Янгиликлар 1868
Кун қаҳрамонлари
Куни кеча мамлакатимизда электр энергияси таъминотида узилишлар юзага келди. Ягона электр тармоқда кузатилган авария боис Тошкент ГРЭСи, Сирдарё ГРЭСида авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб, бу иккала станция ҳам автоматик равишда ўчди.
Натижада Фарғона водийси, Тошкент шаҳри ва вилояти, Навоий, Қашқадарё вилоятларининг айрим ҳудудлари электр энергиясиз қолди.
Юртимизда юзага келган мавжуд қалтис вазият сабаб кўп қаватли хонадонларда яшовчи аҳоли электр энергияси билан бир қаторда сув таъминотидан ҳам узилди. Ўз-ўзидан сув таъминотига боғлиқ бўлган иситиш тизими ҳам издан чиқди.
Бир кун минг кун эмас. Аммо бир неча соат давом этган авария ҳолати бутун республикани оёғини осмондан қилди, десак муболаға бўлмайди. Йўлларда ишламай қолган светофорлар туфайли улкан тирбандликлар юзага келди. Жамоат тартибини сақлаш, йўлларда тартибни таъминлаш, фуқаролар ва уларнинг мулкларига зиён етказилишининг олдини олиш тадбирларига тезкорлик билан жалб этилган Ички ишлар вазирлигининг шахсий таркиб ходимлари ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан адо этишлари натижасида, қисқа фурсатлар ичида йўллардаги тирбандликлар назорат остига олинди.
Воқейликка холис ёндашувчи фуқароларимиз, одамларни саросимага берилмасликка чақирдилар. Электр тармоғидаги узилишлар туфайли давлат ва нодавлат ташкилот ходимларига иш куни ниҳояланмай туриб руҳсат берилган бир пайтда, электр энергияси тармоғи вакиллари, Ички ишлар вазирлиги ходимлари, газ, сув таъминоти жамоаси бир ёқадан бош чиқариб ҳамжихатликда иш олиб бордилар. Давлат ва халқ ўртасидаги бирдамлик сабаб, юзага келган муаммолар қисқа фурсатларда самарали бартараф этилди.
Соҳа вакилларининг амалга оширган тезкор тадбирлари боис “ўчирилиш” эвазига бўлса ҳам бутун республикани электр энергия билан таъминловчи асосий тармоқлар асраб қолинди. Акс ҳолда электр станциялар батамом ишдан чиқган, алалоқибат ҳаммасини яна нолдан тиклашга тўғри келиши мумкин эди. Бу эса нафақат милиардлаб маблағ, балки узоқ муддат талаб этадиган вақт масаласи ҳамдир.
Электр таъминотисиз ўтган бир кун барчамиз учун бир олам муаммоларни юзага келтирди. Бир неча кун электрсиз қолишни эса тасаввур қилишнинг ўзиёқ дахшатли.
25 янврь халқимиз ва давлатимиз учун чинакам синов фурсати бўлди. “Адолат” социал демократик партияси номидан том маънода “кун қаҳрамонлари”га айланган фавқулодда вазиятлар, электр энергетика, ички ишлар, шунингдек газ, сув таъминоти ходимларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
“Адолат” социал демократик партияси
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг