СИРДАРЁ

Манзил: Гулистон шаҳри, Мустақиллик кўчаси, 35-уй

Телефон: (67) 225-43-58, 225-42-23

Электрон манзил:  sv_adolat@mail.ru

Янгиликлар
News

Ислоҳотларда сиёсий партияларнинг фаол иштирокини таъминлаш — давр талаби

Маълумки, демократик жамият қурилишида иштирок этадиган ҳар бир масала халқнинг диққат марказида бўлмоғи лозимдир. Шу боисдан, демократиянинг асосий кўриниши бўлган сайлов ва у билан боғлиқ ишлар ҳам энг аввало, халқ билан узвий алоқада шаклланиши зарур. Кейинги вақтларда сайлов тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, бу жараённи юқори босқига кўтармоқда, десак асло янгишмаймиз. Хусусан, янгидан жорий этилаётган сайлов қонунчилиги ҳам айнан юртимизда демократия тизимини тўлақонли жорий этиш, бу борада халқнинг дилидаги истак ва орзуларини асос қилиб олиш моҳиятан келгусидаги янги-янги истиқболларни белгилаб берса, не ажаб. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган “Жамиятда юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда сиёсий партияларнинг ўрни” мавзусидаги семинар ҳам юқоридаги фикрларнинг исботи сифатида бу борадаги кўплаб янги қирраларни намойиш этди. Жумладан, ҳар бир партиядош ўз масъулиятини яхши англаган ҳолда бу йилги бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларида фаол иштирок этиши, унинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларига диққат-эьтибор қаратиши кераклигига алоҳида урғу берилди. Фермерлар Кенгаши мажлислар залида бўлиб ўтган мазкур учрашувда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов ҳам иштирок этдилар. Шу билан бирга, партиянинг вилоят Кенгаши раиси ва ходимлари, депутатлар, туман ва шаҳар Кенгаши вакиллари, бўлғуси сайловдаги номзодлар, “Аёллар” ва “Ёшлар” қанотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди. Семинарни партиянинг вилоят Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева очиб берар экан, ташкил этилган мазкур учрашув мазмунан партия олдида турган долзарб масалаларни қамраб олишига алоҳида урғу бериб ўтди. Сўнгра партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати раис ўринбосари Абдукамол Рахмонов сўзга чиқиб, жамиятда сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасидаги муҳим вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди. “Қачонки, фуқароларимиз жамиятда ўз ўрнини топишга интилиб, унинг ҳуқуқий асосларига риоя этсаларгина, кейинги тараққиёт куртаклари ҳам шунга мутаносиб тарзда қулоч ёза боради. Шу билан бир қаторда, партиямиз манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш, бўлғуси сайловга жиддий тайёргарлик кўриш, халқ ишончига кира олиш, бунинг учун электоратимиз манфаатларини кўзлаган ҳолда иш тутиш, сайлов олди тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш зарур”. А. Рахмонов шу хусусдаги ишларни олиб бориш орқали юқори натижага эришиш мумкинлигини айтиб, бир қанча топшириқ ва вазифаларни белгилаб берди.  Шундан сўнг сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати аъзоси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Арифжон Қудратов ҳам мавзу доирасидаги ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Депутатларнинг халқ олдидаги саъй-ҳаракатлари нечоғли аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган ҳолда, унга жиддий ёндашиш, шу жиҳатдан олиб қаралганда сайлов учун муносиб номзодларни кўрсатиш лозимлигини эътироф этди. Партиянинг бир бўғини бўлган Сирдарё вилоят Кенгашининг бу борадаги фаолиятини жонлантириш зарурлигини алоҳида қайд этди. “Партияни омма орасида кенг тарғиб қилишда пиар технологиялардан фойдаланиш” мавзусида Д. Абдуллаева сўзга чиқиб, аввало, туман, шаҳарларнинг бу хусусдаги фаолиятини кескин жонлантириш муҳимлигига эътиборини қаратди. Бугунги кунда ахборот технологиялари замонида яшар эканмиз, бевосита одамларнинг дунёқараши ва онги ҳам шунга мос равишда ўсиб бораётганлиги, интернетнинг афзаллик томонларидан партиямизнинг тарғибот-ташвиқот ишларини жадал суратда йўлга қўйишда фойдаланиш пировард натижаларга эришишда қулай усул эканлигини айтиб ўтди. Шундан сўнг, қолган йиғилганлар ҳам мавзу юзасидан келиб чиқиб ўз фикрларини баён этиб ўтишди. Семинар сўнгида якуний хулосалар чиқарилиб, партиянинг ҳар бир масъули зиммасига алоҳида топшириқлар белгиланди. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

