Янгиликлар 522
Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти чуқур ўрганилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси
Партия ходимларининг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари оширилмоқда
Айни кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органлари сайловига тайёргарлик кўриш ишлари бошланди. Албатта, сайловда фаол иштирок этиш ва муносиб номзодларни илгари суриш долзарб вазифа бўлиб, бу сиёсий партиялар зиммасига катта масъулиятни юклайди. Шу муносабат билан Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши томонидан партиянинг Қорақалпоғистон Республикасида Кенгаши ва маҳаллий кенгашлари ходимларини сайлов жараёнларига муносиб тайёрлаш мақсадида «Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти» мавзусида сиёсий ўқув ўтказилди.
Унда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Расулов, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибой Қаипбергенов, ҳудудий ва маҳаллий кенгашлар ходимлари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. Сиёсий ўқувда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти, хорижий тажриба таҳлили ва ушбу тизимда сиёсий партиялар эътибор қаратиши зарур бўлган жиҳатлар юзасидан маърузалар қилинди.
Шунингдек, бўлажак сайловда қўлланилаётган янгича сиёсий амалиёт – аралаш сайлов тизими, бу бўйича ўқув иштирокчиларининг билими ва тизимдан хабардорлигини янада оширишга қаратилган масалалар ҳам муҳокамалар марказида бўлди. Маърузачилар томонидан ҳудудий партия ташкилотлари раисларини сайлов жараёнларига муносиб тайёрлаш, сайлов кампанияси шукуҳида партия ташкилоти иш фаолиятида самарадорликни ошириш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ўқув якунида «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Расулов партия тизимида узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилган Амударё туман Кенгаши раиси Ў.Юлдашовга Сиёсий Кенгаш раиси қарори асосида «Адолат» кўкрак нишони ва эсдалик совғаларини топширди.
***
Хоразм вилояти
Партия ходимларининг сиёсий билими оширилди
Аввал хабар берилганидек, сайлов кампанияси арафасида партия тизимидаги ходимларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, уларнинг сайловда партиянинг муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган таклиф ва ташаббусларини инобатга олишга қаратилган сиёсий ўқув жараёнлари ҳудудларда уюшқоқлик билан ташкил этиляпти.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали мезбонлигида ўтказилган навбатдаги ўқув ҳам савол-жавоблар, қизғин муҳокамаларга бой бўлди. «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Расулов бошчилигида ташкил этилган ўқувда вилоят Кенгаши ходимлари, шаҳар ва туман Кенгаши раислари, партия хайрихоҳлари ва бир гуруҳ ёшлар сайлов қонунчилиги борасидаги билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи бир қатор сиёсий мавзуларни ўрганишди.
Жумладан, «Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар», «Аралаш сайлов тизимининг мазмун-моҳияти» мисолида сиёсий партиялар эътибор қаратиши зарур бўлган жиҳатлар ёритилган тақдимот ва маърузалар орқали йиғилганларга атрофлича маълумот ва тушунчалар берилди.
Шу билан бир қаторда сайлов кампанияси доирасида партиянинг аҳоли орасида танилувчанлигини ошириш, илгари сураётган ғоя ва ташаббусларидан фуқароларнинг хабардорлигини юксалтириш бўйича қилиниши керак бўлган галдаги вазифалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
***
Бухоро вилояти
Сайлов – мамлакат тараққиётини таъминловчи юксак мезон
Хабарингиз бор, Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайлови олдидан жараённинг муҳим таркибий қисми бўлган имзо йиғиш босқичига старт берилганди. Бунда партиянинг сайловчилар томонидан тизимли қўллаб-қувватланиши сайловолди ташвиқотнинг қай даражада олиб борилишига ҳам боғлиқ, албатта.
Бухоро вилоятида ҳам имзо йиғиш жараёнини юқори савияда ўтказиш ҳамда ходимларнинг амалдаги сайлов қонунчилиги, янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган муҳим нормалар бўйича сиёсий билимини кучайтиришга киришилди. Шу мақсадда партиянинг вилоят Кенгаши вакиллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, туман-шаҳар кенгаши раислари иштирокида сиёсий ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Навбатдаги ўқувда «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Иномжон Қудратов томонидан сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар, янги сайлов тизими ҳамда «E-saylov» ахборот дастури бўйича маъруза қилинди. Шунингдек, сайлов мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги энг муҳим сиёсий жараён эканини, унда аҳоли, айниқса, ёшларнинг фаол иштироки мамлакат тараққиётини белгиловчи юксак мезон саналиши алоҳида таъкидланди.
Ўқув давомида ўтган Сайловолди дастурда илгари сурилган ғоя ва таклифларнинг вилоятдаги ижроси ҳам таҳлил қилинди ҳамда бўлажак сайлов олдидан тайёргарлик ишларини тизимли ташкил қилиш бўйича масъулларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.
***
Навоий вилояти
Навоийда сайлов кампанияси олдидан сиёсий ўқув ўтказилди
Маълумки, сайлов бу партия учун ўтган даврдаги фаолиятига чинакам баҳо бериладиган муҳим сиёсий жараён бўлиши билан биргаликда, вакиллик органларига ўз номзодларини кўпроқ сайлаш орқали мақсад ва ғояларни самарали амалга оширишда, партиянинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашда, бир сўз билан айтганда, келгусидаги муваффақиятларни таъминлаб берувчи асосий имконият ҳамдир.
Айнан шу мақсадда «Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти» мавзусида Ўзбекистон «Адолат» СДП Навоий вилояти Кенгаши ходимлари ҳамда туман-шаҳар партия ташкилотлари раисларини сайлов жараёнларига тайёрлаш бўйича ўқув машғулоти ташкил этилди. Тадбирни партия вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳайитов кириш сўзи билан очиб, сиёсий ўқувни ўтказишдан кўзланган мақсад ва вазифалар тўғрисида қисқача тўхталди.
Семинарда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Иномжон Қудратов маъруза қилиб, унда сайловларнинг аҳамияти, янги таҳрирдаги Конституцияда сайлов бўйича киритилган ўзгаришлар ва имзо йиғиш жараёнида фуқаролар томонидан эътибор берилиши керак бўлган вазифалар юзасидан маълумотлар бериб ўтди. Шундан сўнг партия вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳайитов «Ҳудудий партия ташкилотлари раисларини сайлов жараёнларига тайёргарлиги» мавзуси бўйича сўз юритди.
Ўқув машғулоти давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди.
***
Қашқадарё вилояти
Сайлов – демократик ҳуқуқий давлат кўзгуси
Тажрибалардан яхши маълумки, ҳар қандай демократик жараёнлар ичида энг муҳими ҳисобланган сайловларни фақат қонун доирасида амалга оширилишига эришиш ва унда фаол иштирок этиш муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, бўлажак сайловда юртимиздаги сиёсий партиялар ролини ошириш, уларнинг ўз кучи, мақсад ва имкониятларини амалда намоён этиши учун аралаш, яъни мажоритар-пропорционал сайлов тизими жорий этилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши томонидан билан «Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти» мавзусидаги ўқув машғулотининг навбатдагиси партиянинг Қашқадарё вилоят Кенгашида бўлиб ўтди. Дастлаб Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Ислом Ҳамроевнинг ҳудудий партия ташкилотлари раисларини сайлов жараёнларига олдиндан тайёрлаш, сайлов кампаниясининг турли босқичларида партиялар позициясига оид чиқиши кўпчиликнинг диққат эътиборини тортди ва қизғин савол-жавоблар ҳамда баҳс-мунозараларга кенг йўл очди.
Шундан сўнг, сиёсий ўқув иштирокчилари партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Иномжон Қудратовнинг «Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар» мавзусидаги маърузасини тингладилар. Маърузачи аралаш сайлов тизими, фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий онги ва маданияти, хорижий тажриба, сиёсий партиялар эътибор қаратиши зарур бўлган жиҳатлар ҳақида фикр юритди.
Шунингдек, сайловга оид қонунлар, депутатликка номзодлар кўрсатиш, дебатлар, партия дастури, сайловга имзо тўплаш жараёнлари юзасидан бериладиган саволларга ҳаётий мисоллар орқали жавоб қайтарилиб, бу каби сиёсий ўқувларни тизимли ўтказиш ва бунда партиядошларимизнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.
***
Сурхондарё вилояти
Сурхонликларни ғалаба сари руҳлантирган сиёсий ўқув
Айтиш жоизки, яқинлашиб келаётган юртимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайлови янгиланган Конституция кучга кирганидан кейин илк бора бўлиб ўтадиган ўта муҳим сиёсий жараёндир.
Бунда ҳокимиятнинг ягона манбаи бўлган халқ ўзининг ушбу ваколатини айнан сайловлар орқали амалга оширишини унутмаган ҳолда партиялардан ташаббус, амалий натижалар қилиш масъулиятини бўйнига олиш керак бўлади. Партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгашида Сиёсий Кенгаш томонидан ўтказилган «Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти» мавзусидаги сиёсий ўқувда сурхондарёлик «адолатчилар» фаол иштирок этишди.
Ўқув машғулоти аввалида Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Ислом Ҳамроев сўзга чиқиб, сайловни кураш майдони деб билишни, майдонга тушган полвон фақат ғалаба учун интилгани каби партиядошларимиз ҳам бу борада фаол бўлиши керак эканини алоҳида таъкидлади. Ҳа, азал-азалдан алп келбатли полвонлар юрти бўлган Сурхон воҳасида ор учун кураш тушилган ва бу юртнинг танти, мард инсонлари учун ғурури, ори ҳар недан-да устун турган. Бу сўзлар партия ходимлари, шаҳар ва туман Кенгашлари фаолларини руҳлантирди, кўтаринки кайфият бағишлади, дейиш мумкин.
Жараён давомида партия 2024 йилги парламент сайловларига ўзининг мутлақо янги стратегияси билан кириб келиши белгиланганлиги, сайловларга тубдан янгича ёндашишни кўзда тутган стратегия доирасида партия халқнинг ичига янада фаолроқ кириб бориши, уйма-уй юриб, ҳар бир сайловчига партия ғояларини етказишни, уларнинг таклиф-мулоҳазаларини олишни мақсад қилиб қўйгани қайд этилди.
Ўқув иштирокчилари ўртага ташланган мавзулар юзасидан ўзаро савол-жавоблар асосида сайлов ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳиятини ўрганишди.
***
Наманган вилояти
Cиёсий ўқувлар Наманганда ҳам давом этади
Хабарингиз бор, жор йил 27 октябрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови ўтказилиши муносабати билан партиянинг барча ҳудудий кенгашларида сиёсий ўқувлар бўлиб ўтмоқда.
"Адолат" СДП Наманган вилоят Кенгашида бўлиб ўтган сиёсий ўқувда аппарат ходимлари, туман ва шаҳар Кенгашлари раислари иштирок этди ва "Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти" мавзуси бўйича ўқув семинар бўлиб ўтди Семинарда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси биринчи ўринбосари Абдукамол Раҳмоновнинг «Ҳудудий партия ташкилотлари раисларини сайлов жараёнларига олдиндан тайёрлаш: сайлов кампаниясининг турли босқичларида партия ташкилотларининг вазифалари ҳамда муҳокамага сабаб бўладиган масалалар юзасидан жавоблар ва партиянинг позициялари ҳақида»ги маърузалари тингланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Иномжон Қудратовнинг «Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар» ҳамда партиянинг вилоят Кенгаши раиси Исроилжон Жўраевнинг «Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларнинг хусусиятлари» бўйича маърузалари эшитилди.
Сиёсий ўқув сўнггида иштирокчилар ўртага ташланган мавзулар юзасидан барча саволларга жавоблар олишди.
Андижон вилояти
Андижонда “Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти” мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди
Семинарда “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси биринчи ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, партиянинг вилоят Кенгаши раиси Мадаминжон Мадазимов мамлакатимиз сайлов қонунчилиги йиллар давоми такомиллашиб бораётганлиги, сайловлар жараёнида сиёсий партияларнинг иштироки ҳам фаоллашаётганини таъкидлади.
Жорий йилда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Эътиборли жиҳати жорий йилги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайлови янги конституцияда белгиланган мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳит - аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар ва пропорционал тизим асосида ўтказилади. Мазкур жараён айниқса, сиёсий партиялар етакчилари ва фаолларидан алоҳида фаолликни талаб этади.
Партиянинг вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари раҳбарлари, масъул ходимлари, фаоллари иштирокидаги ўқув семинарида янгича сайлов жараёнлари, мажоритар ва пропорционал тизим мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўқув семинарда мутахассисларнинг “Аралаш сайлов тизими: мазмун-моҳияти, ўзига хос жиҳатлари, хорижий тажриба таҳлили ва ушбу тизимда сиёсий партиялар эътибор қаратиши зарур бўлган жиҳатлар”, “Ҳудудий партия ташкилотлари раисларининг сайлов жараёнларига олдиндан тайёрлаш: сайлов кампанияси турли босқичларида партия ташкилотларининг вазифалари” мавзуларидаги маърузалари тингланди. Иштирокчилар томонидан маърузалар, сайлов жараёнлари, мазкур жараёнда партиянинг иштироки борасидаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Мулоқот ҳамда савол-жавоблар асосида ўтган ўқув семинари иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга эксперт ва мутасаддилардан батафсил жавоблар олди. Ўқув семинари партия вакилларининг сайлов жараёнларига оид билим ва малакаларини бойитишга ёрдам берди.
***
Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри
«Адолат» СДП Марказий аппаратида «Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти» мавзусида сиёсий ўқув машғулоти бўлиб ўтди
Мазкур тадбирда Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий Кенгашлар раислари ва ходимлари иштирок этишди. Ўқув машғулотининг асосий мақсади – партия фаолларини сайлов жараёнларига тайёрлаш ва уларга зарур билим ва кўникмаларни етказишдан иборат бўлди.
Тадбир аввалида партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова сайлов бу ҳар қандай сиёсий партия учун ўтган даврдаги фаолиятига чинакам баҳо бериладиган муҳим сиёсий жараён бўлиши билан биргаликда, вакиллик органларига ўз номзодларини кўпроқ сайлаш орқали мақсад ва ғояларини самарали амалга оширишда, жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашда, бир сўз билан айтганда, келгусидаги муваффақиятларини таъминлаб берувчи асосий имконият эканлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, партия етакчиси ушбу муҳим сиёсий жараёнда партиянинг муваффақияти кўп жиҳатдан партия вакиллари ва кадрларининг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлиги ва касбий салоҳиятига боғлиқ эканлигига урғу берди.
Тадбир давомида партия Марказий аппаратининг масъул ходимлари ва экспертлар томонидан мавзу юзасидан маърузалар қилиниб, иштирокчилар сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳиятини ўрганишди.
«Адолат» СДП
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг