Зиё масканига аудиокитоб тақдим этилди

23.09.2024 14:09:04

Мамлакатимизда аҳоли саводхонлиги, ҳуқуқий онгини юксалтириш йўлидаги изчил ислоҳотлар давомида имконияти чекланган юртдошларимизнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирокини таъминлаш ва уларга билим манбаларини кенгроқ очиб бериш бўйича ҳам кўплаб саъй-ҳаракатлар амалга ошириляпти. Шу жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан бошланган ташаббуслар ҳам ижтимоий тенглик ва билим олиш имкониятларининг кенгайишига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшмоқда.

Ана шу эзгу мақсадлар сари олиб борилган энг сўнгги қадамлардан бири – Бош Қомусимизнинг аудиокитоб шаклида тайёрланиб, кенг оммага тақдим этилиши бўлди. Мазкур аудиокитоб мамлакатимизнинг барча фуқаролари, айниқса, имконияти чекланган инсонлар учун Конституциямизнинг муҳим моддалари билан танишиш, уларни осон тушуниш ва эслаб қолиш имкониятини тақдим этади. Бу эса, албатта, адолат, ҳуқуқий маданият ва билим олишга бўлган умумий эътиборни оширади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова ташаббуси билан яратилган аудиокитоб айни дамда ҳам юртимиздаги давлат ташкилотлари, нодавлат тузилмалар, олий ва ўрта таълим муассасалари, имконияти чекланган фуқаролар билан ишловчи марказлар ҳамда Миллий кутубхона тизимидаги ахборот-ресурс марказларига етказилиши таъминланмоқда.

Жумладан,  “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раис ўринбосари, 26-сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлигига номзод Ёрқиной Ҳожиматова ҳамда Ўзбекистон МҚП депутати ёрдамчиси Акмалжон Ҳайдаров  аудиокитоб тўпламини Нодирабегим номидаги вилоят ахборот кутубхона марказига тақдим этди. Тадбирда марказ директори Мавлудахон Жўрабоевага ушбу китоб тантанали равишда топширилди. Умуман олганда, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси Конституция асосларини билиш, улардан фойдаланиш ва уларга амал қилиш ҳуқуқига эга. Бу аудиокитоб айнан шу муҳим ҳуқуқий онгни кенг ёйишга хизмат қилади.

Тадбир давомида Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлигига номзод Ёрқиной Ҳожиматова сўзга чиқиб, ушбу аудиокитобнинг нафақат билим олиш, балки имконияти чекланган инсонлар учун маданий ҳамда ҳуқуқий ҳамроҳ бўлишини қайд этди. Аудиокитобнинг аҳолига қулай ва тушунарли шаклда етказилгани, барча қатламлар учун тенг имконият яратишда муҳим воситага айланишини алоҳида таъкидлади.

Тадбир иштирокчилари ушбу саъй-ҳаракатлар жамиятда адолат ва тенгликка асосланган янги босқичга олиб чиқишини таъкидлаб, бу ташаббуснинг давом эттирилишини қўллаб-қувватладилар. Адолатнинг мазмун-моҳиятини кенг ёритишга хизмат қилувчи бундай аудиокитоблар келажакда янада кенгроқ тарқалиб, мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ривожланишига ҳисса қўшишда давом этиши, шубҳасиз.


"Адолат" СДП

Наманган вилоят Кенгаши 

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+