Янгиликлар 2802
Мадуро парламент сайловларида мухолифат ғалаба қилса истеъфо беришини маълум қилди
Венесуэла президенти Николас Мадуро мамлакатда ўтадиган парламент сайловларида мухолифат ғалаба эришса ўз лавозимини тарк этишини маълум қилди.
"Агар ғалаба қилсак, биз олға интилишда давом этамиз, лекин шуни ҳам айтишим лозимки, тақдирим сизларнинг қўлингизда, агар мухолифат ғалаба қозонса, мен истеъфо бераман, тақдирим Венесуэла халқининг қўлида", – деди Мадуро давлат телевидениеси орқали халққа мурожаатида.
Венесуэланинг бир палатали парламенти бўлмиш Миллий ассамблеяга сайловлар 6 декабрда бўлиб ўтади. Унда 107 та сиёсий партия ва бирлашма иштирок этади. Парламентнинг собиқ спикери Хуан Гуаидо иштирокидаги мухолифатчилар блоги сайловда иштирок этмаслигини эълон қилган.
Венесуэлада 2019 йил январь ойида президент Мадурога қарши оммавий норозиликлар бошланганди. Ўшанда Миллий ассамблея спикери Гуаидо ўзини мамлакат раҳбари деб эълон қилди. АҚШ раҳбарлигидаги бир қатор ғарб давлатлари Гуаидони президент сифатида тан олди. Ўз навбатида, Россия, Хитой, Туркия ва бошқа давлатлар Мадурони қонуний президент сифатида қўллаб-қувватлаб келмоқда.
ЎзА
Фикрингизни қолдиринг