Қорақалпоғистон бизнес учун қулай масканга айланмоқда

22.08.2024 12:08:36

Мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишида йирик, ўрта ва кичик тадбиркорликнинг ўрни ниҳоятда муҳим. Тадбиркорлик ва инвестиция учун қонунчиликдаги яратилган имкониятлар ҳамда шарт-шароитлар, ушбу соҳанинг кенгайишига ва аҳолини иш билан таъминланишига бевосита таъсир қилади.

Давлатимиз томонидан эркин тадбиркорлик фаолиятини қарор топтириш, тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга рўйхатдан ўтишдан тортиб, солиқдан, кредитлар ажратилиши, ер ажратилишида ва бошқа масалаларда берилаётган имтиёзлар бугун ўз натижасини бермоқда.

Партиямиз сайловолди дастуридаги ғоя ва мақсадларида ҳам, иқтисодиётни эркинлаштирилиши, соғлом рақобатбардош, коррупциядан ҳоли тадбиркорлик муҳитини яратиш илгари сурилган. Шу боис, биз бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш, унга ғов бўлаётган тўсиқларга барҳам бериш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Сўнгги йилларда ушбу соҳага бўлган эътиборнинг ошгани, яратилаётган имкониятлар натижасида тадбиркорлар сафи йилдан-йилга кенгайиб, мамлакат иқтисодиётида уларнинг ўрни тобора юксалаётгани эътирофга лойиқ. Эътибор берадиган бўлсак, биргина 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида 28,5 минг тадбиркорлар ўз фаолиятини йўлга қўйган. Тадбиркорлик учун 65,5 трлн сўм кредитлар ажратилган бўлса, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 50 фоизга кўп ажратилганини кўришимиз мумкин.

Яна бир аҳамиятли томони, мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициявий муҳит ташқаридан инвесторларнинг кириб келиши, ўз сармоялари билан тадбиркорлигини амалга оширишига ҳам имкон бермоқда. Хусусан, 2024 йилнинг 6 ойи давомида мамлакатимизга 15,5 млрд долларлик инвестиция киритилган бўлса, шундан, 13,9 млрд долларлик инвестиция тўғридан-тўғри киритилган.

Қайд этиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг дунёнинг жуда кўплаб мамлакатлари билан ўзаро икки томонлама ва кўпқиррали дўстона алоқаларни ўрнатишга қаратилган ташқи сиёсати, мамлакатимизнинг иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ўз натижасини бермоқда.

Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили 20 август “Тадбиркорлар куни” сифатида кенг нишонланмоқда. Ҳар йили давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан юзма-юз учрашиб, тадбиркорлар учун мавжуд муаммо ва таклифлари бўйича енгилликлар яратиб берилмоқда. Ечим сифатида, жуда кўплаб Фармон ва қарорлар қабул қилиниб, қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда ҳам Президентимиз тадбиркорлик учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш бўйича муҳим бўлган ташаббусларни илгари сурди. Ушбу ташаббуслардан бири бу — кичик ва ўрта бизнес учун молиявий ресурсларни кўпайтириш орқали қўллаб қувватлашдир.

Мамлакатимиз раҳбари ушбу ташаббусни илгари сурар экан, йил бошидан 35 мингдан ортиқ тадбиркорларга 3,5 триллион сўм микрокредитлар ажратилганлигига тўхталиб ўтди. Ушбу кредитлар эвазига халқимиз учун минглаб иш ўринлар яратилишини ва оилалар даромади ошишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда хорижда бизнесини йўлга қўйган 40 дан зиёд ватандошларимиз иштирок этиб, Қорақалпоғистон шароити билан танишмоқда. Шунингдек, ҳар бир туман кесимида “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастурининг ишлаб чиқилиши натижасида бу ерда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматларни ривожлантириш учун янги нафас, камида 10 миллиард долларлик инвестиция ва 500 минг иш ўрни яратиш имконини беради.

Очиқ мулоқотда тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етганлиги, йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар сони 2 баробарга кўпайгани, айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар эса 2 минг 200 тадан ошгани, солиқ, банк, молия, бутун иқтисодиёт комплекси “маҳаллабай” ва “мижозбай” ишлашни бошлагани натижасида олдин зарар билан ишлаган 16 мингта корхона ярим йилда 6,5 триллион сўм фойдага чиққанлиги эътироф этилди.

Давлатимиз раҳбари бу йилги очиқ мулоқотни айнан Қорақалпоғистонда ўтказилаётганини изоҳлар экан, бунга асосий туртки Қорақалпоғистонда бизнес учун бирорта ҳудудда йўқ 50 дан ортиқ имтиёзлар пакети яратилгани, бу ерда ер ажратишнинг содда тизими жорий этилгани ҳамда катта бозорларга чиқиш учун энг қулай ҳудуд, бу – Қорақалпоғистон эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Ишонч билан айтиш мумкинки, давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашувида илгари сурган ташаббуслари соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг давоми ва янада кенг имкониятлар эшиги очилишига замин яратади.

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+