Янгиликлар 1692
Чекловлар бекор қилинмоқда
“Етти ўлчаб бир кес” дейди доно халқимиз. Пухта ўйланган, мавжуд вазиятни ҳисобга олган холда қабул қилинган қарорлар ҳамиша хайрли ва самарали бўлади. Давлатимизда Республика махсус комиссияси томонидан пандемия шароитида ишлаб чиқилган коронавирусга қарши бир қатор талабларнинг бекор қилиниши, кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлди.
Хусусан, 2022 йилнинг 16 мартидан бошлаб, Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарасида жойлашган ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тикланди.
Шунингдек, Ўзбекистонга кириб келувчилар республикага ташриф буюришидан камида 48 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР-тести натижаси бўйича манфий натижали маълумотга эга бўлиши талаби бекор қилинмоқда.
Хорижий давлатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчиларга тегишли тартибда эмланганлик сертификати ёки паспортига эга бўлган тақдирда, улардан ПЗР-тести натижаси ҳамда коронавирус инфекциясига экспресс-антиген тест топшириши талаби қўйилмайди.
Бундан аввалроқ эса Ўзбекистон ва Туркия эмланганлик сертификатларини ўзаро тан олиш бўйича келишувга эришилганди.
Ўзбекистон ўзининг бой тарихи, қадимий обидалари, ўзига хос иқлими ва гўзал урфу-одатлари билан туризм соҳасида халқаро миқёсда катта эътиборга молик бўлган давлатлардан бири саналади. Бутун дунёда ҳукм сураётган пандемия туфайли, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистонда ҳам коронавирусга қарши курашиш тамойиллари асосида қатор чекловлар қабул қилинган, бу эса ўз навбатида ҳамма соҳаларда бўлгани каби туризм салоҳиятига ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмаётган эди. Жорий йилнинг 25 январидан бошлаб аэропорт ва темирйўл вокзаллари ва автомобиль ўтказиш чегара пунктларида вужудга келган ноқулай вазият туфайли фуқаролардан коронавирус инфекциясига экспресс тест олиш тартиби бекор қилинган бўлса ҳам, амалдаги бошқа яна бир қанча чекловлар сабаб туризм соҳасида кутилган натижаларга эришиш ҳамон мураккаблигича қолмоқда эди. Ваҳолонки, мавжуд тўсиқлар ва чекловлар туризм салоҳиятини ошириш ва ривожлантириш суръатини сустлаштирувчи энг муҳим омиллардан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу эса ўз-ўзидан давлат ва жамиятнинг иқтисодий ўсиш даражасига ҳам бевосита дахлдор масаладир.
Бироқ, берилаётган енгилликларга қарамай эпидемиологик вазиятга бепарво бўлиш ярамайди. Ҳар бир инсон ўз соғлигига энг аввало ўзи масъулдир.
“Адолат”СДП фаоллари мамлакатимизда “Тиббий маданият” тизимини яратиш ва такомиллаштириш тарафдорлари сифатида, саломатлик инсон ҳаётидаги энг қимматли неъмат эканлигини эътироф этган ҳолда, юртдошларимизнинг аҳоли гавжум бўлган жойларда, нафақат пандемия шароитида, балки ҳар доим гигиена қоидаларига амал қилиб юришлари мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
“Адолат”СДП
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг