Нукусда Парламент ва маҳаллий Кенгашларга кўрсатилган номзодлар учун ўқув семинар ташкил этилди

17.09.2024 20:09:38

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети маданият саройида юртимизда жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён Парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда партиянинг самарали иштирокини таъминлаш мақсадида  депутатликка номзодлар учун семинар тренинг ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,Ўзбекистон  «Адолат» СДПнинг ОМҚПдаги  фракцияси раҳбари – Зуҳра Ибрагимова, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳуқуқий Ахборот сектор бошлиғи Нурия Бердиниязова, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчилари, партиянинг туман ва шаҳар Кенгаш ходимлари ва маҳаллий Кенгашлар  депутатлигига номзодлар иштирок этишди.

Сўзга чиққан Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари Ривож Отарбаев семинар тренингдан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар, унда бажариладиган ташкилий масалалар, шунингдек номзод сайловолди дастурининг тайёрланиши бўйича тушунчалар бериб ўтди.

Семинар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зуҳра Ибрагимова Парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этувчи номзодларга партиянинг Сайловолди дастурининг мазмун-моҳияти, таркибий тузилиши ва илгари сурилаётган асосий ғоялар билан таништирди ва унда белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда ҳар бир фуқаронинг ўрни устувор аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шунингдек, тренинг давомида партия дастуридан келиб чиқиб, ҳудуддаги муаммоларни инобатга олган ҳолда номзодларнинг сайловолди дастурини шакллантириш, партия ишлаб чиққан тарғибот воситаларининг тақдимоти, Сайлов кодексининг ўзига хос жиҳатлари, номзодларни рўйхатга олиш, сайловолди ташвиқотни олиб бориш тартиби, шакллари, усуллари тўғрисида маълумотлар берилди.

Бугунги кунда сиёсий фаолият олиб бориш ва сайловларда муваффақият қозониш учун сайловчилар ва ОАВ билан муносабатларда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, очиқлик ва ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, тадбирда сайловчилар ва журналистлар билан муносабатлардаги одоб-ахлоқ, ижобий имиджни шакллантириш масалаларига ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.

- «Халқ қаршисига чиқаётган ҳар бир номзоднинг билим ва савияси, нутқи мукаммал бўлиши керак, - дейди Қорақалпоқ давлат университетининг журналистика кафедраси ўқитувчиси Айшолпан Ўразимбетова.

Дарҳақиқат, ижобий имиж яратиш нафақат номзоднинг шахсий қиёфасини, балки унинг ғояларини ва сиёсий платформасини сайловчиларга яқинлаштиради.

Тадбир сўнггида номзодлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар олишди.

Амангул ЕСЕМУРАТОВА 
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси
Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+