Янгиликлар 527
Янги Ўзбекистон – янги сайловлар
Юқоридаги умумшиор бугун юртдошларимизни фаолликка чақирмоқда. Жорий йилнинг 27 октябрь куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига ўтказиладиган сайловлар янгича тизимда бўлиши эътиборли. Жараёнда барча сайловчиларнинг иштирокини таъминлаш, фуқароларнинг сиёсий билимларини ва сайлов маданиятини ошириш бугун олдинда турган долзарб вазифа.
Ўзбекистон «Адолат» СДП Жалақудуқ туман Кенгаши томонидан ёшлар етакчилари учун ташкил этилган ўқув семинар олдига айни шу вазифа қўйилди. Иштирокчиларга Халқ депутатлари Жалақудуқ туман Кенгаши депутати Тўйдихон Алибоева сайлов қонунчилиги, сайловларда иштирок этиш ва овоз бериш тартиби, бўлажак сайловларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида тутган ўрни хусусида тушунча берди. Биринчи бор сайловда қатнашувчилар учун бу қанчалик шараф ва масъулият эканлигини таъкидлади.
– Сайловлар Янги Ўзбекистоннинг эртасини белгиловчи муҳим омил демакдир,-дейди Тўйдихон Алибоева. – Сиёсий жараённи очиқлик ва ошкоралик билан ўтказиш, ушбу жараёнга ҳеч биримиз бефарқ бўлмаслигимизни, аксинча Ватанимиз келажаги учун фаол бўлишимиз лозимлигини ёшларга тушунтирдик. Улар ўз сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириши кераклигини англаб етдилар. Етакчиларга хос ташаббус билан маҳаллаларда тенгдошларига ҳам буни етказишга қарор қилдилар. Бунда фаол «Ёш адолатчилар» уларга кўмакчи бўлишади.
Албатта, сайлов тарғибот-ташвиқот тадбирлари олдидан бу каби ўқув семинарларини ўтказиб бориш – юртдошларимизда сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлардан хабардорлигини ошириш билан бирга сиёсий фаоллигини кучайтиришга ҳам хизмат қилади.
«Адолат» СДП
Андижон вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг