Янгиликлар 483
Муносабат: Тадбиркорга имкониятни кенгайтирган мулоқот
Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган навбатдаги очиқ мулоқотига тайёргарлик жараёнларида тадбиркорларимиздан кўплаб таклифлар, саволлар келиб тушган. Шунингдек, тадбиркорлар кўтарган 700 дан ортиқ масала, ташаббус ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватланиб, уларни амалга ошириш учун 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилган.
Юртимиздаги ҳар бир маҳалладаги микролойиҳадан тортиб, то мегалойиҳагача қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилгани тадбиркорлар ташаббусларини қисқа муддатларда амалга ошишига хизмат қилмоқда, десак тўғри бўлади. Тадбиркорларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бизнесни юритишда уларни қийнаётган мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан давлат органлари масъулияти оширилиб, бир қатор енгиллик ва қулайликларни ўз ичига олган меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.
Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш, турли рухсатномалар олиш, тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш ишлари ҳамда бошқа кўплаб хизматлар тартиб-қоидалари соддалаштирилди. Бу борада қулайлик яратиш учун Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги марказлари ташкил этилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг аксариятига барҳам берилди.Ерга, кўчмас мулкка эга бўлиш конституция билан кафолатланди. Бугунги кунда ер хусусий мулк бўлиши, мулк эгаси уни гаровга қўйиши мумкинлиги каби ҳуқуқий асослар яратилди.
Мулоқотда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда уч йилдан ортиқ фаолият юритаётган корхоналар улуши 76 фоизни ташкил этиб, илк бор 300 мингтага ва яна 100 мингдан зиёд шундай якка тартибдаги тадбиркор бор. Шунингдек, жорий йилда тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етган ва йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар сони 2 каррага, айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар сони эса 2 минг 200 тадан ошган. Уларнинг сони ўтган йилга нисбатан 2 бараварга кўпайгани мамлакатимизда тадбиркорлик учун яратилган қулай муҳит, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган кенг ислоҳотлар натижаси десак тўғри бўлади.
Давлат раҳбари ташаббуси билан солиқ, банк, молия, бутун иқтисодиёт комплекси “маҳаллабай” ва “мижозбай” ишлашни бошлагани натижасида олдин зарар билан ишлаган 16 минг корхона ярим йилда ўз фаолиятини 6,5 триллион сўм фойда билан якунлаган ва бугунги кунда 100 тадан ортиқ ишчиси бор корхоналар сони 3 мингтага яқинлашиб, улардаги иш ўрни бир йилда 440 мингтага кўпайган. Шу каби хусусий секторда 5 миллион сўмдан кўп маош оладиган ишчилар сони 1 миллиондан ошган ва улардан 370 мингтаси 10 миллион сўмдан зиёд ойлик олаётгани юртимизда қонуний фаолият олиб бораётган инсофли тадбиркорлар сони тобора ортиб бораётгани, тадбиркорларимиз “соя”да ишлашдан кўра қонуний фаолият, соғлом рақобатни манфаатли деб билаётганидан далолат, дея таъкидланди.
Мулоқотда тадбиркорлик учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича муҳим янги ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, биринчи йўналишда – кичик ва ўрта бизнес учун молиявий ресурсларни кўпайтиришга эътибор қаратилди. Албатта бизнесни бошлаш, бизнес юритиш молиявий маблағларсиз амалга ошмайди. Шу боис тадбиркорликни бошлаш учун ўзининг барқарор молиявий маблағига эга бўлиши энг муҳим талабдир. Шу билан биргаликда тадбиркорлик фаолияти давомида қўшимча маблағга, қарз маблағига ҳам эҳтиёж пайдо бўлиши табиий ҳол десак тўғри бўлади. Президентимиз томонидан тадбиркорлик учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича муҳим янги ташаббуслардан бири айнан кичик ва ўрта бизнес учун молиявий ресурсларни кўпайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбиркорларни қулай ва тезкор молиявий маблағлар билан таъминлашни янада кенгайтириш мақсадида ўтган йили Бизнесни ривожлантириш банки ва Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси ташкил этилиб, улар томонидан йил бошидан 35 мингдан ортиқ тадбиркорга жами 3,5 триллион сўм микрокредит ажратилган. Бундан ташқари, “Бизнесга биринчи қадам” дастури бўйича тадбиркорликни энди бошлаётган 115 минг аҳолига 1 триллион сўмлик микроқарз берилган.
Мулоқотда Президентимиз ушбу тажрибани, яъни тадбиркорларни қулай ва тезкор молиявий маблағлар билан таъминлашни янада кенгайтириш лозимлигини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, эндиликда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда нафақат Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси ҳамда Бизнесни ривожлантириш банки, балки барча банклар ва микромолия ташкилотлари иштирок этиши мумкин бўлади. Микрокредитлар миқдори амалдаги 100 млн сўмдан 3 карра оширилиб, 300 миллион сўмга етказилади. Бунда кредитнинг 100 миллион сўмгача бўлган қисмига гаров талаб қилинмаслиги белгиланиши тадбиркорликни энди бошлаган етарли гаров таъминотига эга бўлмаган тадбиркорлар учун зарур молиявий маблағни гаровсиз олиш имконини бериши билан аҳамиятлидир, десак тўғри бўлади.
Эндиликда Тадбиркорлик компаниясининг филиали ҳар бир вилоятда ташкил қилиниб улар томонидан ҳудудларда салоҳияти бор тадбиркорлар аниқланади ва компания кафилликлари яхши кредит тарихига ва юқори барқарорлик рейтингига эга тадбиркорларга берилиши инсофли, қонуний фаолият олиб борувчи тадбиркорлар сони ортишига хизмат қилади десак тўғри бўлади.
Шу билан бирга бизнесни қулай ва тезкор молиявий маблағларга бўлган талабни қоплаш имконини янада кенгайтириши мақсадида микромолия ташкилотларини янада ривожлантириш ҳам давр талабидир. Шу боис бундан кейин ҳам микромолия хизматларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш давом эттирилиб, устав капитали камида 50 миллиард сўм бўлган микромолия банкларини ташкил этилиб, ушбу банклар кредит портфелининг камида 70 фоизи кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришга йўналтирилади. Бундан ташқари микромолия ташкилотлари томонидан тадбиркорларга хорижий валютада хизмат кўрсатиш ва лицензия асосида тўлов ташкилоти сифатида фаолият юритишга рухсат берилади.
Бугунги тезкор даврда ишлаб чиқаришни узлуксиз давом эттириш учун корхоналарда айланма маблағларга эҳтиёж ортмоқда. Лекин, ҳамма тадбиркорда ҳам янги кредит олиш, унга гаров топиш имконияти йўқ. Бу борада тадбиркордан гаров талаб қилмайдиган энг қулай инструмент бу – факторинг хизмати десак тўғри бўлади. Шу боис эндиликда бизда ҳам банк бўлмаган янги институт – факторинг ташкилоти учун йўл очилади. Улар хорижий валютада ҳам хизмат кўрсатиши мумкин бўлади. Бу жараёнда қатнашадиган банк, микромолия, факторинг ташкилоти ва тадбиркорлар фойдаланадиган алоҳида электрон платформа ишга тушади.
Бундан ташқари ўтказилган сўровларда тадбиркорларнинг 38 фоизи ислом молияси асосида ресурс олиш истагини билдиришган. Халқимизнинг аксарияти мусулмон миллатига мансублиги ҳамда тадбиркорлар талабларини ҳисобга олиб исломий молиялашга қаратилган янги қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. Фикримизча бу – янги молиявий хизматлар тақдим этилиши, ислом молияси асосида ресурс олиш истагини билдирган тадбиркорлар талабларини қоплашга ҳамда кўплаб инвесторлар кириб келишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки Президентимиз томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган очиқ мулоқот аввало юртимизда инсофли, қонуний фаолият олиб бораётган тадбиркорлар сони ортишига, бизнесни юритишда уларни қийнаётган мавжуд муаммоларни тўлиқ бартараф этилишига, уларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб қувватлашга, тадбиркорлар таклифлари асосида уларга бир қатор енгилликлар, қулайликларни ўз ичига олган меъёрий ҳужжатлар қабул қилинишига ва тадбиркорлик соҳаси ривожида давлат органлари масъулияти оширилишига хизмат қилади.
Абдиғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг