Янгиликлар 490
Зуҳра Ибрагимова Элликқалъа туманида
Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш юзасидан биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишидаги топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Зухра Ибрагимова 24-27 июль кунлари Элликқалъа туманида бўлди.
Депутат партиямизнинг Элликқалъа туман Кенгаши раиси Ў.Каримов, Қорақалпоғистон республикаси маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа туман бўлими раҳбари А. Мадниёзовалар билан биргаликда тумандаги Амиробод, Тўртёп, Ихлос, Сорабий, Думанқальа овулларидаги сайловчилар билан учрашди.
Учрашувда сўзга чиққанлар кейинги йилларда Қонунчилик палатасида қабул қилинаётган қонунлар, жумладан, ер участкаларига бўлган ижара ва мулкий ҳуқуқини эътироф этишга қаратилган қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида маълумот беришди.
Зуҳра Ибрагимова томонидан аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ва ечим талаб қилинаётган масалаларни ҳал қилиш мақсадида ҳар бир овул фуқаролар йиғинида сайёр қабуллар ўтказилди.
Қабул давомида аҳоли вакиллари томонидан 15 та мурожаат қабул қилинди. Фуқароларнинг бандлик, транспорт ва йўл қурилиши, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ва қуриш каби масалаларга доир мурожаатлари бўйича тегишли ташкилот раҳбарларига депутатлик сўрови чиқарилиб, уларга ечим топиш устидан назорат олиб борилиши белгиланди. Келиб тушган мурожаатларнинг 5 таси ижобий ҳал этилди. 10 та мурожаат ўрганиш талаб этилгани учун назоратга олинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари «маҳалла еттилиги» вакиллари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Думанқалъа ва Тоза боғ овулларида бўлди.
Депутат Тоза боғдаги янгидан замонавий кўринишда барпо қилинган минг кишига мўлжалланган тўйхонанинг очилиш маросимида ҳам иштирок этди. Очилиш муносабати билан тўйхонада овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 16 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларининг суннат тўйлари ўтказиб берилди.
– Президентимизнинг 2023 йил 21-декабрдаги «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида бугун маҳалла чин маънода юртдошларимизнинг энг ишончли институтига айланмоқда, -дейди Зуҳра Ибрагимова. -Жумладан, Амиробод, Сорабий, Думанкальа ОФЙларида амалга оширилаётган ишлар, айниқса, Тоза боғ ОФЙдаги “Дунё” халққа маиший хизмат кўрсатиш объектлари бизни қувонтирди.
Амангуль ЕСЕМУРАТОВА,
«Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши
Матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг