Нодирбек Тўйчиев: «Францияда дўппимизни 5000 еврога сотишимизни сўрашди»

16.08.2024 15:08:21

Францияда бўлиб ўтган олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик Фан клуби аъзоларининг стадионда мухлислик қилгани, Париж кўчаларида миллий қўшиқларимизни айтиб юргани ижтимоий тармоқларида анча шов-шув бўлди. Улар орасида катта дўппи кийиб олган йигит – андижонлик Нодирбек Тўйчиевдир. Қуйида қаҳрамонимизнинг сафар таассуротларидан айримлари билан танишасиз.

– 1986 йилда футболга кириб келганман, — дейди у.- Андижон ёшлар жамоасида 5-рақамда тўп сурардим. Кейинчалик миллионлар ўйинига ишқибозлигим ҳаётим мазмунига айланди. Ўзбекистонлик мухлислар сафида Қатар, Хитой, Индонезия, Сингапур, Таиланд каби қатор мамлакатларда халқаро мусобақаларни жонли кўриш насиб этди.

Дунёнинг қай юртига бормай, бошимда мана шу катта дўппи бўлган. Диоганали 50х50 сантиметр ўлчамдаги дўппини дастлаб 2009 йил Мисрдаги мусобақаларга бориш олдидан онамнинг катта опалари – Карима холам тикиб берган. Ўшандан буён ишқибозлар сафида шу бош кийимда бўламан. «Париж-2024» ўйинларига ҳам Ўзбекистон Фан клуби аъзолари сафида бордим. Йирик мусобақаларда стадионнинг ўзида атлетларимизни жонли қўллаб-қувватлашнинг завқи бошқача бўлади.

Фан клубимиз катта жамоа. Унинг сафида турли касб эгалари бор. «Темурийлар келди, Бобурийлар келди», деган хитоб билан она Ватанни, унинг мард ва азамат ўғил-қизларини, тинч ва фаровон юртимизни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар ўша ернинг ўзида яралиб, куйланди. Бу она тупроққа муҳаббат, юртга садоқат, Янги Ўзбекистон ютуқларидан ғурурланиш, ифтихорнинг ёрқин рамзидир.

Энг қизиғи, Париж кўчаларида миллий қўшиқларни баралла айтиб юрар эканмиз, бутун дунёдан келган одамлар «Узбекистан, Узбекистан» дея биз билан суратга тушишга ошиқишди. Ҳатто, дўппини 5000 еврога сотишимизни сўрашди. Бу ўзбекнинг ғурури, шаъни. Пулга сотилмайди, деганимизни эшитиб, яна бир бор бизга тан беришди.

Нодирбек Тўйчиевнинг бир ўғли, икки қизи бор. Ўғли Муҳаммаджон ҳам футбол ишқибози.

-Президентимизга раҳмат,-дейди Нодирбек.-Фан клубнинг олимпиадага бориб-келиш, кунлик харажатларини тўлиқ қоплаб беришди. 2022 йилда Андижон вилояти ҳокими спортнинг ашаддий мухлиси, дея «Trackеr» автомобили совға қилган.

 

Гулжаҳон ЖАББОРОВА суҳбатлашди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+