Қалбларда энг азиз байрам шукуҳи

30.08.2024 15:08:05

Айни кунларда халқимиз томонидан энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини 33 йиллиги “Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда кенг нишонланмоқда.

Байрам муносабати билан, “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши томонидан ҳам турли хил маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилиб келинмоқда. Мана шундай тадбирлардан бири партиянинг Фориш туман Кенгаши томонидан тумандаги маънавият ва маърифат марказида “Мустақиллик – буюк неъмат ва эркинликдир” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Мазкур тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши ходимлари, партиянинг туман Кенгаши фаоллари, Халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлари, маҳалла фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Пўлат Ҳамзаев сўзга чиқиб, барчани мустақиллигимизнинг 33 йиллиги билан муборакбод этиб, Давлатимиз раҳбари томонидан юритилаётган оқилона сиёсат туфайли Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётгани, инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун эканлиги, шунингдек, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган олийжаноб тамойилларга мувофиқ, халқ билан мулоқотнинг замонавий ва самарали тизими йўлга қўйилгани, аҳоли билан доимий ва очиқ мулоқот ўтказилаётгани мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлаб ўтди.

Шу билан биргаликда, тадбирда сўзга чиққанлар ўтган 33 йил давомида жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маданий-маърифий ҳаётида, одамларнинг дунёқараши ва турмуш тарзида ўзига хос из қолдирганлиги. ҳаётимизнинг барча соҳаларида муҳим ўзгаришлар юз берганлиги тўғрисида тўхталиб ўтишди. Шунингдек, мамлакат иқтисодиёти режалаштирилган суръатлардан ҳам юқори ривожланишда давом этмоқда. Нуфузли халқаро ташкилотлар, банк ва молия муассасалари Ўзбекистон аҳолисининг даромадлари муттасил ошиб бораётганини расман эътироф этмоқда. Тарихан қисқа бир даврда аввало эл-юртимизнинг хоҳиш-иродаси, куч-қудрати, машаққатли ва фидокорона меҳнати эвазига жаҳон харитасида янги, ўз кучи ва салоҳиятига таянган, тараққиёт йўлидан барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган мустақил, суверен Ўзбекистон давлатининг пайдо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг тарихий ғалабаси эканлигини таъкидлаб ўтишди.

Тадбир сўнгида фаол иштирокчилар партиянинг эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалари билан тақдирланишди.

“Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+