Янгиликлар 1581
Тинчлик ва сарҳадлар дахлсизлигини таъминлаш – муқаддас бурч
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида истиқомат қилувчи Аброр Холмуродов Учқудуқ туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида ўз йигитлик бурчини ўтамоқда.
– Кўча-кўйда ҳарбий либосдаги йигитларга ҳавас ва ҳурмат билан қарардик. Айниқса, Сариосиё ва Узун туманида террорчиларга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган ҳарбийлар ҳақида эшитганимизда биз, ҳам албатта, ҳарбий хизматга бориб, Ватанимиз тинчлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашга ҳисса қўшамиз, дея мактаб даврларимизда дўстларимиз билан ўзаро суҳбатларда гурунглашардик. Бугун ўзим ҳам тақдирини юрт ҳимояси билан боғлаган юрт ўғлонлари билан бир сафда Юртбошимиз меҳрини, эътибори ва ғамхўрлигини юракдан ҳис қилиб хизматни аъло даражада ўтамоқдаман, – дейди А.Холмуродов.
Албатта, Қуролли Кучларимизнинг 29 йиллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, миллий армиямизни тубдан ислоҳ қилиш борасида олиб борилган ишлар самарасида бугунги кунда Ватанни ҳимоя қилиш шарафли бурчга айланганини кўришимиз мумкин.
Ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган 84 нафар аскар ва зобитлар, шунингдек ҳарбий хизматчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ватан ҳимоячилари куни арафасида автомобил техникалари учун сарой, аскарлар ошхонаси ва ҳаммом капитал таъмирдан чиқарилиб, янгидан жиҳозланди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги, 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни” олдидан фойдаланишга топширилган бу бино ва иншоотлар ҳарбий қисм шахсий таркиби ҳамда аскар ва зобитларга байрам совғаси бўлди.
Биноларни фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирда тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондони, полковник Журъат Якубов, Учқудуқ туман ҳокими Соли Ҳамроев, Шимолий кон бошқармаси директори Яркин Шакаровлар иштирок этиб, мамлакатимиз ҳарбий қудратини таъминлаш, юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, обод ва озод юртимизда инсон манфаатлари ҳамиша бирламчи эканлиги тўғрисида тўхталиб ўтди.
Тадбирда мазкур биноларни таъмирлаш ва жиҳозлашга катта ҳисса қўшган ишчи ва ҳарбий хизматчиларнинг бир гуруҳи “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги томонидан ҳарбий қисмга хизматда фойдаланиш учун Nexia –3 русумли енгил автомашина топширилди.
Ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари, Ватанни, она-юртни тараннум этувчи куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Абдували БЎРИЕВ, ЎзА
Фикрингизни қолдиринг