Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда

03.12.2020 12:12:00

Халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгашига ўрни бўшаб қолган депутатликка “10-Мирзачўл” ва “26-Ёшлик” сайлов округларида сайлов бўлиб ўтди.

Вилоят сайлов комиссияси – сайлов якунларига кўра “10-Мирзачўл” сайлов округида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Камбаров Бунёд Хасанбаевични 52,7 фоиз ҳамда “26-Ёшлик” сайлов округида Ўзбекистон Экологик партиясидан кўрсатилган номзод Хонназаров Шоҳрух Эргашевични 52,1 фоиз сайловда иштирок этиб сайловчиларнинг овозини олгани учун уларни халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашига депутат этиб сайланганини маълум қилди. 

******************

Сирдарё туманида “Ўзбекистон Республикаси Давлат тили ҳақида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунларининг ижросини таъминлаш мақсадида тушунтириш ва тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилмоқда. 
"Ўзбекистон Республикаси Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 20-моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин” деб белгиланиб қўйилган.
Шу боис Сирдарё тумани ҳокимининг маслаҳатчиси О.Ҳакимов туман марказидаги маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари ва савдо дўконларига илиб қўйилган пешлавҳалар ҳолатини ўрганди.
Шунингдек, тадбиркорларга ташқи реклама матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкинлиги, турли хил ажнабий номлар маънавиятимизга ва минталитетимизга тўғри келмаслиги тўғрисида тушунчалар берилди.

*********************
Бир гуруҳ сирдарёлик хотин-қизлар Хоразм вилоятига саёҳатга йўл олди. Ушбу тадбир Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Сирдарё вилояти бошқармаси ташаббуси билан касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.
– Мазкур саёҳатга “Сардоба” сув омбори тошқинидан кўрилган талофатларни бартараф этишда фидойилик кўрсатган ҳамда пандемия даврида бошқарма томонидан ташкил қилинган “Call centr” марказида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан волонтёрлик фаолиятида ўз ташаббуслари билан иштирок этган, жами 50 нафар сирдарёлик хотин-қизлар жалб этилди, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Наргиза Тожибоева.
Гулистон шаҳаридаги темир йўл вокзалидан кузатиб қўйилган аёлларнинг барча сафар харажатлари касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вилоят кенгаши ҳисобидан қопланади.

*********************
Тошкент шаҳрида таэквондо бўйича бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатидан Сирдарё вилояти спортчилари 2 та “олтин” ва 5 та “кумуш” медал билан уйларига қайтди.
Вилоят “Taekwondo WTF” федерацияси маълумотига кўра 2 та биринчи ва 5 та иккинчи ўринни эгаллаган спортчиларнинг барчаси Гулистон олимпия заҳиралари коллежи ўқувчилари экан.

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+