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилган, 35 нафар шахс 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этган. Афсуски, 2023 йилнинг охирига қадар зўравонликка учраган 1 минг 240 нафар боладан 417 нафари жинсий зўравонликка учраган.

Хизмат юзасидан руҳий касалликлар шифохонасида борганимда ўта ачинарли ҳолатга дуч келган эдим. Бир аёл сочларини юлиб, дод деб йиғларди.

– Болам устозимга ўхшаб ўқитувчи бўламан, деб тиним билмай китоб ўқирди. Чиройли расмлар чизарди. Ўгай отаси уйда йўқлигимда ичиб келиб, 12 яшар қизимни зўрлаб қўйибди.  Қизим бу иснодга чидай олмай ақлдан озиб қолди. Шундай болам увол бўлди, -дейди аёл кўзида ёш билан.

Бу сатрларни ўқир экансиз, қалбингизда ҳақсизликка қарши исён кўтарилади,   ўйинқароқ, ҳали орзулари бир олам бўлган норасидаларнинг калтафаҳм махлуқлар қурбонига айланганини ҳазм қила олмайсиз.

Ўйлаб кўрайлик.  Бир йилда жинсий зўравонликка учраган 417 нафар болаларнинг аҳволи нима кечди? Унинг ота-онаси, яқинлари бошидан кечираётган изтиробларнинг қайси мезон билан ўлчай оламиз? Уларнинг эртанги тақдири нима кечади? Ҳа, бундай тинимсиз саволлар инсонни қийнайди. Нега бу каби разилликларнинг туб илдизи билан йўқота олмаяпмиз? Шу бизга, миллатимизга ярашадими?

Интернет тармоқларидаги хабарларга кўра, болаларга нисбатан зўравонлик учун судланганларнинг 52 фоизи такроран зўравонлик содир қилишади. Зўравонлар жамият учун бошқа жиноятларга қараганда жиддийроқ чоралар кўришни талаб қиладиган хавф туғдиради. 

Россияда такрорий номусга текканлик учун умрбод қамоқ жазоси берилади. Францияда номусга тегиш 15 йил қамоқ билан жазоланади. Кейинчалик, зарар ва шафқатсизлик даражасига қараб, жазо 30 йилгача ёки умрбод қамоқ жазосига қадар узайтирилиши мумкин. Аммо шуни ёдда тутиш керакки, ўлим жазоси болаларни зўрлаш ҳолатларини камайтирмайди, балки катта эҳтимол билан жиноятчи ўз жиноятини яшириш учун қурбонини ўлдириш ҳолатлари кўпаяди.

Мазкур оғриқли ва долзарб муаммонинг аянчли оқибатлари эса жамиятга ўз салбий таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Ҳар бир болада олам –олам орзулари бисёр. Шу зўравонлик қурбонига айланган қиз кун келиб келин бўлар, она бўлар. Аммо, болаликдаги ёмон тамға бир умр уни ҳаётини барбод қилади. Яъни, бу –  ҳаётига солинган кўланка сифатида уни одамови, ҳаётдан аламзада бўлиб етишига сабаб бўлади. Бу миллатимизнинг бир   фарзандининг умри завол бўлди, дегани.

         Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг 2024-2029 йилларга мўлжалланган “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” Сайловолди дастурида  болаларга нисбатан жинсий зўравонликларни олдини олиш масаласига ҳам катта эътибор қаратилди. Шу асосида Сайловолди дастурининг олтинчи йўналишида  “Оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш” масалалари атрофлича таҳлил қилинди.

Маълумки, “Адолат” СДП ҳамиша хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шароитларни янада кенгайтириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қилиб келади.

Партиямиз ушбу йўналишда оила институтининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, оналик, оталик ва болаликнинг муҳофазасини кучайтириш мақсадида “Оналик, оталик ва болаликнинг давлат муҳофазаси тўғрисида” қонун ишлаб чиқиш, ФҲДЁ органларига никоҳланувчиларнинг яқин қариндошлик алоқаларини текшириш ҳуқуқини бериш, яқин қариндошлар ўртасида никоҳ қурган фуқароларга ва расмийлаштирган масъулларга нисбатан жазо чораларини белгилашни таклиф қилмоқда.

Шунингдек, оилавий ажримларнинг асосий сабабларидан бири ёшларнинг турмушга тайёр эмаслигини инобатга олиб, оила қураётган барча йигит ва қизлар учун уларни ижтимоий, психологик, моддий ва ҳуқуқий тарафдан турмушга тайёрлайдиган “Ёш оила” платформасини йўлга қўйиш, вояга етмаган шахсларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазо чораларини кескин кучайтириш, 14 ёшга етмаганларга нисбатан содир этилган жиноятчиларга нисбатан умрбод қамоқ жазосини қўллаш назарда тутилганини юқори баҳолаш мумкин.

Чунки “Адолат” СДП ҳар бир боланинг ҳуқуқ-манфаатлари йўлида курашишга ҳамиша тайёр. Аниқроқ айтганда, боланинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида даъво аризаси билан чиққан даъвогарларни давлат божи тўлашдан озод қилиш, болалар саломатлигини асраб-авайлаш мақсадида болалар поликлиникалари ва ўсмирлар диспансерларини қайта ташкил этиш ташаббуслари юқоридаги каби муаммоларни комплекс бартараф этилишида муҳим роль ўйнайди, дея оламан.

 Биз, “адолатчилар”  ҳамиша адолат тарафдоримиз.  Мақсадимиз эса ҳар бир ўзбекистонлик бола гўзал орзу-умидлар билан жамият бирдамлиги ва ватан равнақи учун хизмат қила олсин. Бахтли яшасин. Болаларимиз соғлиги, ҳаёти, орзуларига рахна солганлар эса муносиб жазолансин!

 

 

Шаҳноза ҒАНИЕВА,

“Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши раиси 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+