Янгиликлар 504
Муносабат Ҳар қандай демократик жараёнлар ичида энг муҳими сайловдир!
Мана яна бу йилги сайловларга ҳам етиб келдик. Уни ҳар томонлама қонун талаблари асосида ўтказиш биз партия аъзоларидан катта масъулият ва эътиборни талаб қилади.
Сайлов – демократия кўзгуси. У мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги, хусусан, халқаро майдонда ҳам энг муҳим сиёсий жараёнлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, сайлов ҳар қандай жамиятни ҳақиқий жамиятга айлантирувчи муҳим омил ҳамдир.
Вилоят партия ташкилотларимиз ҳар беш йилда ўтказиб келинаётган сайловларда ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрган ҳолда қатнашиб яхши натижаларга эришиб келмоқдалар. Биргина ўтган 2019 йилда бўлиб ўтган сайловларда «Адолат» СДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 3 нафар, маҳаллий Кенгашларга эса 72 нафар депутатлар сайланди. Албатта, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларда бундан яхшироқ натижаларга эришишга ишонаман.
Негаки, ҳозиргача барча партия ташкилотларимизда демократик жамиятда сайловларнинг ўрни ва роли, сайлов ҳуқуқи принциплари, сайловда қонунийликни таъминлашнинг талаблари ва шартлари, сайлов жараёни ва унинг асосий босқичлари ҳақида ҳуқуқий йўналишдаги учрашувлар ташкил этилмоқда. Сайловчилар рўйхати, уни тузиш, номзод кўрсатиш ва рўйхатга олиш тартиби, сайловолди ташвиқоти тушунчаси, унинг шакллари ва ўзига хос хусусиятлари, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатлари, овоз бериш ва овоз натижаларни аниқлаш тартиби хакида ҳуқуқий билим ва кўникмаларини анча мустаҳкамлаб олдилар.
Бунинг учун, энг аввало, Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши ва партия Марказий аппарати томонидан ҳар бир партия аъзосининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мунтазам ошириб бориш юзасидан ўтказиб келинаётган сиёсий ўқув ва бошқа тадбирлар қўл келмоқда. Мен шу туфайли ҳам Қашқадарё вилоят партия Кенгашининг қарийб 90 минг нафарга яқин кўп минг сонли аъзолари номидан бизга ҳар томонлама кўмак ва ғамхўрликлар кўрсатаётгани учун Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши ва партия Марказий аппарати ходимларига миннатдорчилик изҳор этаман.
Бу йилги сайловлар ҳам янгича тартибда ўтказилади. Юртимизда сиёсий партиялар ролини ошириш, улар ўз кучи ва имкониятларини амалда намоён этиши учун аралаш, яъни мажоритар-пропорционал сайлов тизими жорий этилади.
Айни пайтда партия ташкилотларимиз томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий Кенгашларга номзодлар кўрсатиш ва уларнинг ишончли вакилларини сайловчилар билан учрашувларга чиқишлари олдидан тарғибот-ташвиқот, тушунтириш тадбирларига қизғин ҳозирлик кўряпмиз.
Албатта, бу йилги сиёсий жараёнларда барчамизнинг фаол бўлишимиз, сиёсий билимларимизни юксалтириб, янги Ўзбекистон равнақи ва истиқболи учун сайловолди ташвиқотларига эътиборли бўлишимиз ҳамда фаол фуқаролик позициямизни шакллантириш асосида актив сайлов ҳуқуқимиздан фойдаланишимиз – эртанги кун тақдиримиз учун муҳим аҳамият касб этади.
Юртимизда кечаётган сиёсий жараёнларни теран англаб иш олиб бораётган Қашқадарё вилояти аҳли ва «Адолат» СДП аъзолари онгли ва маданиятли равишда бу йилги сайловларда фаол иштирок этиб, ўз фуқаролик позицияларини яна бир бор намоён этадилар. Юртимиз равнақи, ислоҳотларимиз муваффақияти ва халқимиз фаровонлигини таъминлайдиган муносиб номзодларни танлаймиз ва улар учун овоз берамиз. Бир сўз билан айтганда, бу йилги сайловларга партия ташкилотларимиз билан шай ҳолда келдик.
Руиддин РАУПОВ,
«Адолат» СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг