Темурий маликаларнинг ибратли ҳаёт йўли

03.08.2022 10:08:19

Шоҳида ШАКИРОВА,

филология фанлари бўйича

фалсафа доктори (PhD)

«Тараққиёт стратегияси» маркази

таржимон-муҳаррири

Тарихдан маълумки, Соҳибқирон Амир Темур одоб-ахлоқ, иймон-эътиқод, таълим-тарбияда юксак мақомга эришган сиймолардан бири бўлган. Унинг ибратли ҳаёт йўли ва доно ўгитларидаги мантиқнинг кучлилиги, айниқса салтанатининг умуминсоний қадриятлар асосига қурилганлиги кишини ҳайратга солмай қўймайди.

Амир Темур соғлом оила ва фарзанд тарбиясини давлат аҳамиятига молик масала, деб қараган. Айниқса, унинг «Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим[1]. Келин бўлмиш насл-насаби, обод-ахлоқи соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан ҳоли бўлсагина эл-юртга катта тўй-тамошо бериб, келин туширдим» деган фикрлари неча асрлардан бери фарзандларини уйлантирувчи ота-оналар учун дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Амир Темур қизларни ёшлигиданоқ яхши тарбиялаш, уларнинг соғлом, ширинсўз бўлишига эътибор берган. Қизларнинг ҳар томонлама гўзал бўлиши ва мустаҳкам оила қуриши, туғилган фарзанднинг соғлом, бақувват ва кўркам бўлиши муҳимлигини кўрсатган. Соҳибқирон қизларнинг покизаликка, либосларини озода тутишга ва ҳозиржавоб бўлишига, нозик ва маданиятли, ширинсухан, сабрли бўлишига эътибор қаратган. Шу жиҳатдан ҳам темурий маликалар дунё ҳавас қилса арзигулик аёллар бўлишган. Улар ҳар қандай қийинчиликларни иродаю матонат билан енгиб ўтишган.

Фарзандлари соғлом юртнинг эртаси улуғ, мақсади равон бўлади, деб бежизга айтилмаган. Биз оилани – ҳаёт давомийлигини таъминлайдиган, келажак авлод тақдирига энг кучли таъсир кўрсатадиган тарбия маскани сифатида қабул қиламиз. Бунда катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, одамийлик, меҳр-оқибат, Ватанига, халқига садоқатли бўлиш каби олижаноб фазилатлар, айнан оилада шаклланади. Шу боис ҳам оиланинг соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишдаги аҳамияти беқиёсдир.

Халқимизда, «Фарзандларни кўриб оналарнинг илму тарбияси, нафосату онгини англарсиз», деган нақл бор. Қизларни ҳар томонлама илмли, маърифатли қилиб тарбиялаш билан бир қаторда, уларни янги ҳаётга тайёрлаш, турмуш ва муомала маданияти, одоб-ахлоқнинг нозик қирралари билан таништириб бориш зарур. Чунки оила она бош тарбиячи ҳисобланади.

Француз-швейцариялик файласуф, маърифатпарвар ёзувчи ва мутафаккир Жан Жак Руссо «Илк тарбия ҳамма нарсадан муҳим бўлиб, у шубҳасиз аёллар зиммасидадир», деган фикрни ўз даврида ёзиб қолдирган ва у бунда нақадар ҳақ эди. Онанинг дунёқараши қанчалик кенг бўлса, фарзанд олам тўғрисида кўпроқ маълумотга эга бўла олади. Табиатидаги энг нозик, энг гўзал фазилатлар, аввало аёлдан бошланади.

Шу боисдан ҳам халқимизда юксак маънавиятли, билимли ва салоҳиятли оналар тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Бу борада темурий маликаларнинг заковати ва оқилалигидан ҳар қанча ибрат олса арзийди.

Кунларнинг бирида Амир Темур жангу жадал билан олинган мамлакатлардан бирининг аҳолисини итоат қилдира олмай ташвишга тушиб қолади. Вазиру уламолар билан кенгаш тузиб, турли хил чораларни қўллайди. Аммо халқ бош эгмайди. Шунда соҳибқирон узоқ Самарқандга, оқила рафиқаси Сароймулкхонимга чопар орқали мактуб йўллайди. «Соҳибқирон анчадан бери севикли хотинини кўрмаган эди, унга атаб чиройли ғазал битганмикин», деган ўйда чопар мактубни очади. Ўқисаки, унда ғазал эмас, «Ишғол қилган мамлакатимнинг» халқини итоат қилдиришнинг ҳеч иложи бўлмаяпти, нима маслаҳат берасиз?» деган сўзлар ёзилган эди.

Оқила Сароймулкхоним мактубнинг очиб ўқилганлигини дарров пайқайди. «Агар жавоб ёзсам, бу жонидан тўйган яна очиб ўқиши турган гап. Шундай қилишим керакки, айтадиган гапимни соҳибқиронга ўз оғзи билан етказсин, аммо нима деганини ўзи англамасин», деб ўйлаган зукко Малика хизматчиларига фалон ердаги чакалакзорнинг дарахтларини битта қолдирмай кесиб ташланглар, деб буйруқ беради ва чопарни улар билан бирга қўшиб юборади. Эртаси куни ўзи ҳам бориб, ерни яхшилаб текислатибдида, ёш ниҳолларни ўтқаздирибди. Бу ишлар тугагач, чопарни чақириб, йўлга чиқадиган вақтинг бўлди, энди отлан, дебди. Чопар ҳайрон бўлиб, жавоб мактубни сўрабди. Малика: «Бу ерда нимаики кўрган бўлсанг, шуни жаҳонгирга ҳикоя қилиб бергин» дебди. Амир Темур чопарнинг гапларини тингларкан, Бибихонимнинг нима демоқчи бўлганини дарров англабди. Англабдию чопарни жазолаш лозимлигини унутиб, дарров эгалланган юртнинг оқсоқолларини хизматдан бутунлай четлатиб, уларнинг ўрнига ёшларни тайинлабди ва мақсадга эришибди.

Темурий Малика тўғрисида айтилган бу каби тарихий ҳикоят ва ривоятлар нақадар ҳақиқатга яқин ёки узоқлигидан қатъи назар, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Сароймулкхоним буюк салтанатни бошқаришда соҳибқирон Амир Темурга маслаҳатчи ва кўмакчи бўлгани рост. У ўзининг ақл-заковати, дид-фаросати, фикрлаш доирасининг кенглиги билан Амир Темурнинг меҳру-муҳаббати, эътиборини қозонган ва саройда «Катта Хоним» яъни Бибихоним деган унвонга сазовор бўлган. Мамлакатни идора этиш, адолатли сиёсат юритиш, маданий-меъморчилик обидаларини қуриш, шаҳарларни обод этиш, маданий ва маънавий тараққиётда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган. У олий мажлисларда, қурултойларда сарой аёнлари билан тенг қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган.

Нақл қилишларича, Сароймулкхоним кунлардан бир кун ўз жамғармаси ҳисобига, савоблик учун худо йўлида бир мадраса бино қилдиришга эри Амир Темурдан ижозат сўрайди. Ҳукмдордан рухсат бўлгач, отаси Қозонхон томонидан совға қилинган бир жуфт олмос балдоғини сотувга қўйиб, бу маблағни мадраса қурилишига сарфлайди. Сароймулкхоним мадраса қурилаётган ерга тез-тез келиб иш бошқарувчиларга ўз фикр-мулоҳазаларини айтади. Мадраса қурилиши ниҳоясига етаётганда ҳам Сароймулкхоним одати бўйича ўз канизлари билан қурилиш майдонига келиб, устабошига бинонинг кам-кўстлари ҳақида кўрсатмалар беради.

Темурий маликаларнинг жамият ривожидаги фаол иштироки, бевосита Амир Темур томонидан қўллаб-қувватланар эдики, бу унинг аёлларга бўлган ҳурмати ва эҳтиромига яққол далилдир. Бу ҳақда тарихчи Жумабой Раҳимов шундай ёзади: «Амир Темур ҳарамидаги маликаларга шундай бир шароит ва имкониятлар яратдики, натижада улар ... ўзларининг ноёб қобилиятлари булоқдек отилиб чиқиб, салтанат ва жамиятга катта манфаат келтиришга хизмат қиларди. ...Амир Темурнинг алоҳида ҳурматини қозонган ва бош малика даражасига кўтарилган ҳамда Сароймулкхоним номи билан тарих зарварақларидан жой олган Бибихонимнинг Соҳибқирон билан кечган салкам ўттиз беш йиллик ҳаёти ибратомуз ва садоқат тимсоли бўлди. Бу умргузаронлик фақат шахсий муносабатлардан иборат бўлмай, жамият, давлат равнақи ва қудратининг юксалишига, халқ фаровонлиги гуллаб-яшнаши, шунингдек фан-маданият ривожига сафарбарликдан иборат мужассамлашув намунаси дейилса, унда бирор муболаға йўқдир. ... У давлат арбоби даражасидаги малика эди[2].

Сароймулкхоним ўз замонасининг ақл-заковат соҳибаси эди. У ғоятда саховатли аёл бўлиб, мамлакатнинг ижтимоий ва маданий қурилишларида, шунингдек, толиби илмларга ҳомийлик қилган.

Жаҳонгир саройида туғилган шаҳзодаларни ёшлигиданоқ Сароймулкхоним тарбиясига топшириш анъана бўлган. Унинг тарбиясини олган Шоҳруҳ Мирзо, Халил Султоннинг санъат ва адабиётга, Мирзо Улуғбекнинг илму фан ва адабиётга, мусиқага меҳр қўйиши фикримизнинг ёрқин далилидир. Бу анъана кейинчалик Бобурийлар даврида ҳам сақланиб қолди. Шоҳруҳ Мирзонинг хотини Гавҳаршодбегим, Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигорхоним, катта онаси Эсон Давлатбегим, опаси Хонзодабегим, Жаҳонгирнинг хотини Нуржаҳон, Шоҳ Жаҳоннинг қизи чизмачи-меъмор Жаҳонаро, Шоҳ Жаҳоннинг хотини Мумтоз Аржуманд Бону ва кейин яшаб ижод этган шоиралар ва оқила давлат арбобларини етиштиришган халқнинг юксак маданиятли бўлганлигини пайқаш қийин эмас.

Сароймулкхонимдан ибрат олган тарихда зукко ақл, теран зеҳни билан Бобурийлар салтанатида шуҳрат қозонган Гулбаданбегим, Жаҳон оро бегим, ўткир ақли ва мушоҳадаси билан ғазал мулкини бойитган Зебунисо, Нуржаҳонбегим, яъни Жаҳоннинг кўрки деган унвонга сазовор бўлган Меҳринисо, Мумтоз Маҳал саройда маслаҳатчи ва муҳрдорлик лавозимида ишлаган, 38 ёшида ўн тўртинчи фарзандини дунёга келтираётганида вафот этган, лекин ўзидан кейин суюкли умр йўлдоши Шоҳ Жаҳоннинг қалбида садоқат уруғини бир умрга қадаб кетган Аржумандбону ва бошқа Темурий маликалар ҳам фарзанд тарбияси бобида оламга ибрат бўлдилар.

Бу тарихий маълумотлар тарихчилар Шарафиддин Али Яздий, Ибн Арабшоҳ, Ҳафизи Абрў, Камолиддин Абдураззоқ Самарқандий ва бошқалар томонидан ўз асарларида ёзиб қолдирилган. Шунингдек, «Бобурнома», «Ҳумоюннома», «Шоҳ Жаҳоннома» каби тарихий асарлардан ҳам кўпгина маълумотларга эга бўлиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, жамият ва миллатнинг беқиёс ривожи, юрт равнақи, бевосита аёлнинг эътиқоди, садоқати, диёнати, ахлоқ-одоби, ҳалоллигига боғлиқдир. Аёлнинг иймони бут бўлса, фарзандларию, оила бошлиғига меҳри товланиб турса, бешик тепасида айтадиган аллалари шарқона бўлса, юртимиз яна улуғ алломалар юртига айланишига, асло шубҳа йўқ. Бу борада Темурий маликаларнинг ибратли ҳаёт йўлини тадқиқ этиш, ўрганиш ва ёшларга ўргатиш баркамол авлодни буюк аждодларга муносиб ворис қилиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

------------------------------------------------------------------------------

[1] Амир Темур. Темур тузуклари. Тошкент, Наврўз. 1992., 45-бет.

[2] Раҳимов Ж. Адолат ва қудрат тимсоли. - Т.: Ўқитувчи, 2017. – Б. 113-114.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+