Янгиликлар 3105
Ёшлар доимий эътиборда
Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизини 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар муаммоларини бартараф этишга бағишланган видеоселектор йиғилишида ёшларга оид бир қанча масалалар кўтарилди, ечими ҳам кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, “Ёшлар дафтари”га кирганларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш ҳаражатларининг бир қисми қопланиши, шу билан бирга, 1 июлдан бошлаб хусусий корхоналарда янги иш бошлаган ходимларни қайта тайёрлаш ҳаражатларини 1 миллион сўмгача бўлган қисмига субсидия берилиши, профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилиниши, деҳқончилик қилаётган ёшларга уруғлик ва кўчатлар хариди учун 2 миллион сўмгача субсидия берилиши алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ёшлар тадбиркорлиги ва бандлигини янада кенг қўллаб-қувватлаш, уларни спорт, маданият ва санъатга қизиқтириш, талабларнинг яшаш шароитларини яхшилаш чоралари белгилаб берилди.
– Энг муҳим вазифа, аввало, ёшлар бандлигини таъминлаш, муносиб даромад олиши учун уларга шароит яратиб бериш. Бу борадаги энг катта имконият ва захирамиз бу – тадбиркорлик, айниқса, кичик ва ўрта бизнесдир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, талабаларимизни қувонтирадиган янгиликлардан яна бири- сифатида ижарада яшаётган талабаларга жорий йилнинг 1 майидан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилиб, дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг нафар ёшлар қамраб олинади. Шу билан бирга, эҳтиёжманд талабаларга ушбу харажатлар ҳокимликлар ва олийгоҳлар маблағи ҳисобидан ҳам қоплаб берилади. Ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратиладиган бўлди.
Айтиш жоизки, давлатимизнинг ёшларга бўлган эътибор ва ғамхўрлиги ислоҳотларнинг доимий омилларидан бири бўлиб қолаверади.
Бобур МАМИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти
Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг