Янгиликлар 1392
Қуйи Туркманда тарғибот тадбири ўтказилди
Самарқанд туманидаги “Адолат” социал-демократик партияси тарафдорлари “Адолат – ҳар бир инсон учун” шиори остида бирлашдилар. Партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, кўнгилилар жам бўлиб партиянинг ғоя ва мақсадларини кенг оммага етказишга аҳд қилдилар. Самарқанд туманининг “Қуйи Туркман” маҳалла фуқаролари йиғини шу куни одамлар билан гавжум бўлди. Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари, маслаҳатчилари, туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари, ўқитувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбир доирасида дастлаб йиғилганларга амалдаги қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартишлар, олиб борилаётган ислоҳотлар моҳияти юзасидан тушунчалар берилди. Сайлов кодекси ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчларига қаратилган маърузалар эшитилди.
Шундан сўнг партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Асқар Холиқов сўзга чиқиб муҳим сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси Президент сайловига тайёргарлик ишлари ҳамда партиямиздан кўрсатилган номзод Б.Абдуҳалимовнинг сайловолди дастурининг асосий йўналишлари билан таништирди. Дастурда илгари сурилган ғоялар “Адолат” социал-демократик партиясининг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат, маънавий ва ахлоқий етук адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги дастурий мақсад ва вазифаларига асосланишини қайд этди. Дастурда белгиланган вазифалар ҳаётийлиги, бугунги замон талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққанлиги ҳамда аниқ механизмларга асослангани билан сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир давомида партия фаолиятига оид лавҳалар, ғоявий чиқишлар, “Ёш адолатчи” ва “Аёллар қаноти” вакилларининг сўзлари ҳам иштирокчилар томонидан қизғин кутиб олинди.
Азиз ХАИТОВ,
“Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши бош мутахассиси
Фикрингизни қолдиринг