Янгиликлар 579
Фарғонада ҳам Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокама қилинди
Фарғона шаҳридаги Юридик техникумда ҳам “Адолат” СДПнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишни “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева кириш сўзи билан очиб, жорий сайловлар олдидан вилоят кенгаши томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар, кампания давридаги тарғибот ишларида фарғоналикларнинг фаоллик билан иштирок этаётганини таъкидлади.
Шундан сўнг “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Ислом Ҳамроев партиянинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури лойиҳасидаги ғоя ва таклифлар тўғрисида”ги маърузасида дастурнинг мазмун-моҳияти, ишлаб чиқиш жараёнлари хусусида иштирокчиларига батафсил маълумот берди.
Савол-жавобларга бой ўтган тадбирда иштирокчилар Сайловолди дастури лойиҳасида кўплаб соҳалардаги узоқ вақтдан буён ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш, ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган муҳим таклифлар илгари сурилаётганини эътироф этдилар.
-Менга партиянинг Сайловолди дастури лойиҳаси жуда маъқул келди, - дейди тадбир иштирокчиси Лобархон Каримова. – Кейинги пайтларда вояга етмаган гўдакларга нисбатан зўравонликлар, айниқса, жинсий зўравонликларни интернет тармоқлари орқали кўриб, эшитиб, эртанги кунимиздан жуда хавотирда эдим. Партиямизнинг Сайловолди дастури лойиҳасида бу каби разилликни амалга оширган зўравонларга умрбод қамоқ жазоси тайинланиш юзасидан таклифларни қонунчиликка киритиш борасидаги ташаббуси менга маъқул келди.
Дарҳақиқат, социал-демократиянинг адолатлилик, эркинлик, тенглик ва бирдамлик ғоялари устуворлик касб этган Сайловолди дастури лойиҳаси инсон ҳуқуқларини олий қадрият даражасида эътироф этишга қаратилган. Унда мустаҳкам ҳимоя қўрғони яратиш, ҳар бир инсоннинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар камситилишига қарши курашиш, адолат – ҳар бир инсон учун тамойилига амал қилиш каби ғоялар асосий йўналишлар сифатида ифодасини топган. Зеро, ушбу таклифлар халқимиз, хусусан, электоратимиз манфаати йўлидаги муҳим ислоҳотларга, амалий натижаларга йўл очади.
"Адолат" СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг