СИРДАРЁ

Манзил: Гулистон шаҳри, Мустақиллик кўчаси, 35-уй

Телефон: (67) 225-43-58, 225-42-23

Электрон манзил:  sv_adolat@mail.ru

Янгиликлар
News

Халқ манфаати йўлида

  Жорий йилда “Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинган эди. Ушбу қарор ўз мазмун-моҳияти билан глобал аҳамиятга эга долзарб муаммоларга барҳам бериши билан қимматли эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли. Негаки, ушбу қарорда ижро этиш учун белгилаб берилган вазифалар аҳоли саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза этиши билан биргаликда, ижтимоий хавфи юқори бўлган юқумли касалликларнинг олдини олиш юзасидан мустаҳкам амалий чоралар кўришни белгилаб берди. Хусусан, 2019-2021 йилларга мўлжалланган дастур асосида сил ва ўпканинг носпецифик касалликларига қарши курашиш комплекс чора-тадбирлари соҳа бўйича улкан амалий ишларни бошлаб беришни назарда тутган. Эътироф этилган ушбу чора-тадбирлар бизнинг вилоятимизда ҳам бу борадаги ишларни юқори поғоналарга олиб чиқиши, шубҳасиз. Айтиб ўтиш жоизки, вилоят миқиёсидан келиб чиқиб оладиган бўлсак, туман ва шаҳарлар у ёқда турсин, хаттоки, вилоят марказида ҳам бу тизим анча самарасиз фаолият кўрсатаётган эди. Ўпка ва сил каби юқумли касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш, уларга қарши йўналтирилган зарур эмлаш чораларини кўриш, очиқ айтиш керак, деярли тизимда кўзга ташланмаётган эди. Эндиликда, бу қарорнинг қабул қилиниши бу борадаги ишларни ҳам жонлантиради. Айниқса, пульмонолог шифокорларнинг ишлаш меҳанизми кучаяди. Улар фаолиятини самарали ташкил этишлари учун махсус хоналар, зарур тиббий техник анжомлар билан таъминланади. Аҳолини бу юқумли касалликлардан ҳимоялаш учун яшаш манзилларида мутасаддилар томонидан кучли назорат олиб бориш тартиби ўрнатилади. Касаллик юзага келиб чиқмаслиги ва олдини олиш чораларини кўриш учун масканларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар олиб борилади. Бу хизматларни кўрсатишда партиямиз фаоллари ҳам ўз ташаббускорликларини аяшмайди, албатта. Партия лойиҳаларидан бири “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида бу бўйича тегишли ишлар амалга оширилишини келгусидаги муҳим жараёнлар қаторида ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Кўпчилигимизга яхши аёнки, вилоятимизда олий маълумотга эга шифокор кадрлар етишмайди. Бу камчилик пульмонолог ва фтизитерапевт шифокорларининг мавжудлик даражасида ҳам яққол кўзга ташланади. Қабул қилинган мазкур қарор билан бу муаммо барҳам топиши, соҳада етук ва малакали шифокорлар фаолият бошлаши муқаррар. Чунончи, Тошкент тиббиёт академиясида ва кейинчалик бошқа тиббиёт олий ўқув юртларида ҳам соҳа бўйича етук кадрларни тайёрлаш, уларнинг магистратура ва клиник ординатурада таълим олишларини фақат давлат гранти асосида ташкил этиш, ўйлайманки, ўзининг ижобий мевасини бермасдан қўймайди. Бу амалиёт талабалар учун нақадар қулай ҳамда келажакда улар ўз фаолиятларида яхши кўрсаткичларга эришишлари учун аҳамиятли ҳисобланади. Умуман олганда, бу қарорнинг қабул қилиниши соҳада ижобий ўзгаришларни бошлаб бергани ҳолда, республикамиз аҳолиси соғлиғини юқумли касалликлардан муносиб ҳимоялашда асосий омил бўла олади. Убайдилла АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Гулистон туман Кенгаши депутати, шифокор-терапевт ...

Батафсил
News

Сирдарёнинг адолатчи аёллари сиёсий саводхонликларини синовдан ўтказишди

  Партиянинг сайловолди дастурида юртимизда хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш масаласи давлат сиёсати даражасигача кўтарилганлиги алоҳида қайд этилган. Бугунги кунда уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши баробарида уларнинг турмуш тарзи, шароитини яхшилаш, оилавий бизнесни шакллантиришга хотин-қизларни жалб қилиш борасида ҳам бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Маълумки, партия мазкур имконият ва ислоҳотларни чекка-чекка қишлоқ аёлларига тарғиб қилишга, шу билан бирга уларнинг ижтимоий-сиёсий маданиятини оширишга ҳисса қўшиши билан бир пайтда партиянинг “Аёллар қаноти” Кенгаши фаоллари ташаббуси билан ўз сафидаги заковатли хотин-қизларнинг иқтидорларини кашф этиш, уларнинг билими ва салоҳиятини кенг жамоатчиликка намоён қилиш, турмуш тарзи ва фаолиятини, илгари сураётган эзгу ғояларини бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш мақсадида партияга аъзо хотин-қизлар ўртасида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” номли кўрик-танлови ўтказилиши анъана тусига кириб улгурди. Бу эса нафақат хотин-қизлар, балки барча партия аъзоларини янада жипслаштиришга, фаоллаштиришга, партия тизимида ташаббускор ва фаол аёллар сонини кўпайтиришга, жойлардаги партия ташкилотлари таркибида бўлган “Аёллар қаноти” Кенгашлари салоҳиятини оширишга, “Аёллар қаноти” аъзоларининг партия ҳаётидаги иштирокини кучайтиришга, уларнинг ташаббускорлигини оширишга, партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга уларни кенг жалб этишга ёрдам бермоқда. Гулистон шаҳридаги “Маънавият ва маърифат маркази”да мазкур кўрик-танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Вилоятнинг барча туман ҳамда шаҳарлари босқичларида ғолибликни қўлга киритган партиядош хотин-қизлар беллашган ҳудудий босқични Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева кириш сўзи билан очиб, барча туман ва шаҳар ғолибларини кўрик-танловнинг вилоят босқичига етиб келганлиги билан табриклади. Иштирокчилар кўрик-танловнинг “Адолат – менинг нигоҳимда” номли биринчи шарти асосида мавзу юзасидан тегишли тақдимот ва лойиҳаларини тақдим этдилар. Номзодларнинг сиёсат ва ҳуқуқга доир билимлари синаладиган тадбирнинг иккинчи қисми “сиёсий билимдонлик”да иштирокчилар ўзларининг ташаббускорлиги, ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан дунёқараши, сиёсий саводхонлиги, умумбашарий ва ижтимоий қадриятларни яхши ўзлаштирганликларини намойиш этдилар. Сўнгги шарт бўйича иштирокчиларнинг эркин мавзудаги бадиий чиқишлари томошабинларга кўтаринки руҳ бағишлади. Самимий, кўтаринки ва муросасиз ўтган беллашувда қатнашчилар ҳар бир шарт якуни бўйича ҳакамлар томонидан одилона баҳоланиб борилди. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган республика босқичига йўлланмани партия Гулистон шаҳар Кенгаши аъзоси Сурайё Усмонова қўлга киритди ва фахрли 1-даражали диплом билан тақдирланди. Шунингдек, иккинчи ўринга ховослик аъзоларимиздан Азиза Назарова, учинчи ўринга Оқолтин тумани партия ташкилоти фаоли Гулмира Намозова муносиб кўрилди. Кўрик-танловнинг бошқа иштирокчилари ҳам турли хил йўналишдаги номинациялар билан тақдирланиб, уларга партиянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. — Кўрик-танловнинг Гулистон шаҳар босқичида ғолиб бўлганимда роса қувонгандим. Бугун қувончим икки баробар ортди. Ғолиб бўламан деб ўйламагандим, — дейди вилоят босқичи ғолибаси Сурайё Усмонова.— Сабаби бошқа иштирокчилар ҳам юқори савияда тайёргарлик кўришганининг гувоҳи бўлдим. Аслида бу каби танловда иштирок этишнинг ўзи биз иштирокчилар учун муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, вилоятимизнинг барча маҳаллий партия ташкилотларидан келган опа-сингилларимиз билан яқиндан танишиб, улар билан партиянинг фаоллигини оширишга қаратилган амалий ишлар ҳақида тажриба алмашиниш имкониятига эга бўлдим. Республика босқичида Сирдарё вилояти номидан иштирок этар эканман, масъулиятни тўла ҳис этган ҳолда, кучли тайёргарлик кўриб, ғолибликни қўлга киритмоқчиман. Бунинг учун менда ишонч ҳам, иштиёқ ҳам етарли. Ўзига хос байрамга айланиб улгурган ушбу кўрик-танлов бугуннинг аёли нафақат оила ва фарзанд тарбияси билан шуғулланадиган инсон сифатида, балки уларни ижтимоий-сиёсий фаол, оқила ва ташаббускор аёл бўлишга чорловчи тадбирлардан бири бўлди, десак асло янглишмаймиз. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

“Ховосга ҳали ҳавас қиласиз”

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи чоғида белгилаб берган вазифалар сирдарёликлар зиммасига юксак масъулият юклайди. Чунончи, биргина Ховос туманининг ўзида режага киритилган ишлар туман янада обод ва фаровон бўлишидан далолат беради. Чунки юртимизда улкан бунёдкорлик ишлари давом этаётган бир вақтда Ховос тумани бу борада яккаланиб қолаётгандек эди. Шу давргача бу ҳудудда бирорта ҳам кўп қаватли иншоотнинг барпо этилмаганлиги, аҳолининг кенг қатлами, асосан эски, тор ва зах, шароити бўлмаган турар жойларда истиқомат қилиши кўпгина муаммоларни келтириб чиқараётганди. Президентимиз топшириғи билан эндиликда ушбу масканда янги марказ бунёд этиладиган бўлди. Бу марказ негизида Ховоснинг янги қиёфаси шакллантирилиши бош вазифа этиб белгиланди. Хусусан, Мирзачўл тажрибаси асосида М-39 автомобиль йўли бўйидаги 42 гектар ҳудудда комплекс қурилиш ишлари лойиҳалаштирилди. Унга кўра, бу ерда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари бинолари, давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, турар жойлар, мактаблар, истироҳат боғи, хотира майдони, кинотеатр, кутубхона, масжид, бозор, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилади. Йўл инфратузилмаси ривожлантирилиб, аҳоли ва транспортлар учун қулайликлар яратилади. Шу билан биргаликда, ҳар йили кўп қаватли уйлар барпо этилиб, аҳолининг ижтимоий шароитлари босқичма-босқич яхшиланади. Бунёдкорлик ишларининг белгиланиши ховосликларни қувонтирди. Зеро, оилавий шароити яхшиланган инсоннинг эртанги кунга ишончи ҳам мустаҳкам бўлади. Шунингдек, Ховос туманида бир қатор янги фабрика ва заводлар қурилиши ҳам ҳудуддаги кўплаб муаммолар ҳал бўлишига замин яратади. Жумладан, селитра ишлаб чиқарувчи, чорва молларини ем ва омухталар билан таъминловчи заводлар қурилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти томонидан Сирдарё вилоятида 32 та тикувчилик мажмуалари ташкил этиш режалаштирилди. Албатта, бу мажмуаларнинг бир қисми Ховос туманида ҳам қад ростлайди. Бу фабрикалар негизида 4 минг 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Дарҳақиқат, бугун Ховос аҳли бундай бунёдкорлик режаларидан, ўзлари истиқомат қилаётган масканнинг яқин келажакда тубдан янги қиёфа касб этишидан бениҳоя мамнун. Албатта, бу вазифалар ижросини таъминлашда Ўзбекистон "Адолат" СДПнинг ҳудудда иш олиб бораётган вакиллари ва депутатларининг ҳам ўз ўрни,бўлади. Валижон ТЎЙЧИЕВ, Ўзбекистон "Адолат" СДП Сирдарё вилоят кенгаши раис ўринбосари   ...

Батафсил
News

Пленумдан — пленумгача: сайловчиларга берилган ваъдаларни бажаришда ҳудудий кенгашлар партиянинг асосий кучи саналади

Жорий йилнинг 20 февраль куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгашининг навбатдаги ХV Пленуми бўлиб ўтди. Унда партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари вакиллари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия экспертлари, фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди. Йиғилишда партиянинг барча даражадаги тузилмалари ва депутатлик корпусининг 2018 йилда амалга оширган ишлари, эришилган ютуқлар баробарида йўл қўйилган камчиликлар туман, шаҳарлар кесимида танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқилиб, 2019 йилдаги фаолиятнинг асосий йўналишлари ҳамда партия фаолиятига доир бошқа масалалар муҳокама қилинди. Пленум аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Парламентга Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор йўналишлар партия фаолиятига ҳам замонавий ёндашув ва янги мазмун олиб кирганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Партия вилоят Кенгаши ўтган вақт оралиғидаги ўз фаолияти ва дастурий вазифаларини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиб, Президент Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг ХI Пленумида тасдиқланган чора-тадбирлар дастури бўйича фаолиятини тубдан жонлантириши лозимлиги қайд этиб ўтилди. Шунингдек, партия ҳудудий ва маҳаллий Кенгашларининг сайловлар бўлиб ўтадиган ушбу йилда бажарилиши лозим бўлган иш режалари қайтадан кўриб чиқилиб, партия дастурининг таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилиши зарур бўлган ишлари белгилаб олинди. Шу билан бирга, фаолиятида партиявий лойиҳаларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйган маҳаллий Кенгашларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича тавсиялар берилди. Бундан буён партия ходимлари ва депутатлари ўз вазифаларига астойдил, юракдан ёндошишлари, масъулият билан иш олиб боришлари, ўзларини ўзлари тафтиш қилиб мудроқликдан халос бўлиш вақти келганлиги уқтириб ўтилар экан, партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А. Рахмонов яна бир масалага жиддий аҳамият қаратиш кераклигини, хусусан, партиянинг нуфузини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш, сайловларда халқ ишончини қозониш орқали юқори натижаларга эришиш муҳим эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Баъзи туман, шаҳар Кенгашлари ва депутатлари ўз вазифаларига шу қадар совуққонлик билан қарашганки, буни уларнинг бирорта ҳам сессияга масала киритмаганлари, доимий комиссияда иш олиб бормаганлари, мансабдорларнинг ҳисобот эшиттирувларини ташкил қилмаганларидан ҳам билиш мумкин. Ширин, Янгиер шаҳарлари, Гулистон, Боёвут, Сайҳунобод туманларида юқоридаги вазифаларнинг бажарилишида анчайин оқсаганликларни кузатиш мумкин. Албатта, бундан айрим туман, шаҳар Кенгашларининг фаолияти мустасно. Аммо барибир уларнинг ишларини ҳам партиянинг ўз олдига қўйган режаси учун етарли деб бўлмайди. Ҳамжиҳатлик ва хамкорликда гап кўп. Қачонки, партиянинг барча туман, шаҳар Кенгашлари жипсликда, ўзаро боғлиқлик асосида иш олиб борсалар, юқоридаги камчиликлар ўз-ўзидан бартараф этилиб, кўзланган натижаларга эришиш мумкин бўлади. Бунда вилоят бўйича бор-йўғи бир-иккитагина жонбозлик кўрсатиб ишлаётган партия туман Кенгашлари қолганларини ҳам ўз ортидан эргаштиришлари, зарур бўлса, уларга амалий жиҳатдан кўмак бериб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашишлари лозимлиги айтиб ўтилди. Йиғилишда келгусидаги бир қатор ташкилий ва амалий ишлар аъзолар иштирокида кўриб чиқилиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Пленум сўнгида ўз фаолияти билан партиядошларига ўрнак кўрсатиб келаётган бир гуруҳ депутат ва ходимларга ташаккурномалар топширилди. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Рағбат масъулиятни янада оширади

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг ХI Пленумида кўплаб партиядошларим қатори мен ҳам иштирок этдим. Пленумда партиянинг 2018 йилда қилинган ишлари сарҳисоби ва 2019 йил режалари бўйича амалга ошириладиган ишлар баёни билан танишдик. Шу билан бир қаторда, партияда ўзининг муносиб меҳнати орқали йиллар давомида эътироф ва ҳурматга сазовор бўлган сафдошларимиз Сиёсий Кенгаш томонидан таъсис этилган “Адолат” кўкрак нишони билан тақдирланишди. Мукофотланганлар орасида менинг ҳам борлигим эса кўксимни ғурур ва ифтихорга тўлдириб юборди. Залдаги мукофотни топшириш жараёнида ўзимнинг номимни эшитгач, очиғи, кўзларимга ишонмадим. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси Спикери ўринбосари, партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров шахсан ушбу кўкрак нишонини менга тақдим этар эканлар, чексиз ҳаяжон бутун вужудимни қуршаб олди. Вилоятимизда мендан ҳам ташаббускор, мендан ҳам фидоий партиядошларимиз кўп эди. Менинг кичик меҳнатимни қадрлаб мукофотга муносиб топишган экан, эндиликда бу кўкрак нишони партиямиз нуфузини оширишда яна ҳам кўпроқ жонбозлик кўрсатишимга рағбат бермоқда. Мен партиямиз ва унинг сафида хизмат қилаётган барча ҳамкасб ва дўстларимдан миннатдорман. Менга ушбу мукофотнинг берилишида уларнинг ҳам алоҳида ҳиссалари борлигини яхши англайман. Ҳамжиҳатлигимиз, вазифага фидокорона ёндашишимиз сабаб биз бундай натижага эришдик. Менинг партия олдидаги камтарона меҳнатларимни улуғлаб шундай мукофотга лойиқ кўришибди. Албатта, бу менда фахр ҳиссини уйғотиши билан биргаликда, зиммамга янада улкан масъулиятларни қўймоқда. Бу масъулиятли вазифалар замирида энг аввало, ўз фаолиятим орқали халқимизга янада кўпроқ хизмат этиб, улар ишончи ва меҳрини оқлашим зарурлигини ҳис этмоқдаман. Шунинг учун, келгуси фаолиятимда ҳам ўз бурчимни оғишмай тўла-тўкис адо этиш ниятидаман. Айниқса, бу йилги бўлиб ўтадиган сайловлар жараёнида партиям манфаатларини ҳимоя этиш ҳар қачонгидан ҳам елкамдаги масъулиятни ошириб, жадаллик билан иш олиб боришга ундайди. Нима бўлганда ҳам доимо эзгу ният йўлидаги, халқ манфаатлари йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни бажаришдан асло чарчамайлик. Барчангизга сиҳат-саломатлик, муваффақият ёр бўлсин! Ғойибназар РАЙИМНАЗАРОВ, Халқ депутатлари Ховос туман Кенгаши депутати, “Адолат” СДП Ховос туман Кенгаши раиси ...

Батафсил
News

Солиқ соҳасидаги ислоҳотлар бизга нима беради?

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан жойларда ўтказилаётган “Солиқ имтиёзлари – фаровонлик омили” мавзусидаги ўқув-семинарлари сўнги вақтларда ҳукуматимиз томонидан солиқ имтиёзларининг яратилиши билан боғлиқ шарт-шароитларнинг кенг турдаги омма учун нақадар мос келиши билан аҳамиятли бўлаётганлиги сабаблари юзасидан ташкил этилмоқда. Ховос туман Кенгаши томонидан ўтказилган ушбу мавзудаги ўқув-семинарда ҳам юқорида таъкидлаб ўтилган имтиёзлар баёни йиғилиш қатнашчиларига маълумот тариқасида келтирилди. Партия туман Кенгаши вакиллари, депутатлар, Ўзбекистон темир йўллари АЖнинг Ховос туманидаги корхона ва ташкилот ходимлари ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида бўлиб ўтган ўқув-семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш консепцияси тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ўқув-семинар сўнгида ушбу қабул қилинган фармон юзасидан Ховос туман Кенгаши депутатлик гуруҳи, БПТ раислари, “Аёллар ва Ёшлар қаноти” жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари ва МФЙларга бириктирилган лекторларга ўтказилган семинар мавзусидан келиб чиқиб тарғибот ва ташвиқот ишларини йўлга қўйишлари айтиб ўтилди. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП  Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Иш ҳақидан олинадиган даромад солиғи камайтирилди

Яқинда Ўзбекистсон “Адолат” СДП Сардоба туман Кенгаши томонидан “Солиқ имтиёзлари – фаровонлик омили” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди. Унда партия туман Кенгаши вакиллари ҳамда юридик хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбар ва ҳисобчиларидан иборат иштирокчилар қатнашишди. Ўқув-семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармони ҳамда шу бўйича Президент раҳбарлигида 2018 йил 20 декабрь куни ўтказилган йиғилиш баёни билан белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси юзасидан ташкил этилди. Туман партия Кенгаши раиси Б. Бекмуродов ушбу концепция мазмуни юзасидан йиғилганларга тушунча ва маълумотлар берар экан, янгидан жорий этиладиган солиқ имтиёзлари барча турдаги субъектлар учун бир қатор қулайликларни яратиши билан аҳамиятли эканлигини таъкидлади. Унда фуқароларнинг иш ҳақидан олинадиган даромад солиғи ставкаси камайтирилиб 12 % га туширилгани, фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларининг бекор қилиниши, пенсия тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида ягона ижтимоий тўловнинг пасайтирилиши, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси пасайтирилиши ва шу каби бошқа имтиёзлар кенг ҳаётга татбиқ этилиб, барча учун бирдек афзал бўлган бир қатор енгилликларни келтириб чиқариши хусусида сўз юритилди. Ушбу йилдан бошлаб янги солиқ тизимини амалиётга тўлиқ тадбиқ этиш, айниқса қўшилган қиймат солиғини кенг жорий этишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш муҳимдир. Ўқув-семинар сўнгида бўлиб ўтган давра суҳбатидан олинган билимлардан тўғри хулоса чиқарилган ҳолда, барчанинг жонажон Ватан тараққиёти ва равнақи йўлида бирга ҳисса қўшиши лозимлиги айтиб ўтилди. Соҳиб УСМОНОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши ижрочи котиби ...

Батафсил
News

Телевидениеда кўрсатилмаган мактаблар

Биз мактабларимизда шарт-шароитлар кундан-кунга ҳар томонлама яхшиланиб боряпти, фарзандларимиз унда ҳар жиҳатдан мукаммал билим ва тарбия оляпти, деб ишонамиз. Ҳар куни радио, телевидение ва шу каби бошқа оммавий ахборот етказувчи воситаларда бонг уриб айтилаётган таълим масканларидаги ижобий ўзгаришларни кўрганимиз ва эшитганимизда чин маънода қувонамиз. Аммо “Гуруч курмаксиз бўлмайди”,— деганларидек бу шарт-шароит барча жойда ҳам бирдек ташкил қилинганми? деган савол бизларни мулоҳаза юритишга, аслида ҳақиқат қандай эканлигини баҳолашга чорлайди. Шу фикрдан келиб чиқиб сўз юритадиган бўлсак, том маънодаги ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда бир қанча салбий жиҳатлар ҳам кўзга ташланаётганини афсус билан қайд этишимиз мумкин. Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” ва “Таълим сифати — партия нигоҳида” лойиҳалари асосида вилоятимиздаги шаҳар ва туманларда тузилган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан 2018 йил октябрь ва декабрь ойлари оралиғида жами 80 дан ортиқ умумтаълим мактаблари ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар чоғида бир қатор мактаблар давлат таълим стандартлари талабларига жавоб бермаслиги, қониқарсиз аҳволда эканлиги маълум бўлди. Оддийгина бир мисол, мактабларнинг кўпчилигида тиббиёт хоналари мавжуд эмаслиги кишини ҳайратга солади. Бу масала наҳотки, муассаса раҳбариятини ўйлантирмайди. Ахир, ота-оналар педагогларга боласини ишониб мактабларга жўнатишади. Ўзига ишонгандай ишониб, улар қўлига топширишади. Мабодо, фавқулодда вазиятлар содир бўлганда уларнинг ҳаётига ким жавобгар бўлади? Биринчи ёрдам кўрсатадиган тиббиёт хоналари бўлмаса, боланинг ҳаёти хавф остида қолиб кетиш эҳтимоли юқорилиги мутасаддиларни наҳотки, ташвишга солмайди. Ишчи гуруҳлари томонидан ўрганилган 57 та умумтаълим мактабларида тиббиёт ходимлари томонидан жароҳат олиш хавфи мавжуд бўлган меҳнат таълими ва жисмоний тарбия дарсларида техник хавфсизлик талабларига риоя қилиш устидан назорат ўрнатилмаганлиги, 36 та умумий ўрта таълим мактабларида тиббиёт ходимлари фаолият олиб бормаслиги аниқланди. Ёки дарс машғулотларида ўтирган бола дарсликлар билан юз фоиз таъминланиши кераклигини ҳисобга олганда бу ҳолат ҳам қониқарли эмаслиги кишини ташвишга солади. Бу камчиликлардан дарсликларнинг сифати ҳам мустасно эмас. Кўпгина дарсликлар ҳолати яроқсиз аҳволда. Бу ҳам етмаганидай баъзи дарсликлар матнида хатоликлар учрайди. Инглиз тили, она тили, тарих, биология, рус тили, ҳуқуқ, физика дарсликлари бунга яққол мисолдир. Унда келтирилган жумлалар нотўғри тарзда талқин қилинганлиги, хато ёзилганлиги киши диққатини тортмаслиги мумкин эмас. 7-синф дарсликлари: “Ўзбекистон тарихи” китоби (қайта ишланган 3-нашри. “Шарқ” НМАК — 2017). Дарсликнинг 94-бетида “Абу Наср Форобий (873-950) Арис сувининг Сирдарёга қуйилишида жойлашган Фороб шаҳрида туғилган”, дейилган. Худди шу дарсликнинг русча нашрида эса “Абу Наср Фараби (1203-1270) родился в городе Фараб”, деб ёзилган. 10-синф дарсликлари: “Биология” дарслигида (1-нашр. “Шарқ” НМАК Бош таҳририяти — 2017). Барча тирик организмлар ҳужайралари таркибидаги макроэлементлар миқдори 8-бетда 90 фоиздан ортиғини, 16-бетда эса 98 фоизни ташкил этади, деган мазмунда маълумот берилган. Бундай жузъий хатоликларга йўл қўяётган нашриётлар таълим ва тарбия борасида катталарнинг доимо ёшларга андоза бўлиши кераклигини унутишган кўринади. Биз ўзимиз хато ёзганимиздан сўнг, болалардан буни талаб қилиш қанчалик тўғри. Бу мулоҳазаларни тегишли мутасадди ташкилотлар эътиборга олиб, яхшилаб ўйлаб кўришса мақсадга мувофиқ бўларди. Дарсликлар айланма жамғармаси (ДАЖ) томонидан ҳар йили дарсликлар ўқувчиларга ижара ҳисобидан етказиб берилиши барчамизга аён. Аммо муассасалар раҳбариятининг сусткашлиги ёхуд беэътиборлиги сабабли ўқувчиларнинг дарсликлар билан етарли таъминланиши талаб даражасида эмас. Ўрганилган Боёвут туманидаги 52-, 48, Мирзаобод туманидаги 7-, 12-умумтаълим мактабларида 50 турдаги ўқув дарсликларидан асосан, зарур турдагиларининг (она тили, тарих, рус тили, инглиз тили, физика) етишмаслиги ачинарли. Юқорида келтирилган камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш мақсадида бу масалалар юзасидан партиямиз томонидан жамоатчилик назорати тартибида ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар юзасидан Халқ депутатлари Оқ олтин, Мирзаобод, Сардоба, Сайхунобод, Боёвут туманлари сессияси кун тартибига масала киритиш вазифаси белгиланди. Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган мактаблардаги камчиликларни бартараф этиш бўйича Сирдарё вилояти Халқ таълими мутасаддиларига маълумот тариқасида ўрганишлар ҳисоботи тақдим этилди. Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлики, бизнинг фарзандларимиз бу – бизнинг келажагимиз. Шу боис, уларнинг келажагига асло лоқайдлик билан қарамайлик. Жамиятда қайси касб эгаси бўлишимиздан қатъий назар, ҳар биримизнинг фарзандимиз шу айтилаётган мактабларда таълим олади. Бу эса бизнинг масъулиятимизни янада ошириши керак. Бехзод АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раис ўринбосари ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!