Янгиликлар 6081
Боёвутлик номзод адвокатлар мавқеини кўтармоқчи
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 75-Боёвут сайлов округидан кўрсатилган номзод Инъомжон Қудратов куни кеча Боёвут туман тиббиёт бирлашмасида сайловчилар билан учрашди.
Учрашув давомида номзод ўз дастури билан йиғилганларни батафсил таништирди. Номзод И. Қудратов ўз дастурида аввало, аҳоли муаммолари ва уларнинг ечимига қаратилган вазифаларни қонунчилик орқали амалга оширишни асосий мақсад этиб қўйганлигини эътироф этди. Шунингдек, Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, мамлакатда ижтимоий адолат, эркин фуқаролик жамияти барпо этишда, суд-ҳуқуқ соҳасида судлар мустақиллигига эришиш учун инсонларнинг ҳуқуқий ҳимоячиси бўлган адвокатлар мавқеини кўтариш лозим эканлигини алоҳида таъкидлади. Депутат этиб сайланса, ушбу вазифаларни бажаришга киришиш номзод учун ифтихор бағишлашини маълум қилди.
Учрашувда Боёвутга гастрол сафари билан келган Ўзбекистон ва Озарбайжонда хизмат кўрсатган артист Марям Сатторова ҳам иштирок этди. Номзоднинг ғоя ва ташаббусларини тинглаган артист партиянинг чинакам ихлосмандига айланди.
Шу куни номзод И. Қудратов Гулистон туманидаги аҳоли вакиллари билан ҳам сермазмун мулоқотларда бўлди.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сирдарё вилоят Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг