Янгиликлар 1452
Пешкуликларга номзоднинг сайловолди дастури манзур бўлди
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимов Абдураҳимовичнинг 3-Бухоро сайлов округи бўйича ишончли вакили Мақсуд Ҳамидов Пешку туманида сайловчилар билан учрашди.
Номзоднинг ишончли вакили сайловолди тарғибот ишларини бошлаш учун Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги тиббиёт техникумига ташриф буюрди.
Учрашувда партиянинг маҳаллий Кенгаш депутатлари, таълим соҳаси вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда ҳудуд ёшлари иштирок этишди.
Тадбирни “Адолат” СДП Пешку туман Кенгаши раиси, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, партия депутатлик гуруҳи раҳбари Фарҳод Болтаев кириш сўзи билан очиб, жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларига тўхталиб ўтди. Шундан сўнг сўзни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзоднинг ишончли вакили Мақсуд Ҳамидовга берди.
Номзоднинг ишончли вакили аввало сайловчиларни партиядан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимов Абдураҳимовичнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Жумладан, номзоднинг профессионал раҳбар ҳамда олим сифатида яхши танилган инсон эканлигини таъкидлаб ўтиш билан бир қаторда, илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссаси натижасида яратган асарлари орқали ватанимизни бутун дунёга танитишда алоҳида ўрни борлиги қайд этиб ўтилди.
Шундан сўнг номзоднинг сайловолди дастурининг ҳар бир банди йиғилганларга батафсил, халқона тилда таништирилди. Номзоднинг дастуридан халқнинг турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган бир қатор ғоялар ўрин олганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ишончли вакил маърузасидан сўнг депутатлар, партия фаоллари, ўқитувчилар ҳамда ёшлар сўзга чиқиб номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўзларининг илиқ фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Жумладан, “Шуҳрат” медали соҳибаси Халқ депутатлари Пешку туман Кенгаши депутати Эътибор Кенжаева “Соғлом оила-соғлом жамият” ғоясининг ҳаётга изчил татбиқ этилишига аҳамият берилганлиги, шунингдек аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ўз қобилиятларини намоён этишлари учун барча шарт-шароитлар яратиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилганлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
“Адолат” кўкрак нишони соҳибаси Рўзиева Маҳбуба давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига “Тоза қўллар” сиёсатини сингдириш, ҳар бир соҳада қонун устуворлигини таъминлаш чораларини кўриш масаласи илгари сурилганлиги таҳсинга лойиқ жиҳатлардан эканлигини билдирди.
“Ёшлар қаноти” аъзоси Раҳмонова Моҳинур сайловолди дастурдаги олий таълим тизимига рейтинг амалиётини киритиб, юқори рейтингга эга бўлиб контрактда ўқийдиган талабаларни гранд асосида, рейтинги паст бўла туриб грандда ўқийдиган талабаларни контракт асосида ўқиш учун рўйхатларини қайта кўриб чиқиш тартибини ўрнатишга эътибор қаратилганлиги жуда катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, барчани партиядан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовга овоз беришга чақирди.
Қизиқарли ҳамда самимий тарзда бўлиб ўтган сайловолди тарғибот тадбири барча йиғилган сайловчилар қалбида катта таассурот қолдирди.
Мухтасар ЗОХИДОВА,
“Адолат” СДП Бухоро вилоят
Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг