Янгиликлар 1258
Ёшлар қалби - чорраҳа
Бизда ёшлар билан индивидуал ишлаш, уларнинг мафкуравий иммунитетини текшириб туриш, ички дунёсини ўрганиш кам. Натижада улар 17-18 ёшдан кейин то умрининг қандайдир қисмини аксарият ҳолларда кимга эргашишни билмай ўтказадилар. Россияга кетаётганлар, Америкага грин картага топшираётганлар, Европа маданиятига ошиқлар, мактабни битириб ўқишга киролмай қишлоқларда ишсиз юрганлар, ҳатто ўқишга кириб ҳам дипломи қўлида бўла туриб ҳам иш тополмай қийинчиликлардан нолиб юрганлар, нима иш қилишини билмай, ўзининг келажагини қайси иш, касбда бўлишини тасаввур қилолмайдиганлар, буларнинг ҳаммаси бизнинг уларнинг онги билан ишлай олмаганимиз сабабли пайдо бўлади.
Биз ўзимизнинг моддият билан боғлиқ картошка, пиёз, гўшт, кийим-кечак, йўл пули, телефон, ойлик олиш ташвишлари билан уларнинг жажжи ва лекин муҳим микрооламларини унутамиз. Картошка, пиёз, бир халта ун, уйқу ҳам керак, лекин боламиз келажагини яратиш, уни назорат қилиш, мафкуравий иммунитети шаклланиши, ҳаётда ўз ўринин топа олиши учун ўзини ҳис қила олиши, мустақил фикрга эга бўлиши, кимнингдир яхшигини пул ёки ширин сўзига учиб ортидан эргашиб кетавермаслиги, ҳаётни таниши учун дунёқараши шаклланган, онги уйғоқ бўлиши кераклигини унутиб қўймайлик.
Бола ва ёшлар қалби гуёки бир чорраҳа. Бола ва ёшлар дили турли фикр, дунёқараш, фалсафа, умид, орзу, иқтисод, таълимот, сўзлар, ўтмиш ва келажак учрашадиган жой. Бу учрашув жойи мафкуравий қарашлар, фикр доираси пайдо бўладиган майдон. Уларга эркинлик ва масъулият, тўғри йўл ва эзгу мақсадлар керак. Касб ва ҳунарга муҳаббат зарур. Бунинг учун уларга энг аввало ҳаётдаги вазифаларини англаб етишига кўмаклашишимиз, кундалик рўзғор, иш, моддият, ижтимоий тармоқлардан ортиб ҳар куни вақт ажратишимиз, унинг мақсади, ўй-хаёллари билан ўртоқлашишимиз зарур. Ахир бола қалби микрокосмос. Бу коинотнинг ҳам ривожланиш қонун, қоидалари борлигини унутмайлик азиз замондош.
Муҳиба Бабабекова,
Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг