Сиёсий қатағонга учраган юртдошларимизнинг ёрқин хотираси

27.08.2024 14:08:32

Дунёдаги  ҳар бир миллат ва элатнинг ўз босиб ўтган  тарихий йўли ва ҳақиқати  бор.  Ўтмишимиз тарихида  эса миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам. Сир эмаски, етмиш йилдан ортиқ давр мобайнида давом этган собиқ Шўро тузими даврида халқимизнинг ана шу туйғуси топталди, тарихимизни холис ўрганишга, миллий, диний қадриятларимизни асраб-авайлашга йўл қўйилмагани сир эмас албатта.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 19-июлдаги “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб етиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги ПҚ-270-сонли қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган “Сиёсий қатағон қурбони бўлган ватандошлар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги     қарори имзоланди.

Қарорда  “мустақиллигимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тарихимизнинг номаълум саҳифаларини тиклаш ва илмий нуқтаи назардан чуқур ўрганиш, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида эътироф этиш, шу асосда юртдошларимиз, айниқса, ёш авлоднинг Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғусини, фуқаролик позициясини кучайтириш, уларни бугунги тинч, эркин ва озод ҳаётнинг қадрига етиш руҳида тарбиялаш мақсадида» ишлаб чиқилган. Қарор билан сиёсий қатағон қурбони бўлган ватандошлар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси ташкил этилди. 1937−1953 йилларда 100 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар сиёсий қатағон қурбони бўлган, 13 минг нафари отиб ташланган,минглаб кишилар ноҳақ қулоқ қилинган, сургунларга жўнатилгани, улар орасида атоқли давлат ва сиёсат арбоблари, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, диний уламолар, ҳарбий соҳа ва суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, ишчи-деҳқонлар ва уларнинг оила аъзолари бўлган”лиги қайд этилган.

Хусусан, 2021−2024 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг номлари оқланган.       Қатағон қурбони бўлган шахсларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларни номма-ном аниқлаш, тарихий хизматлари ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейлар, кутубхоналар ва турли фондларда сақланаётган ҳужжатларни тўплаш ва тадқиқ этиш, оммалаштириш учун ишчи гуруҳлар фаолияти ташкил этилди. Ишчи гуруҳ таркибида вилоятимиз қатағон қурбонлари музейида фаолият юритаётган илмий ходимларнинг борлиги бизнинг ҳудудимиздан ҳам ноҳақ  қамалган қатағон қурбонларининг авлодлари ва яқинлари, ўша давр воқеаларига гувоҳ бўлган инсонларнинг хотираларини ёзиб олиш, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий  манбаларни, ноёб суратлар тўпланиб ҳужжатлар комиссия аъзоларига тақдим этилди. Жумладан, улар орасида Қашқадарё вилоятида фаолият юритган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари ҳам бор эди. Йўлдошов Ш, Шомуродов П, Имомназаров Ж. Қашқадарё   вилоятидан ВКП(б)га аъзолигига номзод бўлганлар. Эски собиқ имом бўлганлиги, диндор бўлганлиги ва буни яширганлари учун “бегона элемент” сифатида номзодликдан ўчирилганлар. Холиқов Т. Ғузор район Чаноғ қишлоғида сартарош уста ва табиблик     билан шуғулланган. 1928-1932 йилларда қамоқ жазосини ўтаб оқлангандан кейин, озгина вақт ўтгач, 1935 йилда Туркманистоннинг Чоржўй вилоятига бола-чақаси билан сургун қилинади.  1937 йилда Касби туман Таллишби, Қамаши, Касби қишлоқларида Авлиёхон Икромов, Баҳромхон Махсумов, Хотам Равшанов,Шоймардон Бойнаев,Искандар Юсупов, Турсун Ҳасановлар қатағон қилиниб, озодликдан маҳрум этилган. Хўжаев О. 1933 йилда Яккабоғ туман Назорат комиссияси раиси лавозимида ишлаган. 1935 йилда Очил Хўжаев Шаҳрисабз туман ички ишлар тизимида  меҳнат қилган. 1936 йилда эса Қарши шаҳар ижроия комиссияси раиси вазифасига тайинланган. 1937 йилда Деҳқонобод туман ижроия қўмитаси раиси вазифасида ишлаб турган вақтида, фамилияси Хўжаев бўлган учун “Файзулла Хўжаевни қариндоши” деб қамоққа олинган, олий суд томонидан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Очил Хўжаев 1947 йилда қамоқ муддатини ўтаб Яккабоққа қайтиб келади. 1951 йилда яна қамоққа олиниб, 6 йилга Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига сургун қилинади. Ўзбекистон КП Қашқадарё Округ қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган Аббосхон Абдусаидович Саидхонов, шунингдек, Абдусамат Ниёзов, Олимжон Турсунқулов, Маҳмуд Ҳамидов, Усмон Болтаевлар халқ душмани сифатида округ қўмитаси таркибидан чиқарилди. Партия сафидан ҳам чиқарилиб отиб ташланди. Барот Сафаров Қашқадарё вилояти Ғузор тумани маориф бўлими мудири“халқ душмани” сифатида қамоққа олинган.

Бундан буён   юртимизда ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси  Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонланади.

Шунингдек, қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, унинг ҳудудлардаги бўлимлари ҳамда Жадидлар мероси давлат музейининг мавзуга доир маълумотлар, ашёвий далил ва ҳужжатлар, бошқа тегишли экспонатлар билан мунтазам равишда бойитиб борилиши таъминлаб борилади.

Йиғилган барча маълумотларни тўплашдан мақсад,қатағон қилинганлар ҳақидаги тарихий ҳақиқатни тиклаш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида кўп жилдлик «Қатағон қурбонлари» китобини чоп этиш ҳамда уларнинг номларини Тошкент шаҳридаги «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасида барпо этиладиган рамзий китоб саҳифаларига киритишдан иборатдир.

Мамлакатимизда истиқлол йилларида тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, хусусан, Ватанимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида қурбон бўлган халқимизнинг суюкли фарзандлари номини тиклаш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этишга қаратилган кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ, бу борада ҳали олдимизда қиладиган жуда кўп ишлар турибди. Юртимизда фақат 1937-1953 йилларда қатағон қилинган 100 минг нафардан зиёд юртдошлардан  республикамиз бўйича нари борса 40 минг нафаридан ортиқроғи номма-ном аниқланди, холос. Шулардан 2 минг нафари  Қашқадарё вилояти сиёсий қатағон  қурбонларидир. Бугунги кунда олдимизга  қолган сиёсий қатағон қурбонларига учраган  шахсларни излаб топиш, уларнинг хотирасини абадийлаштиришдек катта ва оғир, лекин хайрли вазифа турибди.  
Бу ёруғ ва дориламон кунлар йўлида қурбон бўлганлар руҳини шод этиш, тинч-осойишта замоннинг қадрига етиш, шукроналик туйғуларини ҳис этиш бизга катта қувват бағишлайди, руҳиятимизни поклаб, янги-янги бунёдкорлик ишларига чорлайди. Зеро, озодлик учун курашган инсонлар хотираси ҳеч қачон унутилмайди, халқимиз қалбида мангу яшайди.

Мухтасар айтганда, шу муқаддас замин, она юрт тинчлиги, мустақиллиги ва тараққиёти учун жонини фидо қилган ватандошларимиз номини абадийлаштириш, уларнинг ҳаёти, тақдири ҳақидаги ҳақиқатни келгуси авлодларга борича етказиш, бу борадаги хайрли ишларга муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир юртдошимиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.  

 

Улуғбек Аширов,
Тўйчи Эшбўриев,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё
вилоят Кенгаши фаоллари, вилоят
“Қатағон қурбонлари хотираси”музейи
илмий ходимлари.

                                                                                

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+