Янгиликлар 581
Сайлов округидаги учрашувлар
25-27 июль кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қ.Жўраевнинг 31- сайлов округида сайловчилар билан учрашувлари бўлиб ўтди. Даставвал депутат Вобкент туманидаги Хайр-хўш маҳалласида жойлашган 25-мактабда ёшлар билан учрашди. Унда туман ҳокими Ф.Умаров ва 3-сектор мутасаддилари иштирок этишди.
Учрашувда 20 нафарга яқин ёшнинг мурожаатлари тингланди. Уларнинг катта қисми ишга жойлаштириш, шартнома тўловини тўлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, 25-мактаб стадион майдонини таъмирлаш, субсидия асосида тикув машинаси олишга кўмаклашиш ҳамда йўл таъмири ва бошқа масалаларига оид бўлди. Депутат томонидан билдирилган муаммо ва таклифларни қонун доирасида ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Қ.Жўраев туман Халқ қабулхонаси мудираси Л.Шарипова билан бирга 2-сон Касб-ҳунар мактабига бориб, мактабнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан танишди. Мактаб директори Олим Бақоев билан суҳбатда касб-ҳунарга ўргатиш ишларини янги босқичга кўтариш, хусусан, ўргатилаётган касб-ҳунарлар номенклатурасини янада кенгайтириш, мактабнинг моддий-техник базасини кенгайтириш, дуал таълимнинг сифатини ошириш, хусусан, ишлаб чиқаришга жалб қилинган ўқувчиларни профессионал билим ва кўникмаларини доимий назорат қилиб бориш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Қ.Жўраев ўз сайлов округида Вобкент тумани ҳокими Ф.Умаровнинг навбатдаги фуқаролар қабулида иштирок этди. Қабулда ҳоким ўринбосарлари, Халқ қабулхонаси мудираси ва туман мутасадди ташкилот раҳбарлари қатнашишди. Мурожаат билан келган фуқаролар бирма-бир тингланди. Даволаниш, ишга жойлаштириш, бола пули олиш, шартнома тўловларини тўлаш, уй-жойни таъмирлаш, қарздорликни бартараф этиш, қурилаётган арзон уй-жойлардан олиш, тикув машинаси олишда кўмаклашиш билан боғлиқ мурожаатларнинг 3 таси шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, 5 тасига зарур ҳуқуқий тушунтириш берилди. Қолган масалалар ўрганиш ва ижрога қаратилди ҳамда назоратга олинди.
Депутат Вобкент тумани ҳокими билан бирга Хайрабод маҳалласи ҳудудида жойлашган тарихий обида - Чашмаи Айюб мақбарасида олиб борилаётган ободонлаштириш-реставрация ишлари билан танишди. Маълумки, XII-XIII асрларда бунёд этилган, уникал геометрик композицияга эга бўлган мазкур обида 2023 йил «Буюк ипак йўли: Зарафшон-Қорақум коридори» номзодномаси доирасида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон ёдгорликлар рўйхатига киритилган эди.
Мақбарани реставрация ва консервация қилиш юзасидан 2023 йилда Маданий мерос агентлигига юборилган депутатлик сўрови натижасида у реставрация ва консервация қилинадиган маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган бўлиб, эндиликда тегишли ишларни амалга оширишга киришилди.
Ташриф давомида депутат ва ҳоким томонидан реставрация ва консервация ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан мутасадди ташкилотларнинг раҳбарларига зарур кўрсатмалар берилди.
Амин ҲАМИДОВ,
Депутат ёрдамчиси
Фикрингизни қолдиринг