Янгиликлар 1934
Газ қазиб чиқаришни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Нефть-газ кимё саноатидаги истиқболли лойиҳалар ва масъуллар олдига қўйилган долзарб вазифалар” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ўтган давр бўйича соҳада амалга оширилган ишлар ва режаларга эътибор қаратди.
– Жорий йилнинг март ойидан бошлаб Президентимиз томонидан карантин талабларини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар билан боғлиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тизимидаги ташкилот ҳамда корхоналарда ҳам жуда катта ишлар бошланди, – деди М.Абдуллаев. – Бунда 124 тадан ортиқ кон ва 1200 дан зиёд қудуқда фаолият кўрсатаётган 20 минг нафарга яқин ишчи-ходимга қулай шароит яратишга асосий эътибор қаратилди. Бунинг натижасида пандемия даврида ҳам иш жараёнининг узлуксизлигини таъминлашга эришдик. Кўрилган тезкор чоралар туфайли тизим яна одатий тартибда фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, нефть-газ уч тизимга, яъни "Ўзбекнефтгаз" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ шаклида ишлай бошлади. Унга кўра, "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг вазифаси газ қазиб чиқариш ва газни қайта ишлашдан иборат. Газ қазиб чиқариш бўйича бу йилги режа қарийб 34 миллиард кубметрни ташкил этади. Айни кунгача 27 миллиард кубметрга яқин газ қазиб чиқаришга эришилган. Бундан ташқари, газ қазиб чиқаришни кўпайтириш учун бевосита геологик-қидирув ишларини ҳам амалга оширмоқдамиз. Шунингдек, Президентимиз қарорига асосан тизимни трансфорация қилиш ва бошқарувни шунга мослаштириш чоралари ҳам кўрилмоқда. Рақамли конлар бўйича ҳозир 100 дан ортиқ коннинг интернет модули яратиляпти. Бугунги кунда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, онлайн-кўргазмалар ташкил этиш борасида ҳам ишлар олиб борилаётир.
Аҳолига газ етказиб бериш бўйича муаммолар мавжуд. Айнан бу борада газ қазиб чиқаришни кўпайтириш масаласида аниқ режалар белгиланиб, зарур чоралар кўрилмоқда.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА
Фикрингизни қолдиринг