“Таълимда Чирчиқ тажрибаси" лойиҳасига старт берилди

03.12.2020 12:12:53

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ташаббуси билан Чирчиқ шаҳридаги 24 та (1 та махсус) умумтаълим мактаби оталиққа олинди.

Унга кўра, мактаб ўқитувчиларининг педагогик салоҳиятини ошириш, ўқитишнинг янги методларини жорий этиш, қолаверса, институт билан мактаблар ҳамкорлигини “Педагогик таълимнинг инновацион кластери” асосида ташкил этиш бош мақсад қилиб олинди.

Ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳасида назарда тутилаётган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

2019-2020 ўқув йили натижаларига кўра вилоятдаги умумтаълим муассасаларининг халқаро тажрибалар асосида 4 та кўрсаткич бўйича аниқланган рейтинги бугунги кунда вилоятдаги таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш лозимлигини тақозо этмоқда. Бу ўз навбатида вилоятдаги педагог кадрлар тайёрлайдиган ягона олий таълим муассасаси бўлган Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти зиммасига ҳам масъулият юклайди.

Айни дамда институтнинг стратегик йўналишлари доирасида математика, физика, кимё, биология, психология, инглиз тили, ўзбек тили ва адабиёти, тарих, қозоқ тили ва тожик тили фанларини ўқитиш сифатини яхшилаш бўйича Чирчиқ шаҳридаги умумтаълим мактабларида ҳамкорликда “Таълимда Чирчиқ тажрибаси” лойиҳаси йўлга қўйилди.

Ушбу лойиҳада халқ таълими ва олий таълим тизимлари узвийлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Айни дамда, фанлар кесимида ўқитувчиларнинг касбий малакалари ҳамда ўқувчиларнинг билим даражаларини сифат кўрсаткичлари бўйича ошириш масаласи Чирчиқ шаҳар халқ таълими бўлими ҳамда институт жамоалари томонидан кўриб чиқилмоқда.

“Эшитдим – кўрдим – бажардим” тамойили!

Олий таълимнинг умумтаълим мактабларига методик ёрдам кўрсатиш, таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларни узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича “Узлуксиз касбий таълим электрон платформаси”ни ташкил этиш ҳамда битирувчиларни касбга йўналтириш орқали олий таълимга қамровини ошириш, фан ўқитувчиларида дарс машғулотлари ва ўқув жараёнини замонавий педагогик технологиялар асосида самарали ташкил этиш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, таълимда тарбиянинг узвийлиги ва узлуксизлиги борасида самарали ишларни амалга ошириш мақсадида Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти билан Тошкент вилояти Паркент тумани Халқ таълим бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактаблари ўртасида “Паркент тажрибаси” деб номланган ўқув, илмий, тарбиявий лойиҳаси бошланди.

Жорий йилнинг ноябрь ойида лойиҳа доирасида институтнинг Паркент туманидаги умумтаълим мактабларига ташриф, мактабдаги шароит билан яқиндан танишиш, муаммо ва таклифларни ўрганиш, битирувчилар билан очиқ мулоқот ўтказиш вазифалари белгиланган эди. Бу вазифа институт ва туман халқ таълим бўлими ҳамкорлигида 2020 йил 25-26 ноябрь кунлари 18 та умумтаълим мактаблари доирасида амалга оширилди.

Лойиҳанинг декабрь ойида амалга ошириладиган вазифалари доирасида “Битирувчиларнинг институтга ташрифи” белгиланган эди.

Бу лойиҳанинг амалий кўриниши институтда жорий этилган “Педагогик таълим ва тарбиянинг инновацион кластери тизими”нинг “Эшитдим – кўрдим – бажардим” тамойили асосида 2020 йил 1 декабрь куни Паркент туманидаги 42-сонли умумтаълим мактаби битирувчиларининг институтга ташрифи билан бошланди.

Ташрифда 5 муҳим ташаббус Маркази фаолияти ва унинг тасарруфидаги платформада амалга оширилаётган ишлар, Ахборот ресурс маркази китоб фонди билан танишишди.

Биология, физика, кимё фани ва ўқув лабораториялари машғулотларида бевосита иштирок этишди.

Инглиз тили, рус тили, мусиқа фанлари бўйича гибрид усулда ташкил этилган машғулотларда қатнашиш имкониятига эга бўлишди.

“Қатағон қурбонлари хотираси музейи” экспозициялари, “География смарт хонаси”, “Замонавий георграфик майдонча”, “Биоэкологик хилма-ҳиллик майдончаси” ва “Иссиқхона” фаолияти билан яқиндан танишишди.

Тадбир якунида мактаб битирувчиларининг таассуроти бўйича мулоқот ўтказилди. Улар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар асосида институт ўз режасини белгилаб олди. Паркент тажрибаси” ўқув, илмий ва тарбиявий лойиҳаси давом этади.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+