Янгиликлар 2448
“Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади”
Куни кеча Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавият эканлиги, янги Ўзбекистонни барпо этишда иккита мустаҳкам устуннинг биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт, иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси, миллий қадриятлари ва кучли маънавиятига асосланиб ҳаракат қилишимиз давлат раҳбари томонидан таъкидланди. Ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, бунинг учун тарихни яхши ўргатиш, бу йўналишдаги илмий тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Китобхонлик маданиятини кенгайтириш, кино санъатини изчил ривожлантириш, барча телеканаллар қошидаги бадиий кенгашлар фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, теледастурларнинг савиясини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
-Агар кимдир, маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир. Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган, – деди давлатимиз раҳбари.
Йиғилишда маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари белгиланди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг