Янгиликлар 448
Қорақалоғистон тиббиёт секторида асосий ривожланиш нуқтасига айланяпти
Мамлакат куч-қудрати ва тараққиётини белгиловчи асосий омиллардан бири бу – аҳоли саломатлиги. Айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифат самарасини янада мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларга ижобий ечим топиш бугуннинг долзарб вазифасига айланиб боряпти. Мана шу нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, биргина Қорақалпоғистон Республикасида ўтган 2017-2024 йиллар оралиғида «Бир қадам» тамойили асосида 74 та оилавий шифокорлик пункти, 81 та оилавий поликлиника ва 92 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди.
Ихтисослаштирилган ҳудудий марказлар филиалларига 150 турдаги янги технология олиб келинди ва шунинг ҳисобига йилига 4 500 нафар беморнинг Тошкент ёки чет элга бормасдан юқори технологик ёрдам олиш имконияти яратилди. Қувонарлиси, Тўрткўл, Қўнғирот ва Чимбой туманларида қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиб, йилига 11 минг нафар беморга туманнинг ўзида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати таъминланди. Бу юртимиздаги катта ислоҳотларнинг боши бўлди. Қорақалпоғистоннинг 30 йиллик тарихида илк бора нолдан бошлаб биринчи кўп тармоқли шифохона қурилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Қорақалпоғистонга ташрифи давомида тиббий марказ фаолияти билан танишиш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалида бўлди.
Эсимда: марказнинг олдинги биноси деярли 25 йил давомида мукаммал таъмирланмаган эди. Ҳар бир палатада 4-5 бемор ётар, санитар хоналари умумий эди. Эндиликда ундаги барча бўлимлар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган. 130 ўринли янги мажмуада беморлар ва шифокорлар учун барча шароит яратилган. Бир хона икки кишига мўлжалланган, алоҳида санитар хоналари ҳам бор. Бемор ҳаётини сақлаб қолишда вақт асосий ўринда туради. Эътиборимни тортган тарафи шу бўлдики, марказда беморларни касаллик даражаси бўйича саралайдиган триаж бўлими ташкил этилган. Яъни мурожаат қилган инсон вақт йўқотиб, сарсон бўлиб юрмайди. Бу ерга шифокорнинг ўзи тушиб, беморни қайси соҳада даволаш зарурлиги бўйича хулоса қилади ва керакли бўлимларга йўналтирилади. Бунинг натижасида иш самарадорлиги 10 фоизга ошади, госпитализация жараёнлари 10 фоизга ва енг аҳамиятлиси ўлим кўрсаткичлари 3,1 баробарга қисқаради.
Партиямиз томонидан олиб борилаётган ўрганишларда Қорақалпоғистон Республикасида учинчи хавф тоифасига кирувчи касалликларнинг қариб 40 фоизи юрак қон-томир касалликлари бўлиб, ҳудудда ангиография ускуналари йўқ эди. Қувонариси шундаки, марказга янги замонавий ангиография ускунаси келтирилган бўлиб, ускуна инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда яхши самара бермоқда. Тошкент шаҳрида ўтказиб келинган айрим мураккаб жарроҳлик амалиётлари эндиликда шу ернинг ўзида ўтказилади. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида илк маротаба сунъий қон айланиш аппарати орқали беш нафар беморнинг юрагида очиқ жарроҳлик амалиёти олиб борилди. Давлат раҳбари тиббиёт ходимлари ва тегишли ташкилотлар бошлиқлари билан мулоқоти давомида шифохонани самарали бошқариш, амалиётни ўқиш билан боғлаш масалаларига эътибор қаратди.
̶ «Янги бино ва ускуналар ишнинг бир қисми. Энди марказ фаолиятига замонавий менежментни жорий қилиш керак. Тиббиёти ривожланган мамлакатлардан тажрибали шифокорларни муддатли жалб этиш, хорижда мутахассислар малакасини ошириш мақсадга мувофиқ. Умуман, бу марказ илмий-амалий тиббиёт академиясидек фаолият юритиши зарур», – деди Шавкат Мирзиёев.
Яна бир муҳим жиҳатлардан бири – эндиликда туман тиббиёт бирлашмаларидаги шифокорлар ўз ихтисослиги бўйича марказда малака ошириб, ўз тажрибасини ҳудудларда жорий этишади. Бунинг натижасида чекка қишлоқлардаги шифохоналарда тажрибали тиббиёт мутахассислари етишмаслиги муаммоси ҳам ўз ечимини топади, деган умиддаман.
Нурлибой ҚАИПБЕРГЕНОВ,
«Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси
Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг