Ватан ҳимоячилари ва ёшлар иштирокида тантанавор юриш

15.01.2021 11:01:26

Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 29 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва ёшлар тантанавор юришни амалга оширишди.

Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари, махсус вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимлари, Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги академик лицей ўқувчилари, Ёшлар ишлари агентлигининг Мирзо Улуғбек тумани бўлими фаоллари ҳамда Академия курсантлари иштирок этдилар.  

Ватанимиз байроқлари билан безатилган махсус техника ва автоуловлар карвони “Интизор” кўчаси бўйлаб йўлга тушди. Осойишталик посбонларининг шахдам одимлари, оркестр садолари остида ижро этилган жарангдор куй-қўшиқлар юртдошларимиз учун чинакам байрамона кайфият улашди.  Тантанавор юришнинг сўнгги манзили “Катта Қорасув” маҳалласи ҳудудида жойлашган 121-сонли ўрта умумтаълим мактаби бўлди.

  – Бу йилги байрамнинг шукуҳи ўзгача, – дейди мактаб ўқитувчиси Муҳаббат Амонова. – Ёшларимиз “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида бир мақсад сари бирлашдилар. Тадбир иштирокчилари ўқувчиларимиз томонидан олқишлар билан кутиб олинди. Кўркам либосдаги ички ишлар ходимлари ва ҳарбий хизматчиларнинг чиқишлари, махсус техникалар намойиши ёшларнинг ватанпарварлик туйғуларини янада кучайтиргани, шубҳасиз.  

Тадбирда маҳалла фидоийлари ҳам сўзга чиқиб, юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг фаровон ва обод турмуши учун туну кун хизмат қилаётган осойишталик посбонларини муборакбод этишди.  

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант УзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+