Дарахтлар ҳаётимизда муҳим роль ўйнайди

18.02.2022 10:02:52

("ЯШИЛ МАКОН" УМУММИЛЛИЙ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА УСТУВОР ВАЗИФАЛАР ЮЗАСИДАН ИККИНЧИ МАҚОЛА)

Ўтган йилнинг энг иссиқ кунларида  Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг матбуот хизмати сайтида ("Адолат" СДП (adolat.uz 13.07.2021) Дарахтлар ҳаётимизда муҳим роль ўйнайди” деб номланган мақола эълон қилган эдим. Унда дарахтлар ҳаётимизда қанчалик муҳим роль ўйнашига, уларнинг аҳамиятига, карбонат ангидридни биз нафас олувчи кислородга айлантириб бериши, иссиқ кунда салқинликни ҳадя этиши, баъзи дарахтларнинг саломатлик учун фойдали бўлган ширин мевалари истеъмол қилинишига эътиборни қаратган эдим.

Шунингдек, дарахтлар шаҳар ҳароратини қандай сақлаши, дарахтлар, бошқа ўсимликларнинг барглари ва шоҳлари ёз ойларида қуёшдан келаётган иссиқлик қувватининг фақат 10-30 фоизини пастга ерга ўтказиши, натижада ер устида ҳарорат мўътадил бўлишига, шундай фойдали бўлган неъматни асрашга чақирган эдим...

Қадимдан кўчат экиш, боғ яратиш халқимизга хос эзгу қадриятлардан саналишини,  оталарнинг фарзандига атаб дарахт экиши ҳам авлоддан-авлодга ўтиб, қадрият даражасига кўтарилганини, мустақиллик йилларида эса шаҳар ва қишлоқларимиз, корхона ва ташкилотлар, муассасалар, айниқса таълим масканлари ва ўқув юртларида кўчат экишдек эзгу анъана шаклланганини бир кекса сифатида ёд этгандим. Яъни, шу  даврларда ҳам ҳукумат даражасида кўчат экишга эътибор қаратиб келинганига, бугунги кунда эътибор янада кучайганини эътирофга сазоворлигини эсладим.

Юқорида қайд этган мақоламда экологияга эътибор, дарахт экиш, парвариш қилиш ва ноқонуний кесишга оид бир қатор муаммоли масалалар ва унинг ечими бўйича таклифлар билан чиққан эдим. Унинг деярли барчасига Президентимиз қабул қилган қарорларида ва селектор йиғилишларидаги топшириқларидаги ечимлар орқали аниқ ижобий жавоблар олдим. Мен уларни қисқача партиядошларимиз ва фуқаролар учун маълум қилиб, ижросидаги жараёнларда биргалашиб, фаол иштирокчи бўлишга чақиришни лозим деб топдим.

Жумладан, Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги  қарори билан мамлакатда экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш, қулай экологик ҳолатни барқарор сақлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини таъминлаш ҳамда соҳада содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада жадаллаштиришга қаратилди.

2 ноябрь  2021 йилдаги Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида,  аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор  йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилиб, унда дарахт экиш бўйича долзарб 40 кунлик” эълон қилиниб, йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилди. Манбаhttps://yuz.uz/news/atrof-muhitni-muhofaza..

Видеоселекторда Президентимиз Шавкат Мирзиёев – “Шунча йилларда “қоғозда” экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди. Тизим, қаров бўлмагани учун экилганининг ҳам кўпи қуриб кетди. Бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экишни давлат сиёсати даражасига кўтараяпмиз. Шунинг учун бу умуммиллий лойиҳани пухта тайёргарлик билан, пули, эгаси, суғориш тизими билан амалга ошириш керак”, – деди.

Шу боис, биринчи навбатда, мавжуд ва янгидан барпо этиладиган яшил майдонларга туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори билан масъул белгиланди. Улар дарахтларни парваришлаш билан бирга, ушбу ҳудудни обод сақлашга ҳам жавоб беради.

Ободонлаштириш бўлимлари махсус техника билан таъминланади, зарур жойларда суғориш тармоқлари барпо этилади. Экология, дарахт экиш ва парваришлаш масалаларига ҳокимларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари масъул бўлади.

Давлатимиз раҳбари ушбу савобли ишда ҳар бир ташкилот, ҳар бир   фуқаро ўз ўрнини топиши кераклигини таъкидлади.

Кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар уй-жой мулкдорларига яшил майдонлар барпо этиш учун бириктирилиши ва у ерда қурилиш қилишга рухсат берилмайдиган, муассасалар ҳовлиси, маҳаллалар, йўл ва дала четларига дарахтлар экилиши мумкинлиги қайд этилди.

Йиғилишда 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига ҳокимлар билан бирга, ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитига мос кўчатларни кўпайтириш ва етказиб бериш вазифаси қўйилди. Бунинг учун, қўмита ҳузурида “Яшил ҳудуд” унитар корхонаси ва ҳар бир вилоятда унинг филиаллари ташкил этилди.

Йиғилишда суғориш тизимини янгилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳокимларга ирригация тармоқлари қуриш, қудуқлар қаздириш ва томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Кўчатчиликни ривожлантириш, кам сув талаб қиладиган дарахт навларини кўпайтириш чоралари белгиланди.

ОАВлари юқоридаги қарор ва йиғилиш топшириқларини ижросини таъминланиши ҳақидаги ахборотлардан, Президентимиз ташаббуси билан юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида республикамиз вилоят ва  туманилар аҳолиси ҳам фаол иштироки ҳақида яхши хабардормиз.

Жойларда ҳудудлар иқлимига ва ер шароитига мос бўлган кўчатлар экилди. Вилоятларда, шу жумладан, Тошкент шаҳридаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида, йўл четларига, корхона, ташкилот, муассасалар ҳовлисига, хиёбонларга, аҳоли томорқаларига “долзарб 40 кунлик” доирасида кўчат экиш, яшил майдонлар  барпо қилиш борасидаги ишлар уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Автомобил йўллари ёқасига турли манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Экилаётган кўчатларнинг барчаси томчилатиб суғориш технологияси асосида суғориладиган бўлди.

Мазкур акциялар барчага кўтаринки кайфият, руҳий озуқа бахш этади, десак асло муболаға бўлмайди. Унда яшил табиат ривожига ҳисса қўшаётган ҳар бир қатнашчининг юзида ҳис-ҳаяжон ва қувонч шундоққина акс этиб турибди.

Айниқса, ёшларнинг фаоллигини айтмайсизми?! Бири дарахт учун ер қазишга кўмаклашган, бири челак-челак сув ташиган, яна бири арча тагига тупроқ тортяпти… Бунинг ҳам ўзига хос гашти бор… Четдан кузатиб туриб кишининг баҳри дили очилади. Зеро, уюшқоқлик, ҳамжиҳатлик бор жойда, албатта осойишталик, файзу барака бўлади.

Кўчат экиш пайтида мутахассислар ёш авлодга кўчатлар, ҳақида қисқа маълумот ҳам бериб ўтдилар. Жумладан, дарахтлар ҳам борки, инсонга куч-қувват бахш этса, айримлари қон босимини маромига келтириб, юрак ва асаб тизими фаолиятига яхши таъсир кўрсатади. Дарахтлар атрофнинг санитария-гигиена ҳолатини яхшилайди, кучли шамолларни қайтаради, ўзидан зарарли микробларни ўлдирувчи фитонцидлар ишлаб чиқаради.

Ажаб эмас, юқоридаги тадбир ўқувчи-ёшларнинг экологик маданиятини ошириш, уларни табиатга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилган бўлса…  Одамлар ҳам ён-атрофи, маҳалласида экилган ниҳолларга эътиборли бўлиб, парваришлаб турса,  ҳам қанчадан-қанча  дарахтларни сақлаб қолган бўламиз.

2 февраль 2022 йилдаги чиқиндилар билан ишлаш тизимини ташкиллаштириш ва худудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умумий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида, Умуммиллий “ЯШИЛ МАКОН” лойиҳаси доирасида: жорий йилнинг баҳор мавсумида 125 млн. дона дарахтлар кўчатлари  экиш самарали ташкил этилиши белгиланди;

Ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, уларни етарли миқдорда етиштириш учун кўчатхоналар кўпайтирилади;

“Дафтарлар"га кирган, кўчат экиш бўйича тажрибаси бор аҳолига кўчатхоналар ташкил этиш ва зарур техника, сифатли ниҳоллар ва уруғлар харид қилиш, кўчатлар етиштириш учун субсидиялар ажратилади;

Кўчатларни етказиб беришда очиқ-ошкораликни таъминлаган ҳолда, уларнинг нархи асоссиз ошиб кетмаслиги устидан қатъий назорат ўрнатилади;

Камида 10 млн. дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари аҳолига бепул тарқатилади;

Халқаро ва республика аҳамиятидаги йўлларнинг четларига 1,5 млн. дона дарахтдан ихотазорлар ташкил этилади.

1 мартдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб “ЯШИЛ ЙИЛЛИК” УМУММИЛЛИЙ ТАДБИРИ бошланади.

► ШУНИНГДЕК:  Дарахтларни парваришлаш, суғориш, зараркунандалардан ҳимоя қилиш бўйича тизим яратилади; Ҳақиқий экилган кўчатлар ва уларни парвариш қилиши тизими назорат қилиб борилади; Аукционда сотувда турган  35 минг ер учаскалари ҳатловдан ўтказилиб, улардаги кўп йиллик ва қимматбаҳо дарахтлар реестри шакллантирилади;

Мобиль экопатруллар фаолияти йўлга қўйилади.

Ўзбекистонда дарахтларни кесишга муддатсиз  мораторий. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев дарахтларни ноқонуний кесишдан ҳимоя қилиш мақсадида Фармонга имзо чекди. Унинг доирасида дарахтларни ноқонуний кесишдан ҳимоялаш мақсадида янги чоралар белгиланди. Хукумат атроф-муҳитни қай тарзда ҳимоялаши билан танишиб чиқайлик.

Янги чораларга қаторида - қора мақсадда - ёғоч кесувчилар, қурувчилар, кенг қамровли ирригация тизимини таъмирлаш тизимига шунингдек, дарахт экиш қоидасини бузувчиларга фото ва видео далиллар асосида муддатсиз моратория эълон қилинади ва жарима ва келтирилган зарари миқдори оширилади.

Дарахтлар экиш қоидаси.

Қонуний асосда мамлакатда давлат ўрмон фондидан ташқари, қимматбаҳо дарахтларга таркибига муддатсиз моратория киритилади. Давлат ўрмон фондига кирмаган, дарахтларни кесиш, қимматбаҳо дарахт ва буталарни кесиш, кавлаш, шикастлаш, йўқ қилиш билан боғлиқ, давлат фармойиши, баёни, ёзма топшириқлари, идоравий ҳужжат ва жойларда ижро ҳукумати қарорлари қабул қилиш  қатъиян ман этилади.

Маъсулликни ошириш. Ноқонуний кесувчиларни учун: маъмурий жарима беш марта оширилади.

Ноқонуний кесиш ва дарахтларга шикаст етказган зарар миқдорига ундирилиши икки баробарга оширилади. 

Бундан ташқари, уч ой давомида дарахтларни ноқонуний кесиш, кавлаб ташлаш, шикастлаш ва йўқотиш, кўчириб экиш, қуриб қолишига йўл қўйишга янги жавобгарлик белгилаш бўйича лойиҳа институтларини лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашни кўзда тутувчи янги қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди.

Қурувчилар жавобгар бўлади. Яна бир муҳим меъёр – моратория талабларини бузган пудратчи ташкилот (яъни, дарахтни кесган) қурилиш ташкилотининг даражаси (рейтингги), Миллий маълумот тизимида “Очиқлаган қурилиш” даражаси бир поғона туширилади. Бунда: қурилиш-подряд ташкилотининг даражаси (рейтингги), бир поғона пасайтирилган (рейтинг баҳоси) бир йилга маҳрум этилади.

Қурилиш-подряд ташкилотининг даражаси, бир поғона пасайтирилган (рейтинг баҳоси) бир йилга маҳрум этилганда, уни йил давомида тиклаши мумкин бўлмайди.

Лойиҳанинг ечими. Ер сатҳидан (умумий майдондан) 12 метр юқорида ва (ёки)  500 квадрат метр майдонга эга бўлган, янги бино ва иншоотлар қурилишини лойиҳалаштирилганда, кўкаламзорлаштириш учун (дарахтлар, буталар, ва бошқа ўсимлик ва кўчатлар билан) унга боғлиқ майдонда лойиҳа бўйича ер участкасини  худудида (маънавий эскирган бинони ва иншоотнинг реновацияси ва фойдаланиш муддати тугагандан истисно) 25 фоизидан кам бўлганда майдон ажратилмайди.

Фото ва видеоси учун тўланади. Ҳуқубузарлик далиллари учун фото ва видеоёзувлар жўнатган шахслар, тасдиғини топган ҳолатда ҳар бир ҳолат бўйича айбдорнинг маблағи эвазига, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир миқдордаги (270 минг сўм)  пул мукофоти билан мукофотланади.

Маълумотлар ҳуқуқбузарлик тегишли органлар орқали аниқланган тақдирда, мукофотлар берилмайди. Мукофот биринчи хабардор қилганга қўлланилади. Ҳукуматга маълумот берган шахсларни ҳуқуқбузарлик  ҳақидаги далилларини ҳақида ошкор қилмайди.

Кўкаламзорлаштириш. Эндиликда кўчатларни, шу жумладан, 5 ёшдан кичик бўлган кўчатларни суғориш тизими бўлмаган ерларга экиш ман қилинади. Бир турдаги дарахтлар ва буталар экиш йўли билан “каштан дарахтли”, “чинар дарахтли” кўчатлар кўргазмали кўчалар ташкил этишга эътибор қаратилади.

Ирригация. Ш.Мирзиёев барча туман (шаҳар)ларда ирригация ва типовой таркибидаги суғориш тизимларини самарадорлигини оширувчи туман(шаҳар) хокимлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ирригация, қурилиш ва уй-коммунал хизмати бошлиқларидан иборат  гуруҳлар ташкил этиш топшириғини берган.

Ишчи гуруҳларига (шаҳар) туман марказларида икки ой ичида, тиклаш ва суғориш тизимлари объектларини, ариқларни ҳам насослар, қудуқлар, водопровод орқали суғориш трубалари  ва ер ости сувлари скважиналарни аниқлаш ҳамда ободонлаштириш, тозалаш, инветаризация қилиш ва жорий таъмирлаш топширилган.

Дарахтларни ҳисобини юритиш. 1 марта 2023 йилгача  Тошкентда, Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Андижон ва Жиззах вилоятларида, дарахтларни тўлиқ рўйхатдан ўтказиш (инвентаризация), 1 сентябрь 2023 йилгача эса  — в Қорақалпоғистонда ва бошқа вилоятларда тугаллаш белгиланган.  (Узбекистан, Ташкент — АН Podrobno.uz.).

Менинг дарахт экиш, парваришлаш, кесишга оид кўп йиллик кузатувларим асосида, тайёрлаган ва Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига йўллаган таклифларимнинг аксарият қисми қабул қилинибди. Унга қўшимча яна қуйидагиларни таклиф қиламан, жумладан: мамлакатимизда дарахтларни экиш ва кўчириб экишда қўлланиладиган замонавий техникаларни учратмадим. Ҳолбуки, аллақачон бундай қурилмалар яратилган ва қўлланилиб келинади. Шунинг учун катта ёшдаги дарахтларни кўчириб экиш, қуриб қолган, шикастланган ва зараркунандалардан зарарланган дарахтлардан, қурилиш ва бошқа зарариятларга кўра, қонуний дарахтларни кўчириш амалиёти қўлланилмай келинади.

Назаримда, бу камчиликни ҳал этиш, қуйидаги техникаларни ўрмон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги, шаҳар ободонлаштириш хўжаликларини таъминлаш, бу ишларини қўл кучи билан амалга ошириш қийинчилигини механизмлар билан бажаришга шароит яратар эди. Дарахтларни илдизини шикастламай, тупроғи билан бир жойдан иккинчи жойга кўчириш, хато бўлган дарахтзор қаторларини тўлдиришга кенг имконият бўлар эди.

Дарахтларни кўчириб экиш, (экиш), кавлаб олиш машина, ускуналари. Бу осма қурилма бўлиб, юк машинаси, трактор, погрузчикка ўрнатилади. Энг яхши ишлаб чиқарувчилар Россия, Белорусь, Германия, Италия, Канада, АҚШнинг таниқли компанияларининг савдо маркалари БЛЮМИНГ, МРМЗ,  Dutchmaster, Dutchaman, Erskine, Holmac, Optimal Opitz. Уларнинг катологлари (Каталог техника для пересадки (посадки) жадвал шаклидан фойдаланиб, танлаш мумкин.

Жумладан, расмдаги МПД-1800 дарахтларни кўчириб экиш Коханов ОАЖ экскаватор заводининг лопаталарининг кесиш блоки максимум диаметри - 1,8 метр. Кавлаш чуқурлиги -1,2 метр. Қурилманинг оғирлиги – 15000 кг. Ковшига сиғиш геометрияси - 1,4 м3. Қайта экиш ишлаш цикли – 300 секунд.

Расмда йирик дарахтларни кўчириб экиш ва экиш учун техникаси. Ўрмон, питомникларда, шаҳарларда ободонлаштириш хўжаликларида фойдаланиш учун  КАМАЗ, МАЗ, Урал автомашиналарига, ҳамда МТЗ тракторларига  ускуналари, махсус осмали, дарахтларни тупроғи илдизи билан ўпириб оладиган ва шу ҳолатда керакли манзилга етказиб экадиган қурилма. Ушбу сайтда: https://aneg.kz/catalog/peresadchiki-derevev/peresazhivatel-derevev-traktornyy-bystron/ .

Шу билан бирга ҳар кўчат ва катта ёшли дарахтнинг ўсиши давомида, қуриб қолишини алмаштириш учун заҳира кўчатзорлар ташкил этиш керак. Токи кўчат экиш мавсумий иш бўлмай, мавсумларнинг исталган пайтида экиш ва алмаштириш экиш мумкин бўлсин. (https://aneg.kz/catalog/peresadchiki-derevev/peresazhivatel-derevev-traktornyy-bystron/).

Дарахтларни рўйхатга (инветаризациясида) олиш хориж тажрибаси. Бу борада хорижий тажрибани ҳам ўрганиб, жорий этиш керак. Масалан, Нью-Йоркда  ҳар бир дарахт учун персонал  карточка тайёрланар экан ва у орқали дарахт тўла назорат қилинаркан. Дарахтлар Нью-Йорк бюджетини йилига 11 млн долларга тежаши маълум бўлган.

Нью-Йоркнинг барча дарахтлари харитага киритилган ва уларнинг иқтисодий фойдаси ҳисоблаб чиқилган. Паркларни ҳисобга олмаганда шаҳарда 675 781 дарахт бўлиб, улар Нью-Йорк бюджетини йилига 11 млн долларга тежаган. Аrchspeech нашри шу ҳақида хабар берган. 

Ҳар бир дарахтнинг ўз рақами ва интернетда саҳифаси бор экан.

NewYorkCityStreetTreeMap сайтида барча дарахтлар учун персонал карточка тайёрланган. Дарахт тури, сурати, тана диаметри ва аниқ координатлари кўрсатилган.

Карточкалар назорат белгиси бўлиб, дарахт билан боғлиқ муаммо ҳақида хабар қилиш ёки аксинча унинг кесилишига доир маълумотларни киритиш мумкин экан. Муайян дарахтларни кузатиш учун аҳоли уларнинг персонал рўйхатини тузишар ва ижтимоий тармоқларда бўлишар экан.

Манбада таъкидланишича, бир дарахт шаҳар бюджетини ўртача 165 долларга яқин тежамоқда. 

Дарахт карточкасида унинг иқтисодий фойдаси тўрт кўрсаткичга мувофиқ ҳисобланмоқда: дарахт қанча ёмғир сувини фильтрлади, қанча электр энергиясини сақлаб қолди, ҳавони тозалади ва диоксид азот миқдорини пасайтирди. Барча формула ва пул ҳисоб-китоблари АҚШ Ўрмон ҳўжалиги бошқармасининг i-Tree калькуляторидан олинмоқда. Тизимга сайтда алоҳида изоҳ берилади.

675 мингдан зиёд дарахт ҳаммаси бўлиб йилига 285 тонна карбон диоксидини ютади, 3,7 млрд. литр сувни фильтрдан ўтказади ва 676 млн кВт/с электр энергиясини сақлаб қолинади. 

Маълумотлар аҳоли томонидан тўпланган. Дастур Парклар ва дам олиш масканлари департаменти томонидан шаҳар аҳолисини табиат ҳақида қайғуриши ва экофаоллар жамиятини тузишга жалб қилиш мақсадида ишга туширилган.

Ушбу тажрибани чуқур ўрганиб, жорий этилса самарали услуб деб ҳисоблайман.

Эслаб ва амалий ҳисса. Ҳеч эсимдан чиқмайди, Тошкент вилояти “Маҳалла” жамғармаси раиси вазифасида фаолият юритган пайтларим  эди. Кўчат экин мавсуми охирлаб бораётган кунларнинг бирида, эрталаб хизматга бораётганимда, менга телефон қўнғироғи бўлиб, тезда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига Бош вазир қабулига етиб келишимни айтишди. Шу даврда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев эди. У киши мени қабул қилиб, “Тошкент вилоятида кўчат ва гуллар экиш режаси мўлжалга етарлича бўлмабди, Сиз яна қўшимча дарахт ва гул кўчатлари экилишини ташкил этсангиз ва менга натижаси ҳақида маълумот бериб, турсангиз” деб топшириқ бердилар. 

Мен топшириқни маъсулиятини ҳис қилиб, тезда ишга киришиб, деярли кўчатлар экиш мавсуми тугаётгани ва кўп миқдорда кўчатлар топиш имкониятлари қолмаганига қарамай, узоқ Сурхондарёдан арча, терак, мевали дарахтлар кўчатлари, Шредер боғдорчилик илмий-текшириш институти хўжаликларидан гуллар олиб келтиргизиб, вилоятнинг туманларига тарқатиб, қўшимча кўчат ва гуллар экилишини  ташкиллаштириб, топшириқни ошиғи билан бажариб, натижаси бўйича хабардор қилиб турган эдим.

Шунингдек, пенсияга чиқиб, Тошкентдаги “Камолон Дарвоза” маҳалласига  раислик қилган пайтида маҳаллада кўкаламзорлаштириш ишлари мақсадида Бўстонлиқ, Тошкент туманларидан турли манзарали ва мевали кўчатлар келтириб, маҳалла аҳолисига бепул тарқатиб, хонадонлари атрофига, ҳовлисидаги бўш ерларга экишларини ташкил қилдим, мана ҳозир шу кўчатлар катта дарахт бўлиб, кўчага соя ва мева бермоқда.

Қишки боғ яратиш. Ҳозир пенсияда бўлсамда, ҳовлимиздаги мевали дарахтлар, сабзовот полиз экинлари ва кўчамизга арча дарахтлари парваришлашга бош-қош бўлиб келаман. Ёшим катталашган сари боғ яратиш, хонадонда гуллар ўстиришга яна ҳам қизиқишим ортди. Оиламиз билан ҳовлимизда мевали дарахтлар, узум етиштириш, иссиқхонада цитрус ўсимликлари, қулпунай, памидори, бодринг етиштириш учун 2020 йил мўжазгина “қишки боғ” яратишга ҳаракат қилдик.

Ҳовлининг бир қисмида иссиқхона ташкил этдик. Қиш давомида парвариш қилиб, оиламиз билан ҳамма имкониятларни ишга солиб, қараб, памидори, бодринг, лимонлар, апельсин кўчатларини ўстириб, биринчи ҳосилни олишга муяссар бўлдик. (http://adolat.uz/news/shadimetovlar-honadonining-qishki-bogi-fotomuhbir-va-odamlar-nigohida1). Афсуски, 2021 йил баҳоридаги қаттиқ совуқ, плёнка остидаги барча ўсимликни совуқ уриб кетди ва бу йил плёнкаларни йиғиштириб, узум етиштириш учун ишкомга айлантирдик.

Маълумки, мамлакатимизда кейинги йилларда ўсимликлардан қишин-ёзин ҳосил олинишига катта эътибор берилмоқда. Катта-катта ва кичик иссиқхоналардан кўп миқдорда ҳосил олинмоқда. Аммо уларни иситишда қийинчиликлар мавжуд, ўтин-кўмир ва айримлари табиий газ билан иситилади. Қишнинг қаттиқ совуқ пайтлари, газ тормоғига уланган иссиқхоналар узиб қўйилади ва ўтин-кўмир ёқишга мажбур бўлишади ёки иситишни иложини топаолмай совуққа олдириб қўйган ҳоллари ҳам учраб туради.

Қишлоқ шароитда бундай иссиқхона ташкил этишга имкониятлар кенгроқ, ўтин, ғўзапоя, тезак, кўмир каби ёқилғилардан фойдаланишади. Лекин бу ўтин турларидан шаҳар ҳовлиларида кичик мўжаз иссиқхоналарда фойдаланиш қийин, торгина ҳовли майдони, қўни-қўшнига тутун, ўтин-кўмир ва бошқалар атроф-муҳитни  кучли ифлослантиради.

“Адолат” партиясидаги фаолиятим давомида ва шу кунгача “Ихлос Бизнес Барака” ва “Экоравнақ” МЧЖларнинг тадбиркорлари билан ҳамкорликдаги тажрибаларимиз асосида,  гўнг ва маиший чиқиндилардан маҳаллий шароитда биогаз (метан) ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ундан иситиш, электр энергияси олиш мумкин. Иссиқхоналар, уй хўжалигида фойдаланиш мумкин.   

Чорвачилик билан шуғулланадиганлар фермаларида, хонадонида чорва моллари бор оилалар, биогаз қурилмаларидан фойдаланиб, қайта ишласалар, олинган биоёқилғи эвазига иссиқхоналарини иситиши ва биоўғит олишлари ҳамда электр энергияси сифатида фойдаланишлари мумкин.      

Шаҳарларнинг чека қисмларида ҳовлиларнинг майдони катта ундан унумли фойдаланиб, мевали дарахтлар экиб, иссиқхоналар ташкил этиб, мева-сабзовот етиштириш мумкин. Бу борада хонадонларнинг иқтисод қилинган табиий газ ҳисобига иссиқхона иситишга рухсат этилиши, ҳовлилардаги ерлардан ҳам унумли фойдаланиб, қиш фаслида ҳам ҳосил олиш, ўз оиласи ва маҳалласи аҳолисини мева-сабзовот билан таъминлашга ҳисса қўшишлари мумкин бўлар эди.

Камолжон ШОДИМЕТОВ,
и.ф.н., Экология, инсон ва табиат

хавфсизлиги фанлари Академияси академиги,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фахрийлар Кенгаши раиси

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+