Тадбиркорга эътибор янада ортди

21.08.2024 15:08:21

Кейинги йилларда республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳалар ривожига хизмат қилмоқда. Жумладан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди. Натижада тадбиркорлар янги-янги ташаббуслар билан чиқиб, истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклида ўтказган учрашуви соҳа ривожи йўлида яна бир дадил қадам бўлди. Таъкидланганидек, қандай таҳликали ва мураккаб замонда яшаётганимизга қарамай, иқтисодиётимиз барқарор ўсиб боряпти. Буни дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар етакчилари ҳам  эътироф этмоқда. Яқинда Халқаро валюта жамғармаси мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошганини тасдиқлади.

Албатта бундай юқори натижаларга ўз ўзидан эришилаётгани йўқ. Иқтисодиётимиз ривожининг асосчилари бўлган тадбиркорлар учун барча шароитлар яратилган. Президентимиз бошчилигида давлатимиз ҳамма вақт улар билан елкама-елка туриб, биргаликда ишламоқда.  Ҳар қандай муаммо ўз вақтида ечимини топяпти. Бунинг самараси жойларда замонавий корхоналар очилаётгани, янги иш ўринлари яратилаётгани ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар дунё бозоридан ўрин олаётганида кўринмоқда. Ташаббускор ва шижоатли тадбиркорлар замон билан ҳамнафас ҳолда ўз бизнесини йўлга қўйяпти. Ана шундай фаол тадбиркорларга қараб Президентимизнинг “Сизлар янгилик яратишдан, ташаббус кўрсатишдан чарчаманглар. Сизларни қўллаб-қувватлашга, янада қулай шароитлар яратиб беришга мен доим тайёрман!”, деган сўзлари  барча ташаббускорларга янги куч бағишлади.

Очиқ мулоқот давомида кўрсатилаётган эътибор натижасида бу йилнинг ўзида тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етгани, йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар 2 карра кўпайгани қайд этилди. 100 тадан ортиқ ишчиси бор корхоналар 3 мингга яқинлашиб, улардаги иш ўрни бир йилда 440 мингга кўпайди.

Тадбиркорлар учун яна бир янгилик. Энди микрокредитлар миқдори 3 карра оширилиб, 300 миллион сўмга етказилади. Бунда кредитнинг 100 миллион сўмгача бўлган қисмига гаров талаб қилинмайди. Бу мақсадга бир йилда 10 триллион сўм бериладиган бўлди.

Юқоридагилар рақамлар тизимда катта ишлар амалга оширилаётгани ва бунинг натижасида иқтисодиётимиз юксалиб бораётганини кўрсатади. Қолаверса, тадбиркорлар сафи янада кенгайиб, улар ўз ютуқлари билан Ўзбекистондаги ислоҳотлар локомотивига айланишини ифодалайди.

Акбаржон Назаров,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят кенгаши
Матбуот котиби.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+