Сирдарёда “Адолат” кубогининг вилоят босқичи бўлиб ўтди

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан Ўзбекистон Белбоғли кураш федерацияси билан ҳамкорликда “Адолат” кубоги учун ўтказиб келинаётган белбоғли кураш мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Боёвут туманидаги 32-сон умумтаълим мактабида ўтказилган мазкур кураш мусобақасида партиянинг вилоят Кенгаши вакиллари, Ўзбекистон Белбоғли кураш федерацияси Сирдарё вилоят филиали мураббийлари, “Адолат” кубоги мусобақаси иштирокчилари, партия фаоллари, ОАВ вакиллари ҳамда мусобақа ихлосмандлари иштирок этдилар. Маълумки, азал-азалдан белбоғли кураш бўйича сайилларда, тўйларда ва бошқа йиғинларда мусобақалар ташкил этилиб келинган. Бу беллашувларда кураги ерга тегмаган курашчи полвонларимиз юртимиз довруғига довруқ қўшганлар. Белбоғли кураш узоқ тарихга эга, бу кураш усулида ўзбек полвонларининг қўли белбоғдан узилиб кетмасдан амалга оширилади. Белбоғли кураш Темурийлар замонида ҳам ва ундан кейинги даврларда ҳам халқнинг севимли спорт турларидан бўлиб келган. Мусобақа аввалида партия вилоят Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева барча иштирокчиларни вилоят босқичига етиб келганлиги билан табрик этган ҳолда қатнашувчиларга омад тилади. Шу билан биргаликда, Белбоғли кураш федерацияси Сирдарё вилоят бўлими бош мураббийи Ҳусниддин Бердибеков “Спорт – соғлик гарови” мавзусида ўтказилаётган мазкур мусобақанинг аҳамияти, спортга ошно ёшларнинг ҳаётида тутадиган ўрни ҳақида қисқача тўхталиб ўтди. Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати томонидан белбоғли кураш мусобақасининг вилоят босқичига старт берилди. “Адолат” кубоги учун беллашилаётган мазкур турнирда 2001, 2002 йилларда туғилган 55, 60, 65, 71, 77, 83 кг вазн тоифаларидаги курашчиларнинг тенгсиз курашлари намойиши бошланди. Мазкур очиқ биринчиликда 50 нафарга яқин белбоғли кураш билан мунтазам шуғулланётган спортчи ёшлар ўз имкониятларини яна бир бор синовдан ўтказишди. Қизиқарли ва муросасиз кечган беллашувнинг якуний натижаларига кўра А. Йигиталиев 55 кг, Р. Бозорбоев 60 кг, Қ. Юсупов 65 кг, Т.Исмоилов 71 кг, Б. Холматов 77 кг, М. Мамараимов 83 кгда фахрли биринчи ўринни эгаллашди. Беллашув мутлақ ғолиблари Ўзбекистон Белбоғли кураш федерацияси Сирдарё вилояти бўлими ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан турли вазн тоифасида 1-,2-,3-ўринлар бўйича баҳоланиб, диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирландилар. Шунингдек, қолган фаол иштирокчилар ҳам рағбатлантирилди. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

Депутатлик сўрови орқали фуқаро Суюн Жўраевга тадбиркорлик фаолияти учун ер майдони ажратиб берилди

Фаровон ҳаёт кечиришнинг омилларидан бири бўлган тадбиркорлик соҳаси нафақат оила ва унинг моддий таъминотлари учун, балки, эл-юрт ва жамият манфаатлари учун ҳам алоҳида аҳамият касб этиб бормоқда. Шу боис, юртимизда бу борада амалга оширилаётган ишларнинг кўлами таҳсинга лойиқ. Бироқ “гуруч курмаксиз бўлмайди” – деганларидек, соҳа ривожини юқори босқичга олиб чиқишда тўсиқ бўлиб турган айрим муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, Сардоба туман Пахтаобод шаҳарчаси “Қуйитош” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро II гуруҳ ногирони Суюн Жўраев тадбиркорликнинг балиқчилик соҳасида шуғулланиш учун ер майдони ажратилишини сўраб бормаган ташкилот-у идораси қолмади. Қайга бормасин, “отанга бор, онанга бор”- деб, хуноб қилишди. Сардоба туман ҳокимлиги, туман халқ қабулхонаси, давлат хизматлари кабилардан эса бир иш чиқмади. Фуқаро Суюн Жўраевнинг ўғли Жасур Жўраев бўлса, балиқчилик билан шуғулланишга ер олиша олмаса Россия давлатига ишлаш учун кетмоқчи эканлигини отасига маълум қилади. Ота эса бунга рўйхушлик беришни истамасдан бир иложини қилиб ер олиш лозимлигини айтади. Шу ўринда ота нима қилишини билмай боши қотади. Ер берилмаса ўғли ишлаш учун ўзга давлатга кетадиган. Мурожаат қилиб боришганда ҳокимлик мутасаддилари сўралган ерни Хитой давлати вакилларига беришганини важ қилиб кўрсатади. Алал-оқибат ҳеч қаердан нажот топа олмаган фуқаро С. Жўраев “Адолат қабулхонаси” орқали Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Арипжон Қудратовга масала юзасидан ёрдам беришини сўраб мурожаат этади. А. Қудратов мазкур муаммони яхшилаб ўрганиб чиқиб, фуқаронинг мурожаати асосли эканлигидан уни узоқ куттириб ўтирмади. Мурожаат бўйича Сардоба туман ҳокимлигига депутатлик сўрови киритди. Буни қарангки, депутатлик сўровидан сўнг Сардоба туман ҳокимлиги дарҳол С. Жўраевнинг фарзанди Ж. Жўраев номига балиқчилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун ер ажратиб бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Фуқарога Узоқов номли СИУ ҳудудидаги 1-контурдан ер ажратиб берилди. Ота-болалар қариийб бир йил сарсон-саргардонликдан сўнг тадбиркорлик қилиш учун ерга эга бўлишди. Мана шундай ҳолларни кузата туриб ажабланасан, киши. Фуқаронинг тадбиркорлик қилиши учун ер майдони ажратилишида Сардоба туман ҳокимига албатта, кимнингдир турткиси керакми? Халқ ўз орзу-умидларини рўёбга чиқараман деб юқори ташкилот вакиллари-ю мансабдорларнинг бюрократик тўсиқларига дуч келганида ўз номига ҳамоҳанг фаолият олиб борадиган Ўзбекистон “Адолат” СДП доимо қанот бўла олишини мана шу жиҳатлардан ҳам англаб олиш қийин эмас. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

"Китоб челленж": Сенатор ўзи ўқиган мактабга китоб совға қилди

Жойларда ўтказиб келинаётган “Ўзим ўқиган мактабимга менинг китоб туҳфам” акцияси доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайхунобод туман Кенгаши фаоллари ҳам ўзлари таҳсил олган мактабларига сара адабиётлардан ташкил топган китоблар жамланмасини совға қилишди. Хусусан, Халқ депутатлари Сайхунобод туман Кенгаши депутати Эркин Саидов, партия ташкилоти Сайхунобод туман Кенгаши раиси Мамлакат Бердиевалар ўзлари илк сабоқ чиқарган таълим даргоҳи Сайхунобод туманидаги 1-умумтаълим мактабига китоблар ҳадя этдилар. Шу билан биргаликда, мактаб ўқувчилари билан дилдан суҳбат қуришиб, ўзларининг мактаб чоғларидаги даврлари билан ўртоқлашишди. Бу акцияда қатнашиб, савобли ва эл-юрт манфаатига ҳисса қўшадиган ишдан илҳомланган раҳбар ходимлар сони тобора ортиб бормоқдаки, бунинг исботини қуйидаги мисолдан ҳам англаш мумкин. Жумладан, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Арифжон Қудратов ҳам ўзи таълим олган Гулистон туманидаги 3-умумтаълим мактабига китоблар дастасини туҳфа этди. Таълим даргоҳида ўқувчилар билан қизғин суҳбатлар ўтказиш баробарида ахлоқий панд-ўгитлар ва сабоқ ҳам бериб ўтди. Айниқса, бугунги ахборот асрида интернет ва алоқа воситаларидан ўз ўрнида фойдаланиш зарурлигига чақирувчи насиҳатлари ўқувчиларда катта таассурот уйғотди. Учрашув якунида мазкур мактабнинг 9-10 синф ўқувчилари ўзларининг ажойиб шеърий намуналаридан ўқиб бериб, барчага бирдек завқ улашишди. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: t.me/adolat_uz instagram.com/adolat_sdp/ facebook.com/sdpu.adolat/ twitter.com/AdolatSDP ...

Батафсил
News

“Китоб челленж”: Дилшунос Абдуллаева ўзи таълим олган мактаб ўқувчиларига китоблар совға қилди

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтаётгани каби Сирдарё вилоятида ҳам “Ўзим ўқиган мактабимга менинг китоб туҳфам” акцияси ташкил этилди. Гулистон шаҳридаги “Юрт байроғи” майдонида байрам танатанаси тарзида бошланган ушбу акцияда вилоятнинг барча ташкилот ва идоралари раҳбар ходимлари қатнашди. Шу жумладан, “Адолат” СДПдан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари ва ходимлари ҳам ушбу акцияда ўз фаолликларини намойиш этишди. Бу акция ўтказилишининг бир қувонарли жиҳати барча ташкилот ва идоралар раҳбарлари, ходимларининг ўзлари таҳсил олган мактабларига китоблар жамланмасини тақдим этаётганлигидир. Албатта, бу каби акцияларнинг ташкил этилиши мактаб ўқувчилари учун энг яхши совға бўлиши билан баробарида ёш авлод маънавиятини ўстиришга хизмат этиши билан ҳам аҳамиятлидир. Байрам тантанасидан сўнг мактабларга китоблар тақдим этувчи барча раҳбар ва ходимлар ўзлари сабоқ олган мактаблари томон йўл олишди. Депутатларимиздан Мавлуда Алтмишева, Дилфуза Умерова ва вилоят партия ташкилоти раиси Дилшунос Абдуллаева ҳам ўзлари ўқиган Гулистон шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби ҳамда Мирзаобод туманида жойлашган 22-умумий ўрта таълим мактабига совға учун аталган ўз китоб жамланмаларини тақдим этишди. Дилшунос Абдуллаева, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси: Бўлиб ўтаётган ушбу хайрли акцияга ҳисса қўшиш ҳамда ўзимиз ўқиган мактабларга китобларни ҳадя этишда бизнинг партия фаолларимиз ҳам жонбозлик кўрсатишмоқда. Барчамизнинг мақсадимиз эса муштарак, яъни китоб совға қилиш билан бизга сабоқ берган мактабимиз олдида ўз бурчимизни адо этиш, бу эсдалигимизни ўзимиздан кейинги авлодларга қолдириш орқали ўқувчиларнинг маънавий дунёсини шакллантириш, маърифат улашишга хизмат қилишдир. Айтиш жоизки, шу куни акция муносабати билан Сайхунобод туманида “Китобсеварлар кўргазмаси” ҳам ташкил этилди. Бу каби акциялар вилоятнинг қолган туман ва шаҳарларида ҳам давом этмоқда. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: https://t.me/adolat_uz https://www.instagram.com/adolat_sdp/ https://www.facebook.com/sdpu.adolat/   ...

Батафсил
News

“Йўлдошобод”га йўлингиз тушсин раҳбарлар

Тўлиқ таъмирланди, аммо... Жойларда ўз ечимини кутаётган масалалар борлиги партиямизнинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасидаги қатор ўрганишларда ҳам аён бўлмоқда. Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари Орифжон Қудратов, Мавлуда Алтмишева ҳамда Мирзаобод туман партия кенгаши ходимларидан иборат ишчи гуруҳ Мирзаобод туманидаги “Йўлдошобод” МФЙда бўлиб, мавжуд муаммоларни ўрганишди. Ишчи гуруҳи аъзолари ушбу маҳалла ҳудудидаги аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлими ва ҚВПдаги шарт-шароитларни кўздан кечириб, тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашди. 2018 йилда ушбу қишлоқ врачлик пункти таъмирдан чиқарилган бўлса-да, хоналарда иситиш тизими ишламаётганлиги, ҚВПнинг моддий-техника базаси етарли даражада эмаслиги, стол-стуллар, кушетка, шкафлар, тиббий анжомларнинг етишмаслиги, беморларни кундузги даволаш бўлимида 2 та эски темир кароватдан бошқа нарса йўқлиги, юмшоқ кўрпа-тўшаклар мавжуд эмаслиги, қўл ювиш учун ўрнатилган ракавиналар сувга уланмаганлиги, шкафларнинг бори ҳам маънан эскириб қолганлиги, ишлаётган ходимларга етарли даражада шароит яратилмаганлиги, компьютер билан жиҳозланмаганлиги, ҚВП раҳбарининг хонасида 1 дона стол-стулдан бошқа жиҳоз йўқлиги аниқланди. Ушбу бино таъмирдан чиққан бўлса ҳам унинг томидан сув ўтаётганлиги кишини ажаблантиради. Таъмирга ажратилган маблағдан 30 миллион сўми ортиб қолганлиги боис ҚВП раҳбари мазкур маблағни том устини таъмирлашга йўналтиришда депутатлардан амалий ёрдам кўрсатишни сўради. М.Алтмишева ушбу масала юзасидан соғлиқни сақлаш бошқармасига депутатлик сўрови киритди. Натижада бошқарма томонидан ҚВП биносини таъмирлаган “Xurshid Xolding Bis” хусусий фирмасига таъмирлаш ишларини охиригача етказиш, ортиб қолган 30 миллион сўм маблағни бино томини таъмирлаш учун ишлатиш вазифаси белгиланди. Дарсликлар етишмайди, фаоллар залида стул йўқ... Партия фаоллари ушбу маҳалладаги 32-умумтаълим мактабида ҳам бўлишди. Ҳар бир синфда 3-4 ўқувчига ўқув дарсликлари етишмаслиги, мактаб бўйича она тили ва адабиёт, ҳуқуқ дарсликларининг етарли эмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, ўқитувчилар хонаси зарур жиҳозлар билан лозим даражада таъминланмаган, шкаф, стол-стуллар етишмайди. Мактабдаги фаоллар залида йиғилганлар ўтириши учун бирорта ҳам стол-стул йўқлигини қандай изоҳлаш мумкин?! Мактаб “тиббиёт хонаси” эса номигагина ташкил этилгандай, бу ерда на дори-дармон, на тиббий жиҳозлар бор. Депутатлар тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юбориш учун мазкур муаммоларни бирма-бир қайд этиб боришди. Ўрганишлар давомида “Йўлдошобод” МФЙда бу каби муаммолар бир талай эканлиги аён бўлди. Ички йўлларнинг носозлиги йўловчилар, айниқса, кексалар ва болаларга ноқулайлик пайдо қилмоқда. Ичимлик сув қувурлари ўрнатилмаганлиги боис қишлоқ аҳли ариқдан сув ичади. Бу эса санитария-гигиена талабларига зид, инсон соғлиғи учун зарар саналади. Хуллас, бу ҳолатларни кўриб, “Йўлдошобод” МФЙга йўлингиз тушсин, мутасаддилар, дейсиз беихтиёр. Албатта, вақтида ҳал этилмаган муаммо ўз салбий таъсирини кўрсатиб, янада чигаллашиб бораверади. Шу боис ишчи гуруҳи аъзолари бу масалаларга мутасадди ташкилот ва муассасалар эътиборини қаратиш ва қонуний тартибда ечим топиш чораларини кўришга киришдилар. Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА, Сирдарё вилоят кенгаши матбуот котиби Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: https://t.me/adolat_uz https://www.instagram.com/adolat_sdp/ https://www.facebook.com/sdpu.adolat/   ...

Батафсил
News

ОАВ биз ҳақимизда: мактабларда нега тиббиёт хонаси йўқ?

Бу ҳақда бонг урилмагани учун масъуллар “эси”га келмаяптими? Оммавий ахборот воситалари орқали таълим масканларидаги ҳар бир ижобий ўзгаришлардан хабардор бўлганимизда чин дилдан қувонамиз. Сўнгги йилларда таълим тизими ривожи, ходимлар ишлаш вақти ва шароитларини тўғри ташкил этиш, рағбатлантириб бориш борасида кўп айтилди. Бунинг натижасида тегишли қарорлар қабул қилиниб амалиётга жорий этилмоқда. Лекин жойларда ҳамма ҳам бирдек уйғониб, жонланмаётгани кузатилмоқда. “Такомиллашиш”, “ривожланиш” сўзлари тизимнинг барча жабҳасига тегишли эканлиги тушунилмай, қарорда назарда тутилган бандлар ижроси бажарилишигагина шошилаётгандекмиз. Боиси, аксар мактабларнинг тиббиёт хоналари мавжуд эмас. Бу ҳақда бонг урилмагани учун масъуллар “эси”га келмаётгандек тасаввур уйғотмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” ва “Таълим сифати партия нигоҳида” лойиҳалари асосида Сирдарё вилоятининг шаҳар ва туманларида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан 80 та умумтаълим мактаби ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар вақтида айрим мактаблар давлат таълим стандарти талабларига жавоб бермаслиги, шунингдек, қониқарсиз аҳволда эканлиги маълум бўлди. Мукаммал бўлган шароитда ҳам содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар мактабларда учрамайди дейсизми? Биринчи ёрдам кўрсатиладиган тиббиёт хоналари бўлмаса, боланинг ҳаёти хавф остида қолиш эҳтимоли юқорилиги мутасаддиларни албатта, ташвишга солиши шарт. Партиянинг вилоят кенгаши ўринбосари Беҳзод Абдуллаевнинг айтишича, ўрганиш вақтида ҳудуддаги 57 та умумтаълим мактабида меҳнат таълими ва жисмоний тарбия дарсларида техник хавфсизлик талабларига риоя килиниш устидан назорат ўрнатилмаганлиги маълум бўлган. Ваҳоланки, бу фанлар жароҳат олиш хавфи мавжуд бўлган дарслар сирасига киради. Бу масалага масъул албатта, мактаб тиббиёт ходимлари ҳисобланади. Ачинарлиси, 36 та умумий ўрта таълим мактабида тиббиёт ходимлари фаолият олиб бормаслиги аниқланган. Вазият юзасидан тақдимномалар киритилди. Масала тез орада ижобий ечим ҳам топар, бироқ мактабларнинг бу ҳолатга келиш сабабларини чуқурроқ ўрганишга эҳтиёжимиз бор. Мактаб ўқув хоналари етишмай ҳали ҳам икки навбатда таҳсил давом этаётган, кичик гуруҳларга бўлиниш имконияти яратилмаган вазиятда оддий тиббиёт хонаси ташкил этиш мураккаб жараён бўлиб қолаверади. Мавжудлари ҳам ўқув хоналарига айланишда давом этади. Озода МАМАДАЛИЕВА, “Ishonch” мухбири Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: https://t.me/adolat_uz https://www.instagram.com/adolat_sdp/ https://www.facebook.com/sdpu.adolat/ ...

Батафсил
News

Юксак эътибор

Ўтмишга бир бор назар солсак, аёлларнинг нақадар ҳуқуқсиз, камситилган ва хўрланган, тахқирга дучор этилган ҳолатлари кўз олдимизда намоён бўлади. У зулматли кунлар гўё туш каби гавдаланади шуур-у онгимизда. Чиндан ҳам аёллар эрксизлик қўйнида инсон зоти башарият пайдо бўлганидан буён неки кулфатларни кўрган бўлса, барчасини бошидан ўтказган. Аёлларга табиат томонидан инъом этилган кучли метин ирода шукр-ки, бугунги дориломон кунларга етказди. Бутун жаҳонда юз бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар қаторида бизнинг курраи заминимизда ҳам 1927-йилда аёлларнинг “Хужум” ҳаракати рўй берганди. Бу ҳаракат ижтимоий тенглик учун олиб борилган кураш бўлиши билан баробарда тун зулматидан қутулишга қаратилган ҳақиқий маънодаги хужум эди. Шундай бўлса-да, собиқ шўролар ҳукумати томонидан аёллар эришган бу эрк ва тенглик ҳуқуқлари нотўғри тарзда талқин этилиб келинди. Жумладан, уларнинг жисмоний имкониятлари ҳисобга олинмасдан, оғир турдаги ишлар нозик гарданларига топширилди. Аёллар далаларда трактор ва шу каби қишлоқ хўжалиги машиналарини бошқариб, меҳнат қилишди. Бу аёлларга берилган “эркинликлар” замирида ҳеч шубҳа йўқки, собиқ шўро тепасида турганларнинг ўз манфаатлари ётганлигини сезиш қийин эмасди. Бугунги мустақиллигимиз шарофати билан аёлларга нисбатан юқорида келтирилган барча тўсиқлар, ноҳақликлар олиб ташланди. Бугунги кун аёли ҳар жиҳатдан оқила, оила ва жамиятда ўз ўрнини топа билаётган шахс сифатида кундан кунга шаклланиб бормоқда. Улар учун имкониятларни янада кўпайтириш, билим ва салоҳиятларини ҳар жиҳатдан намоён этишлари учун давлатимиз томонидан кўпдан кўп қонун ва қарорлар қабул қилиниб келинмоқдаки, бу ҳам бўлса хотин-қизларимизга қаратилаётган юксак эътиборнинг нишонасидир. Шу маънода жорий йил 7 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам хотин-қизларнинг жамиятда фаолликларини янада ошириш ва улар ҳақ-ҳуқуқларининг кучайтирилган меҳанизмларини амалий ҳаётга жорий этиш бўйича дастуриламал бўлмоқда. Хусусан, Қарорда келтирилган хотин-қизларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун янги имкониятларни яратган ҳолда аёллар тадбиркорлиги Марказларини қуриш, уларнинг моддий-техник жиҳатдан таъминланганлик даражасини ҳар томонлама тўкис ҳолда бунёд этиш каби белгилаб берилган устувор вазифалар, биз аёлларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаолиятларимизни янада жонлантиришга, юксалтиришга рағбат бермоқда. Дарвоқе, ўйлаб қарайдиган бўлсак, қанчадан қанча чекка-чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи интеллектуал зукко қишлоқ аёллари ҳам ўзларининг тадбиркорлик борасидаги имкониятларини синаб кўришлари учун ўз ҳаракатларига тўсқин бўлаётган баъзи мутасаддиларнинг “югуртиришларидан” хуноб бўлаётган эди. Ахир, ким ҳам истамайди дейсиз, оиласини қўшимча даромад манбаи билан таъминлаб турадиган ўз бизнесининг бўлишин. Қарор айнан мана шундай тўсиқларга чек қўйиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш учун хотин-қизларимизга янгидан қанот ва куч бағишламоқда. Шу билан биргаликда, аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқларнинг бекор қилиниши, тавсиявий ҳарактердаги аёллар соғлигига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланиши, икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбиялаётган ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишилган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқининг берилиши қарор ўз мазмун-моҳияти билан инсонпарварлик тамойилларига нақадар мос келиши билан аҳамиятли эканлиги кишини қувонтиради. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтишим лозимки, аёлларимиз ва қизларимиз бугунги ҳур заминда жуда бахтл. Негаки, уларнинг эркинликларини ҳимоя қиладиган, ҳақ-ҳуқуқларининг кафолатларини муҳофазалайдиган келажаги буюк – давлатимиз бор. Қолаверса, бу каби ҳақ-ҳуқуқлар жаҳон ҳамжамиятида эътироф этилгандир. Шундай экан, бу имкониятлардан фойдаланиш, бу йўлда бутун ақл-заковат ва меҳнатларини сафарбар этиш бугунги кун аёлининг зиммасидаги улуғ шарафли вазифадир. Дилшунос АБДУЛЛАЕВА Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси ...

Батафсил

АЛОҚА

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Озарбайжон Республикаси элчихонаси:

Телефон: 71-2730731 71-2884654 (139)

Электрон манзил: adolat.sdp@exat.uz

САЙТ ТЕСТ РЕЖИМИДА ИШЛАМОҚДА:

www.adolat.uz веб-сайти 2018 йилнинг 21 май куни электрон ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 1232. Муассис: Ўзбекистон Адолат СДП. Таҳририят манзили: 100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқтонгги кўчаси, 23-уй. Электрон манзил: info@adolat.uz

Сайт материалларидан фойдаланилганда Фойдаланиш шартларига амал қилиниши шарт. Барча ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг оммавийахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимояланган

#

Мурожаатингиз учун рахмат!