СИРДАРЁ

Манзил: Гулистон шаҳри, Мустақиллик кўчаси, 35-уй

Телефон: (67) 225-43-58, 225-42-23

Электрон манзил:  sv_adolat@mail.ru

Янгиликлар
News

Коррупция – тараққиёт кушандаси

Ўзбекистон “Адолат” СДП Оқолтин туман Кенгаши томонидан “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида тадбир ташкил этилди. Оқолтин Саноат касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган мазкур тадбирда Оқолтин туман партия ташкилоти ходимлари, депутатлар, “Ёшлар қаноти” вакиллари ҳамда коллеж ўқитувчи ва талабалари иштирок этишди. Маълумки, коррупция ўтмишда ҳам бўлган ва ўша даврдаги жамият инқирозларига сабабчи бўлган иллатлардан саналади. Албатта, бу иллат инсоният танасига асосан “нафс” кўринишида зулукдек ёпишиб давлат асосларини емириб, жамият тараққиётига тўсқинлик қилиб келган. Коррупция илдиз отган жойда адолатсизлик, иймонсизлик, қонунга хурматсизлик ҳукмронлик қилиб, парокандалик юз беришига ўтган неча минг йилликлар гувоҳ. Башарият бу иллатнинг пайини қирқиш учун мудом қонунларга таяниб курашиб келмоқда. Хусусан, мамлакатимизда ҳам коррупциянинг олдини олиш ва уни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, кенг ҳаётга жорий этилиб келинмоқда. Аммо кейинги пайтларда халқ ва Президент ишонч билдирган айрим амалдорларнинг коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этаётганликлари бу борада олдимизда қилинажак ишлар ҳали кўп эканлигини кўрсатмоқда.  Депутатлар томонидан мавзу доирасида айтиб ўтилган ушбу фикрларга қўшимча коллеж ёшлари ҳам ўзларининг муносабатларини билдириб ўтдилар. Шунингдек, тадбирда ушбу иллатга қарши барчамиз бирдек жипсликда курашишимиз керак эканлиги таъкидланди. Тадбир якунида талабаларнинг берилган саволларига партия фаоллари томонидан айтилган жавоблар тингланди. Ўткир ҚУДРАТОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Оқолтин туман Кенгаши раиси Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

“I love Uzbekistan” ёки Ватанни инглизча севиш керакми?

Бутун юртимиз бўйлаб урфга кириб улгурган “I love Uzbekistan!” деб ёзилган, аслида “love” сўзи ўрнига юрак тасвири туширилган лавҳа давлат ва жамоат ташкилотлари, идоралар, йўллар, қўйингки, кўплаб жойларда ўрнатилгани жамоатчиликни ажаблантирмоқда. Шу боис кўпчилик зиёлилар мазкур лавҳа урчиб кетаётгани хусусида ўз муносабатини билдирди. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида бир қатор чиқишлар қилинди. Чиндан ҳам бу каби ёзувларни ўрнатиш шартми, деган савол туғилади. Шу ёзувнинг ўрнига она тилимизда “Мен сени севаман, Ўзбекистон!” ёки “Сени севаман, Ўзбекистон!” деган ёзув ўрнатилса бўлмайдими?! Сирдарё вилоятида ҳам инглизча сўзлар битилган лавҳани ўрнатиш “мода”га айланди. Ажабо, ватанпарварликни шундай шаклу шамойилда тарғиб этамизми? Энди тасаввур қилинг, юртимизга ташриф буюрган хорижий меҳмон бу ёзувларга кўзи тушса, нима деб ўйлайди?! Бу ўз тилимиздан воз кечиб, уни бошқа тил билан осонгина алиштириб олиш эмасми? Ёки ўз она Ватанимизни севишимизни ажнабий тилда айтишимиз шартми? Бундай ёзувлар, лавҳаларга ружу қўяётган шахслар она Ватанимизни давлат тилида сева олмайдиларми?! Ажабо, она тилини севмай туриб, Ватанни севиб бўладими ўзи? Бугунги кунда хорижий тилларни ўрганишга жиддий киришганимиз рост, бу давр талаби эканини ҳаммамиз яхши англаймиз. Шу билан бирга, бу тилларни ўрганиб, юриш-туришимиз, гап-сўзларимиз ҳам ўзгариб бормоқда. Албатта, тилни ўрганиш яхши. Чунки қадим аждодларимиз ҳам тил ўрганишга жиддий аҳамият беришган. “Тил билган эл билади”, деган пурмаъно нақл бежиз айтилмаган. Аммо хорижий тилларни ўрганиш дегани инсон миллий ўзлигидан кечиб юбориши керак, дегани эмас-ку! Ўнта тил ўрганганда ҳам ватанпарварлик ҳисси юракда абадий яшамоғи шарт. Аслида бошқа тилларни билишимиз ҳам Ватанга хизмат қилиш учун керак. Афсуски, айрим ёшлар бошқа тилларни ўрганар экан, бора-бора хорижликларга кўр-кўрона тақлид қилишга одатланганини кузатиш мумкин. Сўзларни ўзбек тили билан аралаш-қуралаш тарзда талаффуз қилиб, миллий тилимизни ҳам бузиб юборишяпти. Айтаверсак гап кўп. Ахир дўкон пештахталари, супермаркет, гўзаллик салонлари-ю бошқа жойларда лавҳаларни инглизча, русча ва бошқа тилларда ёзиш ҳолатлари болалаб кетгани ҳам бор ҳақиқат-ку! Хуллас, Ватанимизга муҳаббатимиз изҳори “I love Uzbekistan!” деб битилган лавҳани хорижий тилда ёзиб қўйиш билан белгиланмайди. Яна қайтариб айтаман, бу билан мен тил ўрганиш ёмон деяётганим йўқ, балки ўзгалар тилини ўрганиб, ўзлигимизни йўқотиб қўймайлик, демоқчиман. Шу билан бирга, кўчаларда “Мен сени севаман, Ўзбекистон!” эмас, “I love Uzbekistan!” деган лавҳа юрак сурати билан бирга ўрнатиб қўйилгани ёшлар орасида бунга бошқача мазмундаги тақлидни кучайтиради. Негаки, юрак тасвири ватанпарварлик маъносидан кўра инсонлар ўртасидаги севги ва ҳавасни эслатиши ҳақиқатга яқинроқ. Шу маънода юрак тасвири нафақат ёшларнинг фикрини чалғитади, балки “оммавий маданият” тарғиботига ҳам хизмат қилади, дейиш мумкин. Ўзи биладиган, ҳар куни қўллайдиган тилдаги ёзувни кўриб, ҳеч бир хорижлик ҳайратланмайди. Аксинча ҳайрон қолиши, эҳтимол истеҳзо билан қараши мумкин, холос. Сайёҳлар миллийлигимиз нафаси сезилмаган жойларни кўрганида завқ ҳиссини туймайди, деб ўйлайман. ОАВда баъзи зиёлилар бу ҳолат аслида бизнес мақсадлари билан боғлиқ, деган фикрни ҳам билдиришди. Балки бу гапда жон бордир. Ҳар ҳолда юзлаб, балки минглаб бундай лавҳаларни тайёрлаш учун озгина маблағ сарфланмаса керак! Бу маблағлар, табиийки, сиз билан бизнинг чўнтагимиздан кетади. Яна ҳам аниқроқ айтганда, давлат бюджетидан сарфланади ўша маблағ. Ваҳоланки, бюджет маблағи сиз билан биз тўлаётган солиқлар ҳисобидан шаклланади. Демак, жаноб раҳбарлар, бизнинг, яъни халқнинг пулини керак-нокерак нарсаларга совурманг, дейишга ҳақлимиз. Демоқчимизки, агар бундай ёзувлар Ватанни севишга ўргатиши аниқ бўлса, майли, уни ўзбекча ёзайлик. Юрак сурати ўрнига сўзнинг ўзини ёзиб, тегишли жойларда лавҳа давлат тилида ўрнатилса, озми-кўпми, кишига ижобий таъсир қилса, ажаб эмас. Бу лавҳа она тилимизга бўлган ҳурматимизни оширишга ҳам ҳисса қўшган бўлар эди. Дарвоқе, биз мухтасаргина битигимизда бундай хорижий тилда ёзилган лавҳалар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни талабларига қай даражада жавоб бериш ёки бермаслик масаласига тўхталиб ўтирмадик. Хулоса ўзингиздан, азиз муштарий! Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, Ўзбекистон “Адолат”СДП Сирдарё вилоят кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

Энг буюк олийжаноблик

Яқинда Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида яқин Шарқда бўлаётган уруш олови гирдобидан 156 нафар ватандошларимиз она Ватанимизга қайтарилган эди. Бу қилинган эзгу амалий ҳаракатлар Юртбошимиз олиб бораётган оқилона сиёсатнинг нақадар тўғри ва халқчил эканлигини яна бир карра намоён этди. Дарҳақиқат, юртга қайтарилган ватандошларимиз ичида гўдак ёшдаги болаларнинг, қиз-жувонларнинг борлигини инобатга оладиган бўлсак, бу қилинган хайрли ишнинг улкан аҳамият касб этишини ҳис этамиз. Аввало, улар нима учун ватандан кетишган, қандай мақсадларни кўзлашган, деган савол туғилади. Озгина қийинчиликларга сабр этмай, ўзга юртнинг алдовлари-ю хою хаваси бу бечораларнинг кўзларини қамаштирган бўлса, не ажаб. Осон пул топиш илинжида ўзга мамлакатларга бориб не ҳам топишди улар. “Ўзга юртда шох бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл!” деган мақолнинг мағзини бу каби адашган кимсалар англаб етмагани аниқ. Йўқса, бу каби ҳолатга тушишмаган бўлар эди. Эндигина бўй етиб ўн гулидан бир гули очилмаган қизларнинг ўзга юртларда, бегоналар қўлида хор-зор бўлганликларини ҳис этадиган бўлсак, дахшатли воқеалар кўз ўнгимиздан ўтгандай бўлади. Ўзи бола бўлган, ҳали болалик нашидасини суриб улгурмаганларнинг у ерларда бола қилганликларини ўйлаб “э вох”, дегингиз келади, ногоҳ. Ҳақиқатан ҳам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “бу ишлар бизга ярашадими?!” Ўзбек деган номга иснодку бу! Қани эди, бу каби адашувчи кимсалар хато қилишдан олдин шу ҳақда яхшилаб ўйлаб кўришса… Бу каби хунук ходисалар рўй бермаган бўлармиди? Инсонлардаги ношукрлик, қолаверса улар онгидаги ғоявий бўшлиқ, узоқни кўра олмаслик, энг асосийси ўз ватанини сева олмаслик бундай воқеаларнинг келиб чиқишига замин ҳозирлаётир. Эй одамлар, огоҳ бўлайлик! Агар биз ҳозир огоҳ бўлиб яшамасак, келажагимизни ўз истаганимиздек қура олмаймиз! Тўғри фикрлаб, тўғри юриб, эртанги кунига ишонч билан яшаган инсон бир кун келиб саодатга эришажагини онгимизда, қалбимизда ҳис эта олишимиз даркор. Токи, бу каби ғаразликларга дучор бўлмайлик! Улар ичида албатта, тоғни талқон қиладиган, куч-ғайрати жўш урган баркамол йигитларнинг борлигининг ўзи жуда ачинарли ҳолат. Хўш, улар ўзга юртга кетиб нимага эришди. Ўз юртидаги бир пиёла чойда акс этган хотиржамликни топа олишдими? Йўқ. Шубҳасиз, улар адашишди, бебаҳо соғликларини йўқотишди. Кайф-у сафога берилиб, ор-номусидан айрилди. Тағин ҳам давлатимиз ёрдам қўлини чўзиб, бу каби адашганларга беминнат ёрдам кўрсатди. Уларни сўнгсиз азобдан қутқарди. Қанчалик машаққатли бўлишига қарамасдан, уруш бўлиб ётган ерлардан уларни қайтариб олиб келди. Она ўз фарзандини кечирганидек кечирди. Фарзанд қанчалик ёмон бўлмасин, гуноҳи катта бўлмасин онаизор кечиради. Шунга ўхшаб ватан ҳам ўз фарзандларини бегона юртларга ташлаб қўймади. Авф этиб, мурувват кўрсатди. Ахир, шу эмасми энг катта олийжаноблик. Ҳа, бир сўз билан айтганда Ватан ана шундек бетимсол, бетакрор макон. Унинг қадрига етайлик! Убайдилла АБДУЛЛАЕВ, Халқ депутатлари Гулистон туман Кенгаши депутати, Партия фахрийлар кенгаши раиси ...

Батафсил
News

Саховат — беназир қадрият

Шифохоналарда қанчадан-қанча беморлар касаллик билан курашиб ётганликларини кўриб, соғ танимиз ҳамда соғ ақлимизга таҳсинлар ўқиймиз. Шунинг билан бирга, бу беморлар кимнингдир ёрдамига муҳтож эканлигини ҳис этадиган бўлсак, ҳар бир инсон ўз виждони олдида уларга беназир саховатни улашгиси, ёрдам қўлини имкон қадар чўзгиси келади. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган донорлик акцияси ҳам ана шу каби алоҳида кўмакга муҳтож беморлар учун ўтказилиб келинмоқда. Партиянинг вилоятдаги туман, шаҳарларидан ташриф буюрган қанчадан-қанча кўнгилли донорлар ўзларининг соғлом вужудидан оқиб турган қонларини беғараз ва кўнгилли равишда мамнуният билан топширмоқдалар. Партиянинг кўзга кўринган вакиллари, депутатлар, фаоллари ҳам ушбу акцияда кўтаринки руҳ билан иштирок этмоқдалар. Вилоят қон топшириш станциясида бўлиб ўтган мазкур жараёнда соҳа шифокорлари ҳамда мутахассислар ўта уюшқоқлик ҳамда шижоат билан ҳаракатланишди. — Анча йиллардан буён ушбу соҳада ишлаб келаман. Фаолиятимиз давомида кўпдан-кўп турфа хилдаги беморларга дуч келганмиз. Улар учун қон сув ва ҳаводек зарур. Ҳаёт бахш этадиган бу неъматни холислик асосида беморларга тухфа этиб кетадиган инсонлар ҳам кўп учрайди. Ана шунда бу қон кимнидир ҳаётини асраб қолаётганлигини ич-ичингиздан сезасиз. Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан донорлик акциясининг ўтказилаётгани партиянгизнинг нақадар халқчил, чинакам адолат тамойилларига амал қилиб, уни тарғиб этиб келаётганлигини бугунги кун мисолида ҳам кўриб турибмиз. Биз бу каби хайрли ишларни албатта, қўллаб-қувватлаймиз. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Нажоткор қалблар ифодаси

Ҳар галгидек жорий йил ҳам Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ташкиллаштириб келинаётган қон топшириш бўйича донорлик акцияси бу йилги мавсумда ҳам кўтаринкилик ва ўзгача иштиёқ билан ўтказилмоқда. “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида ўтказилаётган мазкур акцияда Сирдарё вилоят Кенгаши фаоллари ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатишмоқда. Куни кеча вилоят қон қуйиш станциясига йиғилган партия вакиллари ҳамда кўнгиллилар жамоаси саховат ва холисона эзгулик намунаси сифатида қон топширишди. Хусан Ниязов, Сардоба тумани вакили, донор: — Мазкур акция ҳақидаги хабарни эшитишим билан тўппа-тўғри қон топшириш бўлимига қараб келавердим. Бу ерга ошиқишимнинг сабаби, биз берган қонлар қанчадан-қанча инсонлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлигини яхши ҳис этаман. Ўтган йили бир яқин танишим жуда оғир аҳволда касалхонага келтирилганди. Унга қон жуда ҳам зарур эди. Ўшанда етти ёт бегона инсоннинг қони тўғри келиб, беморга қон берганлиги учун уни оғир аҳволдан қутқазиб қолганди. Бу воқеа менинг қалбимда чуқур из қолдирди. Демак, бизнинг бу ишимиз нақадар савобли амал экан. Мен бошқа ҳамюртларимни ҳам ушбу акцияда фаол иштирок этишга чорлаб қоламан. Акция доирасидаги ишлар ҳали давом этмоқда. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби ...

Батафсил
News

Депутат фаолиятида самара муҳим

Депутатлик жуда масъулиятли вазифа ҳамда халққа энг кўп манфаат етказиши мумкин бўлган фаолиятдир. Бу вазифа юклатилган ҳар бир киши масъулиятни тўлиқ англаган ҳолда иш олиб бориши мақсадга мувофиқдир. Аввало, ҳар бир депутат халқ томонидан маълум бир муддатга сайланган онидан бошлаб, ўз вазифасига жиддий ёндашиши, халқнинг унга бўлган ишончини оқлаши лозим. Шу ўринда, Гулистон туман депутатлик гуруҳи фаолтиятига назар ташлайдиган бўлсак, юқорида таъкидланган депутатлик вазифаларига унчалик ҳам сидқидилдан ёндашилмаётганлигини бахолаш мумкин. Гулистон туманида фаолият олиб бораётган партиямиздан сайланган депутатлар фақатгина бир хиллик асосида тор доирадаги депутатлик сўровлари билан чекланиб қолишган. Хусусан, Халқ депутатлари Гулистон тумани Кенгаши депутати Муқаддас Худойқулова шу йилнинг ўзида Гулистон туман тиббиёт бирлашмасига фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан ўз соғликларини тиклаб олишларида амалий ёрдам сўраб бир неча бор депутатлик сўровлари юборган. Масалан, Гулистон туман “Боёвут” СИУда яшовчи фуқаролар 1949 йилда туғилган Тоғаев Зуфар, 1957 йилда туғилган Худоёров Абдуғани, 2-гуруҳ ногиронлари Бекбўтаев Самад, 1956 йилда туғилган Рахмонқулов Абдумалик, 1958 йилда туғилган Абдуллаев Нуриддинларга даволаниш учун ордер олишларида кўмаклашган. Ёки Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Хосият Бегматова ҳам жорий йилдаги ҳолат бўйича юқорида номи қайд этилган тиббиёт бирлашмасига тумандаги Дехқонобод шаҳарчасида яшовчи 2-гуруҳ ногиронлари 1941 йилда туғилган Ҳалимова Саломат, 1978 йилда туғилган Усмонқулова Саида, 1950 йилда туғилган фуқаролар Абдураззоқова Анор, Бўтабоева Холиса, 1957 йилда туғилган Худойқулова Меҳринисо, 1955 йилда туғилган Рахмонов Эркин, 1999 йилда туғилган 2-гуруҳ ногирони Райимқулова Қўзигул ва шу каби алоҳида ёрдамга муҳтож кишиларга ордер олишларида ёрдам сўраб, ҳаммаси бўлиб 11 та депутатлик сўровларини юборган. Қисман бошқа муаммолар бўйича ҳам депутатлик сўровлари бор. Жумладан, депутат Убайдилла Абдуллаев томонидан 2019 йил 20 майда Гулистон туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори А. Эркабоев номига “Уч қахрамон” СИУ “Олтин водий” МФЙда яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаро Камола Шайзоқованинг туман тиббиёт бирлашмасига фаррош вазифасида ишга қабул қилинишини сўраб депутатлик сўрови юборилган. Депутатнинг сўрови тез кунда амалий ечим топиб, фуқаро Камола Шайзоқова тиббиёт бирлашмасига фаррош вазифасида ишга қабул қилинди. Бу ёрдамдан фуқаронинг ўзи ҳамда оиласи хурсанд эканликларини изҳор этишди. Депутат Хосият Бегматованинг ўз фаолияти бўйича самарали ишларидан бири 2019 йил 29 май куни Гулистон “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбариятига ичимлик суви муаммоси юзасидан ёрдам сўраб депутатлик сўровини юборди. Хусусан, Дехқонобод шаҳарчаси “Ахмад Яссавий” маҳалласи “Бойсун” кўчасидаги кўп қаватли уйлар ховлисидан ва “Водил” кўчасида яшовчи хонадонлар ховлисидан анча вақтдан бери ичимлик суви чиқмаётган эди. Сўровда келтирилишича, депутат аҳолининг қўшни кўчалардан сув ташиётганлигини, ушбу ҳолат кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётганлигини баён этган. Шу боис, мазкур муаммо ҳам ўз жойида ўрганилди ва ҳал этилди. Натижада, “Бойсун” ва “Водил” кўчасидаги аҳоли вакилларининг ховлисидан қайтадан тоза ичимлик суви чиқарилишига эришилди. Бу беғараз кўмакдан албатта, шу кўчада истиқомат қилувчи фуқаролар ғоят мамнун бўлишди. Яна бир эътиборга молик ишлардан бири депутатлик гуруҳи томонидан жорий йилнинг 16 мартида “Ясси оёқлик” ва “Скалиоз” касалликлари билан боғлиқ муаммолар юзасидан туман сессиясига масала киритилганлиги бўлди. Ушбу масала бўйича қабул қилинган қарор юзасидан ҳозирда Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комисия раиси У. Абдуллаев иш олиб бормоқда. Бу каби сермаҳсул ишларни кўпайтириш, фуқароларнинг оғирини енгил қилишда ёрдам бериш учун депутатлар ўз фаолиятларини янада кенгайтиришлари мумкин. Ахир, атрофимизда қанчадан-қанча инсонлар муаммоларини ҳал этаолмаяпти. Жамиятимизда кўзга кўриниб турган, ўз ечимини кутаётган турфа хил муаммолар кўп. Депутатлар айнан шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратишса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

Ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш – давр талаби

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан Гулистон давлат университети билан ҳамкорликда 5 та ташаббуснинг бири “Учинчи ташаббус: Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш” мавзусида тадбир ўтказилди. Гулистон давлат университетининг маърузалар залида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши ходимлари, депутатлар, партия фаоллари, “Ёшлар қаноти” вакиллари университет ўқитувчи ва талабалари иштирок этишди. Тадбирда Юртбошимиз илгари сурган бешта ташаббуснинг муҳим жиҳатлари, аҳамияти тўғрисида сўз борди. Мавзу доирасидан келиб чиқиб Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов ахборот технологияларининг бугунги кунда ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида йиғилганлар олдида атрофлича нутқ сўзлади. — Ҳозирда баржа жабҳаларда ахборот технологияларисиз ҳаётни тасаввур этиш қийин. Яшаётган асримизнинг “ахборот асри” деб аталиши боиси ҳам шу. Шундай экан бу соҳага жиддий эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 3 апрель куни ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та ташаббусни амалиётга жорий этиш масалалари бўйича ўтказган йиғилиши, ўйлайманки бу борадаги янги ва муҳим қадам бўлди. Шундан келиб чиқиб партиямиз вакиллари ҳамда биз депутатлар ҳам бу вазифаларда камарбаста бел боғлаб, фаолият олиб боришимиз лозим. Тадбир давомида талабалар иштирокида мавзуга доир савол-жавоблар ўтказилди. Фаол иштирок этган талабалар партия вакиллари томонидан муносиб рағбатлантирилди. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

Болаларга совға-саломлар улашилди

Бола – бу мўжиза, бола – бу ҳаёт ибтидоси. Нигоҳларидаги ҳайрат ва беғубориликларни илғай олган киши бир зум бўлса-да, ўз дунёсини унутиб митти қалблар дунёсига сингий бошлайди. Биргина кулгиси учун бутун борлиғини-да беришга тайёр туради. Шу маънода болалар қувончига янада қувонч қўшиш учун “Адолат” СДП Ховос туман Кенгаши вакиллари ҳам Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ҳамда туман Касаба уюшмаси билан ҳамкорликда 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ховос бирлашган тармоқ темир йўл шифохонасининг “Болалар бўлими”да даволанаётган болажонларни байрам билан табриклаб, совға-саломлар улашди. Ғойибназар Райимназаров, “Адолат” СДП Ховос туман Кенгаши раиси, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати: — Болаларни эъзозлаш, улар ҳуқуқларининг муносиб тарзда ҳимоя қилиниши жаҳондаги халқаро ҳуқуқ нормалари билан ифода этилгани ҳолда мамлакатимизда ҳам бу борадаги ҳақ-ҳуқуқлар Конституцияда, қонун ва қонун ости ҳужжатлари шунингдек, қарор ва фармонларда белгилаб қўйилган. Сана муносабати билан партиямиз вакиллари ҳам мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиш, қолавеса, болалар қалбига шодлик улашиш мақсадида шифохонада даволанаётган болаларга байрам табриги ҳамда совғалар улашдик. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!