Ўзбек-қирғиз муносабатларининг ривожланиши янги босқичда

29.07.2024 11:07:01

Барчамизга маълумки, ўзбек миллати  қардош давлатлар, туркий халқлар билан азалий дўстлик алоқаларини ўрнатиб келмоқда. Бундай халқлар орасида қирғиз миллати ҳам алоҳида ўринга эга десак, адашмаймиз. Шуни ҳам таъкидлашимиз лозимки, бундай дўстлик алоқалари ҳозирги кунга келиб икки давлат ўртасида ҳамкорлик ҳамда дипломатик муносабатларни шакллантирмоқда.  Ҳозирги кунга келиб, таълим, маданият, туризм, энергетика ва иқтисодиёт соҳаларида имзоланаётган шартномалар икки қардош халқларни янада бирлаштириб келмоқда.

Ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 18 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғиз Республикаси  Президенти Садир Жапаров юртимизга ташриф буюрди. Ташриф икки давлат раҳбарлари иштирокида тор доирадаги учрашуви билан бошланди. Учрашув давомида транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича янги лойиҳа таклифлари кўриб чиқилди. Шунингдек, қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар келгуси йилларга мўлжалланган маданий тадбирлар тақвимини тайёрлашга келишиб олдилар. Жараён  икки давлат делегатлари иштирокида кенг доирада давом этди. Савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, хавфсизлик, маданият ва бошқа муҳим йўналишлардаги ҳамкорлик натижалари танқидий таҳлил қилинди. чрашув давомида транспорт инфратузилмаси ва унинг истиқболли лойиҳалари алоҳида муҳокама қилинди. Йиғилиш сўнгида Бош вазирлар ўринбосарларининг ҳисоботлари ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик юзасидан аниқ таклифлари тингланди. Юртимиз ўзининг қадимий ва боқий тарихига эга. Юртимиздаги тарихий обидалар кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этиб келмоқда. Шу жумладан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров икки мамлакат биринчи хонимлари билан биргаликда Хива шаҳридаги Ичан қалъа мажмуаси ва Нуриллабой сарой мажмуасига ташриф буюрди.

Хива шаҳри 1990 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган, 1997 йилда унинг 2500 йиллиги нишонланган. Шаҳар 2020 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти, 2024 йилда эса Ислом дунёсининг туризм пойтахти бўлган. Бу ерда 120 дан ортиқ меъморий ёдгорлик мавжуд. Олий мартабали меҳмонлар танишувни «Ота дарвоза»дан бошлаб, ноёб «Кўҳна арк» мажмуаси, Шерғозихон мадрасаси, Жума масжиди, «Тошҳовли» мажмуаси ва бошқа обидалар билан танишди. Меҳмонларга ўзбек халқи миллий рақслари, театрлари намойиш этилди. Шундан сўнг меҳмонлар Нуриллабой саройига ташриф буюришди.

Шаҳар тарихи ва унинг фан ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, ҳудуднинг бой маданияти ва санъати ҳақидаги ҳикоялар қирғизистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Шундан сўнг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг мамлакатимизда бўлган икки кунлик ташрифи якунланди. Икки давлат ўртасида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди, уларнинг якунида етакчилар Кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида қўшма баёнотларни имзоладилар.

Шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳақиқий драйверлари экани таъкидланди. Шу маънода, Бош вазирлар раислигидаги Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгаши доирасида фаол алоқаларни давом эттиришга оид  келишувлар имзоланди.  Бундай ҳамкорлик алоқалари давлатимизни ижтимоий – иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунга келиб мамлакатимиз 200 дан ортиқ давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Бу эса мамлакатимизни дунё тан олаётганлигини олаётганлигидан далолатдир!


                                                                              Сабина АБДУРАҲИМОВА,
                                                            «Адолат» СДП

Жиззах  вилоят Кенгаши

Матбуот  котиби

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+