Янгиликлар 1730
Илк бор нишонланган Халқлар дўстлиги куни бир умр ёдимда қолади
Улкан мақсадлар сари бораётган юртимизда турли миллат вакиллари тинч-тотув яшаб, унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ўзбек халқининг бағрикенглиги ва самимийлигига қойил қолмай илож йўқ. Вилоятимиздаги барча миллий маданий марказлар қаторида рус миллий маданий маркази фаолияти учун барча шароитлар яратиб берилгани ҳам бунга яққол далилдир.
Бугунги кунда миллатлараро дўстона муҳитни юксалтириш, вилоятдаги турли миллатга мансуб аҳоли вакилларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёш истеъдодлар сафини кенгайтириш, уларни қўллаб -қувватлаш борасида муаяйн ишлар олиб боорилмоқда. 2019 йил Фарғона шаҳрида “Катта этнографик диктант” деб номланган халқаро маърифий акцияни ташкил этдик. Мустақиллик, Наврўз байрамлари ва бошқа муҳим саналарда тадбирларда фаол иштирок этиб келяпмиз. Бугунги кунда шаҳар ва туманларида маданий марказимизнинг 4 та тўгараклари фаолият кўрсатмоқда. Уларга 280 нафар ёшлар қамраб олинган. Россия Федерациясидаги нуфузли олий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорликни ўрнатганмиз. Ҳозирда фарғоналик кўплаб ёшларга у ерда ўқишига ёрдам бермоқдамиз.
Мамлакатимизда бу йил илк бор Халқлар дўстлиги куни байрам сифатида кенг нишонлангани, айниқса, Президентимизнинг табриги барчамизни чексиз қувонтирди. Табрикда давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон – улкан имконият ва ресурсларга эга бўлган мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир” дея таъкидлади. Дарҳақиқат, дўстлик, иноқлик бўлган жойда барча кўзланган мақсадларга эришилади. Қолаверса, байрам куни ҳаётимда унутилмас воқеа рўй берди, чунки Президентимиз фармонига асосан, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландим.
Озгина вақт даволанишда бўлганлигим ҳам эсдан чиқди, ғайратимга ғайрат қўшилди. Бундай эътибор ва рағбатнинг масъулияти катта. Ниятим, жонажон Ватанимиз – янги Ўзбекистоннинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш. Бағрикенг, юз-кўзи кулиб турадиган, меҳмондўст, бировдан ёрдамини асло аямайдиган, самимий инсонлар билан ёнма-ён яшашнинг ўзи катта бахт.
Галина Акопджанова,
Фарғона вилояти рус миллий маданий маркази раиси
М. Қодиров (сурат), ЎзА
Фикрингизни қолдиринг