Янгиликлар 2182
Тил билган эл билади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 6 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига бағишлангани бизни ниҳоятда қувонтирди. Сабаби, мамлакатимизда ҳар йили илм-фаннинг бир нечта йўналиши танлаб олиниб, алоҳида эътибор билан ривожлантирилмоқда. Бу йил физика ва чет тиллари ана шундай устувор соҳалар этиб белгиланган.
Давлатимиз раҳбари айнан мана шу масалани кун тартибига олиб чиққанлари биз ёшларнинг ҳам олдимизга аввалгидан кўра кўпроқ масъулиятли, янада ташаббускор бўлишни қўяди.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келди. Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим”.
Аммо, тан олиш керакки, ҳали ёшларимизни чет тилларини ўрганишга жалб қилиш, таълим муассасаларида хорижий тилларини ўқитиш борасида ечимини кутаётган муаммолар бор. Бу муаммоларни давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида куюнчаклик билан таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, таълим тизимида 2 мингдан ортиқ чет тили ўқитувчиси лавозими вакант бўлиб қолаётганлиги, 1 минг 400 та мактабда чет тилини ўқитиш сифати мутлақо қониқарсизлиги, бу тизимдаги ўқитувчиларнинг атиги 4 фоизи миллий ва халқаро тил сертификатига эгалиги айтиб ўтилди.
Президентимизнинг йиғилишдаги фикрларидан келиб чиқиб, Сурхондарё вилоятида бир қатор ташаббуслар илгари суриляпти. Вилоятда чет давлатлардан ташриф буюрган мавжуд олий ва ўрта таълим муассасаларига таълим бериш учун келган хорижлик мутахассислар билан талабалар ва мактаб ўқувчи ёшлари ўртасида учрашувлар ташкил қилиняпти. Уларнинг қизиқишлари, орзулари, мақсадлари юзасидан ўз она тилларида суҳбат олиб бориляпти. Шу орқали чет тилларини ўрганишга иштиёқ ҳам кучаймоқда.
Бугун тобора глобаллашиб бораётган давр барчамиздан салоҳиятли, ташаббускор бўлишни, янгиликларга дахлдорлик туйғуси билан яшашни талаб этаётир. Айниқса, ёшларга қўйилаётган талаб юқори. Уларда Ватаннинг эртанги тақдири, давлат ва жамият тараққиёти мужассам.
Тил билган – эл билади, дейди халқимиз. Дарҳақиқат, ўзга эллар тилини билиш уларнинг маданияти, тарихи, адабиёти, иқтисодиёти, ўтмиши ва бугунини чуқур билишга ва шу асосда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга замин яратади.
Соҳибжамол КАТТАЕВА,
Ёшлар парламенти аъзоси
Фикрингизни қолдиринг